Ўзбекистон | 21:08 / 29.11.2016
24898
2 дақиқада ўқилади

Касаба уюшмалари тўғрисидаги қонуннинг янги таҳрири имзоланди

2016 йилнинг 28 ноябрида Ўзбекистон республикаси президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев «Касаба уюшмалари, уларнинг ҳуқуқлари ва фаолиятининг кафолатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартишлар киритиш ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунини имзолади.

Янги таҳрирдаги қонун 6 октябрь куни парламентнинг Қонунчилик палатасида маъқулланган, 12 октябрь  куни Олий Мажлис Сенатининг еттинчи ялпи мажлисида тасдиқланганди. 

Қонунга киритилган қўшимчалар халқаро ҳуқуқ нормалари ва Халқаро меҳнат ташкилоти тавсияномаларига кўра қабул қилинган. Хусусан, улар тадбиркорлар томонидан ёлланган ва хусусий секторда ишлаётган ишчилар ижтимоий-меҳнат ҳуқуқларини янада самаралироқ ҳимоя қилади. 

Якка тартибдаги тадбиркорлар ишлайдиган жойларда, шунингдек, тармоқлар ва ҳудудлар даражасида касаба уюшмалари ташкилотларини тузиш ва фаолиятини таъминлаш тартиби белгиланган. Касаба уюшмалари органларининг сайлаб қўйиладиган лавозимларига сайланиши муносабати билан ишдан озод этилган ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларига риоя қилиш кафолатлари кучайтирилган. Ходимларнинг меҳнат ва ижтимоий ҳуқуқларини ҳимоя қилишда касаба уюшмаларининг ролини оширишга қаратилган бошқа ташкилий-ҳуқуқий механизмлар мустаҳкамланган.

«Қонунда касаба уюшмаларининг иш берувчилар билан коллектив музокаралар олиб бориш ҳуқуқи ҳамда меҳнат қонунчилигининг амалда бажарилиши устидан жамоат назорати ўрнатиш ҳуқуқи мустаҳкамланган», — дейилган Касаба уюшмалари матбуот хизмати хабарида.

Ўзбекистон ишчилари ҳуқуқлари Касаба Уюшмалари Федерацияси томонидан ҳимоя қилинади. Федерация 14 соҳа, 14 ҳудуд ва 37 минг бирламчи касаба ташкилотларидан иборат. Бугунги кунда Касаба уюшмаларига 6 миллиондан ортиқ киши аъзо бўлган.

2015 йилнинг февралида Ўзбекистон Касаба уюшмалари Халқаро Касаба уюшмалар конфедерациясига аъзо бўлганди.

Мавзуга оид