Ўзбекистон | 19:02 / 18.11.2016
8271
7 дақиқада ўқилади

Президент сайловига доир қонунчиликнинг такомиллаштирилиши ва халқаро андозалар

Мамлакатимиз сайлов қонунчилиги, хусусан Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови босқичма-босқич, изчил ва умумжаҳон тамойиллари асосида такомиллаштириб борилмоқда.

Жумладан, 2015 йилда ўтказилган Президент сайловидан кейин шу йили 29 декабрда «Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида»ги қонунига ҳам бир қатор ўзгаришлар киритилди. Ушбу ўзгартиш ва қўшимчалар ҳақида тўхталадиган бўлсак аввало, қонунда бошқа давлатлар ва халқаро ташкилотлардан бўлган кузатувчиларга мандатлар Марказий сайлов комиссияси томонидан берилиши ҳақидаги норма мустаҳкамланди (5-модда 6-қисми).

Иккинчидан, айтиш лозимки қамоқда сақлаш жойларида сайлов участкаларини ташкил этиш имконияти "Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида", "Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов тўғрисида"ги қонунларга киритилган эди. Бу амалиёт Қонунчилик палатасига бўлиб ўтган сайлов вақтида, шунингдек, Марказий сайлов комиссияси қарорига асосан 2015 йилда бўлиб ўтган Президент сайловида муваффақиятли синаб кўрилди. Шу нуқтаи назардан Қонунда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш мақсадида қамоқда сақлаш жойларида суд ҳуқми чиқарилмаган шахсларнинг овоз беришига имконият яратиш учун сайлов участкалари тузилиши мумкинлиги кўзда тутилди (10, 11, 23-моддалар).

Учинчидан, ўтган сайловларда кузатилган айрим муаммолар ва қийинчиликларни бартараф этиш мақсадида фуқароларни сайловчилар рўйхатига киритиш тартибига сайлов кунига қадар ёки сайлов куни ўн саккиз ёшга тўлган, рўйхат тузилаётган вақтда муайян сайлов участкаси ҳудудида нафақат доимий балки вақтинча истиқомат қилган Ўзбекистон Республикасининг барча фуқаролари сайловчилар рўйхатига киритилиши белгиланди (21-модда 1-қисми).

Тўртинчидан, сиёсий партияларнинг сайловда қатнашишида енгиллик берилди. Яъни, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига кўрсатилган номзодни қўллаб-қувватловчи имзо варақалари жами сайловчиларнинг умумий сони камида 1 фоизининг (200 минг атрофида), камида саккизта маъмурий-ҳудудий тузилма намояндаси бўлган сайловчиларнинг имзосини қамраб олган бўлиши керак (242-модда, 5–қисми 5-хатбошиси). Илгари бу кўрсаткич 5 фоиз (1 миллион атрофида) эди.

Бешинчидан, сайловолди ташвиқоти тушунчаси мустаҳкамланиб (28-модда, 1-қисми), унга кўра, сайлов кампанияси даврида амалга ошириладиган ва сайловчиларни Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодни ёқлаб овоз беришга ундашга қаратилган фаолият сайловолди ташвиқоти ҳисобланади.

Олтинчидан, тараққий этган давлатлар қонунчилигида мавжуд бўлган сайлов куни ва овоз бериш бошланишига бир кун қолганда сайловолди ташвиқотига йўл қўйилмаслигига доир норма ҳам қонунчилигимизга киритилди(28-модда, 2-қисми). Яъни, “жимлик куни” ўрнатилдики бу сайловчиларга ким ва қандай сиёсий дастур учун овоз бериш масаласида аниқ бир қарорга келиши учун қўшимча имконият яратади.

Еттинчидан, ўтказилган сайловлар таҳлилидан келиб чиқиб, сайловолди ташвиқотининг самарадорлигини ошириш мақсадида Қонуннинг алоҳида моддаси билан уни олиб бориш турлари, шакллари ва усуллари белгилаб қўйилди (281-модда). Демак, сайловолди ташвиқотининг турларига Президентликка номзоднинг дастури ва (ёки) сайловолди платформаси тўғрисидаги ахборотни, шунингдек, номзод тўғрисидаги ахборотни уни ёқлаб овоз беришга даъват этган ҳолда тарқатиш киради.

