Ўзбекистон | 18:45 / 25.11.2016
40306
10 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Тошкентда ҳал қилиниши лозим муаммолар ва келгусидаги лойиҳалар ҳақида

Фото: УзЛиДеП

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёев 24 ноябрь куни Тошкент шаҳри сайловчилари билан учрашди. Номзоднинг учрашувдаги нутқи тўлиқ ҳолда «Тошкент оқшоми» газетасида чоп этилган.

У ўз чиқиши аввалида Ўзбекистоннинг биринчи президенти, марҳум Ислом Каримовнинг ватан олдидаги хизматларини ҳамиша қадрлаш барча учун «фарз ва қарз» эканини таъкидлаган. Шавкат Мирзиёев минглаб ташаббускорлар томонидан Тошкент шаҳрида Ислом Каримов номидаги майдон барпо этиш ва унга биринчи президент ҳайкали ўрнатилиши бўйича таклифлар билдирилаётганини айтиб ўтиб, бу ташаббусни қўллаб-қувватлашга чақирган.

Олдиндаги вазифалар тўғрисида сўзлар экан Шавкат Мирзиёев халқ эркин овоз бериш, ўз хоҳиш-иродасини эркин билдириш орқали ўзининг эртанги куни, мамлакатнинг келгуси ривожланиш йўлини яна бир бор аниқлаб, тасдиқлаб олишини таъкидлаган.

Президентликка номзод Тошкент аҳолисининг маданият, санъат, фан, спорт, таълим, соғлиқни сақлаш ва бошқа соҳалар ривожига қўшган ҳиссаларини эътироф этган.

У замонавий ўзбек илм-фани тарихи ва тараққиётини албатта Тошкент шаҳрисиз тасаввур этиб бўлмаслигини, бугунги кунда Тошкент йирик илмий ва маданий марказ,том маънода маърифат ва маънавият, ёшлар ва талабалар шаҳри ҳисобланишини қайд этиб ўтган.

Шавкат Мирзиёев зиёлиларнинг меҳнати қанчалик оғирлигини яхши билишини айтиб, уларни ўзига яқин олиши, уларни жамиятни олға етаклайдиган фидойи инсонлар сифатида билишини таъкидлаган. У ўз сайловолди дастурида интеллектуал соҳа аҳлининг меҳнатини қадрлаш, уларнинг изланишларини рўёбга чиқариш учун зарур шароит яратиб бериш масаласи кенг ўрин эгаллаганини қайд этган.

«Мана, 40 йилдирки, менинг ҳаётим ва фаолиятим жонажон Тошкент шаҳри билан боғлиқ ҳолда кечмоқда. Айни шу азим шаҳарда олий таълим олдим, туз-насиба топиб, оилали бўлдим, фарзандлар, набиралар кўрдим, минг-минглаб дўсту биродарлар, маслакдошлар орттирдим. Қанча-қанча улуғ инсонлар билан мулоқотда бўлиш, биргаликда ишлаш бахти насиб этди. Қаерда, қайси вазифада ишламайин, пойтахт аҳлининг самимий муносабати, меҳр-оқибатини, қўллаб-қувватлашини доимо ҳис қилиб келаман ва бунинг учун яна бир бор барчангизга миннатдорчилик билдираман. Гўзал пойтахтимизда мустақиллик йилларида амалга оширилган улкан ишларда менинг ҳам камтарин ҳиссам борлигидан ҳамиша фахрланиб юраман», дея қўшимча қилган у.

Шавкат Мирзиёев шаҳарни ривожлантириш бўйича беш йиллик дастур ишлаб чиқилганини, унда асосий эътибор янги иш ўринлари яратиш ҳамда транспорт, уй-жой ва бизнес инфраструктурасини ривожлантиришга қаратилишини маълум қилди.

Хусусан, 2017 йилда пойтахтнинг марказий туманларидан бирида 70 гектар майдонга тадбиркор ва банклар томонидан 1 миллиард доллар маблағ ажратиладиган «Тошкент Сити» бизнес маркази қурилиши бошланади.

Номзод Тошкент шаҳрида бартараф этилиши лозим бўлган ва амалга оширилажак лойиҳаларни келтириб ўтган.

