Жаҳон | 16:09 / 09.12.2016
18366
4 дақиқада ўқилади

Жанубий Корея президентининг импичментига нималар сабаб бўлди

Корея Республикаси парламенти жума куни президент Пак Кин Хега импичмент бўйича овоз берди. Бу унинг ўз хоҳишига кўра истеъфога чиқиш ҳақидаги қарорига қарамай рўй берган. Нима учун парламент импичментни ёқлаб овоз берди ва президент қандай қилиб бу ҳолатга тушиб қолди?

Пак Кин Хе қандай қилиб ҳукумат тепасига келган?

Фото: People.com

“Сэнури” сиёсий партияси вакили бўлган Пак Кин Хе 2013 йилнинг февраль ойида республика президенти лавозимини эгаллади. У ўзининг партиядоши Ли Мён Бакни алиштирган. Президентлик сайловларида Пак сайловчиларнинг 51,55 фоиз овозини олиб, Жанубий Корея тарихидаги илк аёл-президентга айланди.

Кин Хенинг отаси Пак Чжон Хи мамлакатдаги сиёсий беқарорликка якун ясаб берган инқилоб тепасида турган. Шундан сўнг Жанубий Корея халқи 1963 йилги сайловларда уни ўз президенти этиб сайлади.

Сиёсий инқирозга нима сабаб бўлди?

Фото: Reuters

Сиёсий инқироз октябрда авж олиб кетди. Жанубий Кореянинг етакчи ОАВ президентнинг яқин дугонаси Чхве Сун Сил ва икки нафар президентлик маъмурияти аъзолари президентнинг ички ва ташқи сиёсий қарорларига таъсир кўрсатгани ҳақида мақолалар чоп этишни бошлаб юборишди.

Маълум бўлишича, Чхве Сун Силь Кин Хе билан 1970 йиллардаёқ дўст тутинган.

Президентга нисбатан прокуратуранинг текширув натижалари Чхве Сун Силь ва президент маъмуриятининг икки собиқ ходими 50 дан ортиқ мамлакат фирмаларини ўнлаб миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағни Чхве Сун Силь назорати остида бўлган икки жамғармага ўтказиш беришга мажбурлашганини кўрсатиб берди. Пак Кин Хе эса, прокуратура маълумотларига кўра, дугонасининг хатти-ҳаракатидан хабардор бўлган ва эҳтимол унда ўзи ҳам иштирок этган.

Президентнинг бунга муносабати қандай бўлди?

Фото: AP

Пак Кин Хе 25 октябрдаёқ аввал дугонаси билан сиёсий масалалар бўйича маслаҳатлашганини тан олди. Уч кундан сўнг эса президент ўз маъмуриятининг бир неча аъзоларини ишдан бўшатди. Кин Хенинг рейтинги 5 фоизга тушиб кетиб, бу мамлакат тарихидаги энг паст кўрсаткичга айланди.

Сеулда октябрь ва ноябрь ойларида бир неча йирик норозилик намойишлари бўлиб ўтди. Унда Кин Хени ўз лавозимидан кетиши талаб қилинган. Акцияларда миллиондан ортиқ киши қатнашди.

Пак Кин Хе эса 29 ноябрь куни ваниҳоят лавозимидан мамлакатда ҳукуматни топшириш учун барча керакли сиёсий шароитлар яратилса, ўз хоҳишига кўра кетиши ҳақида маълум қилди.

Нега импичмент?

Фото: AP

Мухолифат президент истеъфоси январга қадар амалга ошишини талаб қилганди. Бу импичмент масаласи бўйича овоз бериш ташаббуси кўтарилгунга қадар рўй берган. “Сэнури” депутатлари эса Пак 2017 йилнинг апрелида кетиши кераклиги ҳақида маълум қилишган.

Бироқ, Миллий йиғилишдаги мухолиф кучлар 9 декабрь кунги овоз бериш жараёнида барча керакли овозларни олишга муваффақ бўлишди.

Парламентнинг 300 депутатидан 234 таси “ҳа” деб овоз берган. Бу ҳолатда эса 200 депутатнинг овози етарли эди. Импичментга Пак партиясининг бир неча аъзолари ҳам ёқлаб овоз беришгани аниқ – улар 128 мандатга эга.

Унга кўра, президент ваколати дарҳол тўхтатилади, бироқ ҳукуматдан четлатиш ҳақидаги якуний қарор Конституцион суд томонидан овоз бериш жараёни натижалари тасдиқланганидан кейин чиқарилади. Бунга эса ярим йилгача вақт кетиши мумкин.

Мавзуга оид