Спорт | 10:54 / 02.12.2016
7148
2 дақиқада ўқилади

Флорентино Перес «Эл-класико»нинг аҳамияти ҳақида гапирди

Фото: ABC

Мадриднинг «Реал» клуби президенти Флорентино Перес «Барселона»га қарши ўйин олдидан бу қарама-қаршиликнинг аҳамияти ҳақида гапириб ўтди.

«Эл-класико» — оддий ўйин, деб айта олмайман. Бу жуда муҳим, аҳамияти юқори бўлган ўйин. Бу учрашув халқаро аҳамиятга эга, уни худди жаҳон чемпионати финалидек дунёнинг юз миллионлаб мухлислари томоша қилишади. Испаниянинг икки жамоаси шундай қизиқишни юзага келтира олгани ақлбовар қилмас ҳолатдир.

Албатта, Барселонада ғалаба қозонсак, бу жуда ёқимли иш бўларди ва бу жуда муҳим — навбатдаги 3 очко биз бу мавсумда ютмоқчи бўлаётган Ла-лигадаги ўрнимизни янада мустаҳкамлайди.

Зидан жамоани қабул қилиб олганидан кейин деярли 1 йил вақт ўтди. У бор-йўғи, чемпионатда ва Чемпионлар лигасида биттадан ўйинда ютқазди. 

Мен ҳар доим айтиб келганман, Зидан футболчи сифатида клуб тарихини ўзгартира олган, энди эса у мураббий сифатида жамоа ҳаётини ўзгартирмоқда. Зидан профессионаллик нуқтаи назаридан яхши иш олиб бормоқда. Зиданнинг жамоада обрўси бор — футболчилар уни ҳурмат қилишади. 

Биз Чемпионлар лигаси, УЕФА суперкубоги ва клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатида ғолиб чиққан ҳолда, 2014 йилги ютуқларимизни такрорлашни истаймиз. Бу бизнинг ҳозирги кундаги энг асосий мақсадимиз. Агар совринлар юта олсак, бу жамоа учун яхши бўлади, чунки биз юз йилликнинг энг яхши клуби бўлишни истаймиз.

Ҳозир мавсумнинг энг асосий соврини йўлидамиз. Жамоа кетма-кет 32та ўйиндан бери мағлубиятга учрамаяпти. Мағлубиятсиз ўйинлар серияси давом этади, деб ўйлайман. Чунки Зидан ва футболчиларни яхши биламан — улар тўғри йўлдан кетишмоқда», - дея Переснинг сўзларидан иқтибос келтиради Marca нашри.

Мавзуга оид