Тошкент шаҳрини келгуси беш йилда ривожлантириш бўйича ишлаб чиқилган иқтисодий дастурда, биринчи галда, ривожланган мегаполисларга хос бўлган, юқори технологияга асосланган, дунё бозорида рақобатдош саноат маҳсулотларининг янги турларини ишлаб чиқариш, замонавий хизматлар кўрсатишни ташкил этиш ва ахборот инфратузилмасини ривожлантириш ҳисобидан иқтисодий ўсишнинг юқори суръатларини сақлаб қолиш назарда тутилган.

Бу борада янги иш ўринларини яратиш энг устувор вазифамиз бўлиб қолади. Ҳисоб-китобларга кўра, Тошкент шаҳрида коллежлар, академик лицейлар, олий таълим муассасалари битирувчилари ва ишга муҳтож аҳоли учун муносиб иш ҳақи тўланадиган қарийб 80 минг янги иш ўринлари ташкил этишимиз лозим. Ушбу вазифани бажариш учун қуйидаги муҳим чора-тадбирларни амалга оширишимиз зарур.

Биринчидан, биз электротехника, машинасозлик, қурилиш-пудрат ташкилотлари, медицина хизматларини кўрсатиш соҳаларида фаолият юритаётган кичик бизнес корхоналари учун янги рағбатлантирувчи асослар яратамиз.

Шу борада бундай корхоналарда мавжуд имтиёзлардан фойдаланиш учун ходимларнинг йиллик сонини 120 тадан 240 кишигача оширишга имкон берадиган Ҳукумат қарори лойиҳаси ишлаб чиқилади. Бунинг натижасида ушбу тармоқларда жами 15 мингга яқин янги иш ўринлари ташкил қилинади, йиллик 1 триллион 600 миллиард сўмдан ортиқ қўшимча маҳсулотлар ишлаб чиқарилади ва хизматлар кўрсатилади.

Иккинчидан, маълумки, Тошкент шаҳрида банк ва молия институтларининг марказий идоралари фаолият юритади. Бинобарин, бу ерда банк хизматларининг турлари ва сифати бўйича ҳали ишга солинмаган катта имкониятлар мавжуд.

Шу сабабдан тижорат банклари томонидан тадбиркорларга арзон фоизли кредитлар бериш орқали уларнинг лойиҳаларини молиялаштириш ҳажмини кўпайтириш ҳисобидан қанча-қанча янги иш ўринлари яратиш мумкин. Мисол учун, Тошкент шаҳрида 22 та тижорат банки ва уларнинг 123 та филиаллари фаолият юритмоқда. Уларда 38 мингдан ортиқ мижозларга хизмат кўрсатилмоқда.

Агар тижорат банкларининг ҳар бир мижози томонидан қўшимча равишда камида 3 тадан иш жойи яратилса, Тошкент шаҳри бўйича қўшимча тарзда 114 мингта иш ўринлари яратилади.

Шу боис тижорат банклари томонидан 2017 йилда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлар учун қарийб 1 триллион 208 миллиард сўмлик, йиллик 9-10 фоизли имтиёзли ставкада микрокредитлар бериш дастури ишлаб чиқилади. 

Учинчидан, тадбиркорлик фаолиятини янада эркинлаштириш бўйича қабул қилинган ҳужжатлар, ўйлайманки, барчангизга яхши маълум.

Мамлакатимиз тадбиркорлари режадан ташқари ва муқобил текширишларнинг бекор қилинишини, бизнес юритиш учун дадил, қўрқмасдан шахсий маблағларини ишлатиш ёки мулкини гаровга қўйиш, иш ўринлари ташкил этиш, ўз оилалари ва ишчиларини даромад билан таъминлаш имконини берадиган янги қонуний нормаларни катта хурсандчилик билан қабул қилишди.

Бироқ, қабул қилинган бу нормаларнинг амалиётга тўлиқ татбиқ этилиши бизнинг асосий вазифамиз бўлиши зарур. Давлат ва назорат қилувчи органларнинг ҳар бир раҳбари ўз идораси ҳамда ходимлари томонидан тадбиркорларнинг қонуний ҳуқуқлари бузилиши учун шахсан жавобгар бўлиши лозим. Тадбиркорларнинг ишончини суиистеъмол қилишга бизнинг ҳеч қандай ҳаққимиз йўқ.