Сайловолди ташвиқотини олиб бориш шакллари бу омма олдида мунозаралар, баҳслар, матбуот конференциялари, интервьюлар, сўзга чиқишлар, сайловчиларнинг йиғилишлари, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод тўғрисидаги роликларни жойлаштириш ҳисобланади.

Сайловолди ташвиқотини усулларига оммавий ахборот воситалари, шу жумладан, телевидение, умумий фойдаланишдаги ахборот-телекоммуникация тармоқлари (интернет тармоғи) орқали (282-модда), босма, кўргазмали, аудиовизуал ва бошқа ташвиқот материалларини (плакатлар, варақалар ва бошқа материалларни) чиқариш ҳамда тарқатиш орқали (283-модда), сайловчилар билан учрашувлар ўтказиш орқали (284-модда) амалга оширилади.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар, сиёсий партиялар сайловолди ташвиқотини олиб боришнинг қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа турлари, шакллари ва усулларидан ҳам фойдаланиши мумкинлиги белгилаб қўйилган.

Саккизинчидан, муддатидан олдин овоз беришнинг вақти, тартиб-таомиллари белгиланди (31-модда). Илгари сайлов куни истиқомат жойида бўлиш имконига эга бўлмаган сайловчи ўз истиқомат жойидаги участка сайлов комиссиясидан сайлов варақаларини талаб қилиб олиши, қарорга келиши ҳамда тўлдирилган сайлов варақаларини конвертга яширган ҳолда участка комиссиясига қолдириши мумкин эди. Қонуннинг ушбу қоидаси муддатидан олдин овоз бериш вақтини, шунингдек, тартиб-таомилини кўзда тутмасди. Шу муносабат билан муддатидан олдин овоз беришнинг аниқ тартиби белгиланиб, муддатидан олдин овоз бериш сайловга 10 кун қолганида бошланади ва сайловга 1 кун қолганида тугалланади, муддатидан олдин овоз беришни ўтказиш вақти округ сайлов комиссияси томонидан белгиланади ва сайловчиларнинг, кузатувчиларнинг, оммавий ахборот воситалари вакилларининг эътиборига етказилади, шунингдек, муддатидан олдин овоз беришни амалга ошириш учун сайловчи сайлов кунида бўла олмаслиги сабаблари (таътил, хизмат сафари, чет элга чиқиш ва ҳоказо) кўрсатилган ариза талаб қилинади, сайловчига сайлов варақаси участка сайлов комиссиясининг камида 2 нафар аъзоси ҳозирлигида берилади, сайлов варақаси махсус жиҳозланган яширин овоз бериш кабинасида ёки хонасида сайловчи томонидан тўлдирилади ва ёпиқ конвертда участка сайлов комиссиясида қолдиради. Конвертнинг елимланган жойига участка сайлов комиссияси 2 нафар аъзосининг ҳамда сайловчининг имзолари қўйилади.

Шуни алоҳида қайд этиш керакки, қонунчиликка киритилган мазкур янгиликлар олдинги сайловлар натижаларининг чуқур таҳлили, умумэътироф этилган халқаро стандартларга ҳамда ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси миссиясининг 2015 йилги Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови якунлари юзасидан берилган тавсияларига тўла мос ҳолда жорий қилинган.

Умуман олганда қонунчиликка қиритилган ушбу ўзгаришлар сайлов эркинлиги тамойилини рўёбга чиқариш, мамлакатимиз сайлов тизимини янада демократлаштириш ҳамда бўлажак давлат бошлиғи сайловини очиқлик ва шаффофлик тамойиллари аосида ўтишида муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

 

Фирдавс ШАРИПОВ

Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг

қилиш мустақил институти Сурхондарё вилояти

ҳудудий бўлинмаси раҳбари ўринбосари,

9-Сурхондарё округ сайлов комиссияси аъзоси

Мавзуга оид