Ўзбекистон | 14:26 / 04.12.2016
28885
3 дақиқада ўқилади

МСК сайловчилар сонига аниқлик киритди: 1 миллионга кам

Юртимиздаги 9339 та сайлов участкасида бугун эрталаб соат 6:00дан овоз бериш жараёни бошланди. Мамлакатмизнинг хорижий давлатлардаги ваколатхоналарида ташкил этилган 44та сайлов участкасининг аксарияти очилиб, уларда ҳам овоз бериш жараёни давом этмоқда. Биринчи бўлиб овоз бериш жараёни Ўзбекистоннинг Япония, Жанубий Корея, Малайзия, Сингапур, Хитой, Таиланд, Россия Федерациясининг  Новосибирь шаҳридаги ваколатхоналар ҳузурида ташкил этилган сайлов участкаларида бошланди. 

МСК раиси М.Э.Абдусаломовнинг ҳисобот беришича, бугунги  кунда рўйхатдан ўтган сайловчиларнинг умумий сони 20 428 891 нафардан иборат. Ўзбекистон Републикаси Президенти Сайловларида сайловчиларни рўйхатдан ўтказишнинг мутлақо янги, ишончли тизими жорий қилинганлиги таъкидланди. 

Сайлов кампанияси қошида эълон қилинган аҳолининг 18 ёшдан ўтган 21 435 900 нафар фуқароси мавжудлиги сайлов участкалари ходимлари томонидан хонадонларни бирма-бир айланиб чиқиш орқали аниқланди. Натижада сайловчилар сони янада аниқлаштирилиб, дастлаб эълон қилинган сайловчилар сонидан 1 миллионга камайди. Бунга сайловда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлмаган шахслар, хусусан чет эл фуқаролари, фуқаролиги бўлмаган шахслар, муомалага лаёқатсиз деб топилган ҳамда суднинг ҳукми билан озодликдан маҳрум этилган, шунингдек узоқ муддат давомида яшаш жойи бўлмаган фуқароларни ҳисобга олмаслик сабаб бўлди. 

“Ўзбекистон Републикаси фуқаролари сайловда юксак сиёсий фаолликни намоён этишмоқда. Ҳозирги кунга қадар сайловчилар рўйхатига киритилган 20 428 891 кишидан 11 418 000дан ортиқ сайловчи иштирок этишди. Бу умумий сайловчилар сонининг 55,8 фоизини ташкил этади. Шу пайтга қадар сайловчилар рўйхатига киритилган фуқароларнинг 33 фоизидан ортиғи иштирок этганини инобатга оладиган бўлскак, Ўзбекистон Республикаси Президенти тўғрисидаги қонуннинг 35-моддасига асосан сайлов бўлиб ўтган, яъни Қонунда белгиланган меъёр тўлиқ бажарилган ҳисобланади. Шуни алоҳида қайд этиш керакки, сайлов миллий қонунчилигимиз, унда белгиланган очиқлик, ошкоралик ва адолатлилик каби демократик тамойилларга тўла мувофиқ ҳолда ўтмоқда”, - дея таъкидлади МСК раиси. 

Бундан ташқари, шу вақтга қадар жойлардаги сайлов жараёнларида сайлов қонунчилиги бузилиши ҳақида ҳеч қандай маълумотлар МСКга келиб тушмаганлиги таъкидланди. 

“Фурсатдан фойдаланиб, мамлакатимиз сайловчиларига мурожаат қилмоқчиман. Ҳурматли сайловчилар, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови нурафшон истиқболимиз ва фарзандларимизнинг ёрқин келажагини таъминловчи масъулиятли жараёндир. Юртимиз тинчлиги ва Ватанимиз фаровонлиги учун овоз берайлик. Барчангизни Ўзбекистон Республикаси Президентлик сайловларида фаол иштирок этишга чақираман”, - дея ўз сўзларига якун ясади марказий сайлов комиссияси раиси.

Мавзуга оид