00:49 / 05.04.2019
9662

Россия Халқаро коинот станциясига юкларни етказиш бўйича янги рекорд ўрнатди

Фото: КЦ "Южный"

“Прогресс МС-11” фазовий юк кемаси Халқаро коинот станциясига 3 соат 22 дақиқада етиб бориб, янги рекорд ўрнатди. Бу ҳақда Москва вилоятидаги парвозларни бошқариш марказида маълум қилинган.

Кема ХКСга белгилангандан 2 дақиқа тезроқ етиб борган.

“Прогресс”ни орбитага “Союз-2.1а” ракетаси олиб чиққан. У Бойқўнғир космодромидан соат 14:01да старт олган, 14:10 да эса кема ракетадан ажраган ва сайёрамиз атрофида бор-йўғи икки марта айланиб ХКСга етиб борган.

Одатда Россия кемалари станциягача 34 та (24 кун кетади) ёки 4 та айланиш (6 соат) билан етиб борган.  

“Прогресс” станцияга илк бор янги схема бўйича 2018 йил 10 июлда жўнаган. Ўшанда баллистик шароитлар кемага ХКСга 3 соат 39 дақиқада етиб боришга имкон берган. Келгусида янги технологияни нафақат профессионал, балки туристик бошқарилувчи парвозларга жорий қилиш режалаштирилган.

“Роскосмос” раҳбари Дмитрий Рогозиннинг маълум қилишича, 2020 йилдаёқ фазогирлар ва туристларни ХКСга “Москвадан Брюсселгача парвоздан тезроқ етказиш” имкони пайдо бўлади.

Кема ХКСга стандарт юк – озиқ-овқат, ёнилғи, сув ва сиқилган газдан ташқари динамик ёритиш тизимини етказган. Тизим станциянинг Россияга тегишли модулида ўрнатилгач, тонгдан оқшомгача кундузги ёруғликни имитация қилади. 

Top