Жаҳон | 12:47 / 02.12.2016
12718
2 дақиқада ўқилади

«Прогресс» космик кемаси ҳалокати сабаби айтилди

Фото: «Роскосмос»

Россиянинг «Прогресс МС-04» юк кемасининг ҳалокатига уни ўзи билан олиб учган «Союз-У» элтувчи ракетаси йиғилиши вақтидаги камчиликлар сабаб бўлган. Бу ҳақда космик саноатдаги манбага асосланган ҳолда РИА Новости хабар берди.

Шу тариқа, айни вақтда ҳалокатнинг асосий сабаби сифатида РД-0110 двигателли йиғилишида хатога йўл қўйилгани талқин қилинмоқда. Бу талқин кейинги таҳлиллар якунида тасдиқланиши мумкин.

РД-0110 двигатели Воронеждаги  Химавтоматики корхонасида ишлаб чиқилган.

Эслатиб ўтамиз, «Союз-У» ракета-ташувчиси янги сериядаги «Прогресс МС-04» юк кемаси билан 1 декабрда Тошкент вақти билан 19.52 да Бойқўнғирдан Халқаро коинот станциясига учирилганди. Кема ХКСга 2,5 тоннага яқин юк, жумладан, ёқилғи, сув ва қўшимча ёқилғи қуйиш тизимларини элтиб бериши керак эди.

«Роскосмос»нинг маълумотларига кўра, «Прогресс» учирилгандан кейин 383 сония ўтиб, телеметрия йўқолиб қолган, яъни ундан маълумотлар келиши тўхтаган.

«Прогресс-МС-04» кемаси бўлакларининг кўп қисми атмосферада ёниб кетди. Қолган қисми Қизил шаҳридан 60—70 км узоқликка тушгани тахмин қилинмоқда.

Айни вақтда тахмин қилинаётган ҳудудга (Тува республикасида) ўт ўчирувчилар гуруҳи жўнаб кетган.

«Вазиятни аниқлаштириш учун республиканинг барча туманлари билан ҳамкорлик ташкил қилинди, ўт ўчириш гарнизонлари тезкор гуруҳи юборилди. Айни пайтда навбатчи смена вазиятни мониторинг қилишда давом этмоқда, гувоҳлардан маълумот тўпланмоқда. Жабрланганлар ҳақида ахборот келиб тушгани йўқ», — дейилган фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабарида.

Маълум қилинишича, «Прогресс М-12М» юк кемасининг фалокатга учрашига сабаб бўлган ракета-ташувчи билан шунга ўхшаш ҳолат 2011 йил 24 августда ракетанинг 3-поғонаси иши вақтида юз берган.

Мавзуга оид