Бизнинг бош вазифамиз – тадбиркорликни ривожлантиришни рағбатлантириш учун энг қулай шарт-шароитлар яратишни таъминлашдир. Бизнес билан шуғулланаётган ҳар бир кишида давлат томонидан қўллаб-қувватланишига қатъий ишонч бўлиши шарт. Одамлар бизнес билан шуғулланишдан манфаатдор бўлиши зарур. Тадбиркор ва халқ бой бўлса – мамлакат ҳам бой бўлади. 

Тўртинчидан, ўтган йили электрон тизимлардан фойдаланган ҳолда бизнес учун 16 турдаги давлат хизматларини “ягона ойна” тизими орқали амалга ошириш ташкил қилинган эди. Бу бизнес учун сезиларли енгилликлар туғдириб, тадбиркорларни маълумотнома ва рухсат берувчи ҳужжатлар олиш учун амалдорлар кабинетларига ойлаб қатнаб, хонама-хона юришлардан озод қилди. 

Шу сабабдан, 2017 йилда соддалаштирилган “ягона ойна” тизими орқали кўрсатиладиган давлат хизматлари турлари 30 тагача кўпайтирилади. Бунда, ушбу жараёнларни амалда татбиқ этилиши бўйича назоратни кучайтириб, уларни бажармаганлик учун маъмурий жазолаш нормаларини киритамиз.


Барчамизга маълумки, Тошкент шаҳри юқори илмий салоҳиятга эга. Бироқ, ҳар йили ўтказиладиган инновация ярмаркалари туфайли илмий тадқиқотлар натижалари маълум бир даражада йирик саноат корхоналари томонидан фойдаланилса-да, кичик бизнес корхоналари томонидан деярли татбиқ этилмайди. 

Биз, амалий ва инновацион илмий тадқиқотларни тадбиркорлик фаолияти билан бирлаштириш имкониятини берувчи амалий механизмни ташкил этишимиз лозим. Бу эса, бир томондан, инновацион бизнесни ривожлантиришга имконият яратса, иккинчи томондан, илмий тадқиқотларнинг самарасини ошириш учун инвестициялар оқимини кўпайтиришни таъминлайди.

Шу муносабат билан Яшнобод ва Олмазор туманларида кичик бизнеснинг инновацион технопарклари ташкил этилади ва қиймати 102 миллиард сўм бўлган 285 та инновацион лойиҳа амалга оширилади. Натижада ташқи ва ички бозорда харидоргир бўлган 38 турдаги мутлақо янги маҳсулот ўзлаштирилади ва 6 минг 500 та янги иш ўрни яратилади.

Юқорида қайд этилган таклифлар ва ташаббуслар билан биргаликда Тошкент шаҳрида келгуси беш йилда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш соҳасида қиймати 2 триллион сўмдан ошиқ ва 156 миллион долларлик жами 281 та лойиҳани амалга ошириш режалаштирилмоқда. Жумладан:

- Бектемир туманида Универсал банк ва “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти томонидан қиймати 20 миллион доллар бўлган, йилига 1500 та юк ташиш вагонларини қайта таъмирлаш лойиҳаси амалга оширилади;

- Сирғали туманида “Асакабанк” ва “Ўзбекозиқовқатхолдинг” компанияси томонидан “Грин Ворлд” қўшма корхонасида йилига 25 миллион дона қадоқланган мева шарбатлари ишлаб чиқариш лойиҳаси йўлга қўйилади;

- Миробод туманида Миллий банк ва “Ўзфармсаноат” концерни томонидан “Нано Медик” корхонасида йилига 450 минг дона 9 турдаги дори воситаларини ишлаб чиқариш ташкил этилади;

- Шайхонтоҳур туманида “Капиталбанк” ва “Ўзэлтехсаноат” компанияси томонидан “Нур инвест технология” корхонасида 2 миллион дона энергия тежайдиган лампалар ишлаб чиқариш лойиҳаси ишга туширилади.

Шулар қаторида бошқа туманларда ҳам жами қиймати 4,8 триллион сўмлик 1650 та инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш назарда тутилмоқда. Бунинг натижасида 48 мингта янги иш ўрни ташкил этилади. Ушбу лойиҳаларни амалга ошириш учун тижорат банклари, тармоқ корхоналар раҳбарлари ва туман ҳокимларидан ташаббускорлик ва ташкилотчилик талаб қилинади.

Мавзуга оид