Ўзбекистон | 10:44 / 14.12.2016
106829
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев қасамёд қилди ва Ўзбекистон Президенти сифатида ўз лавозимига киришди

Фото: Ўзбекистон Президенти матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси сайланган Президенти Шавкат Мирзиёев қасамёд қабул қилди. 

Бугун, 14 декабрь куни Олий Мажлис палаталари қўшма мажлиси вақтида президентнинг инаугурация маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда маросимда иштирок этган манбамиз маълумот берди.

Маросимда Марказий сайлов комиссияси ва ҳукумат аъзолари, Конституциявий суд раиси, дипломатик ваколатхоналар раҳбарлари ҳамда аккредитациядан ўтган ОАВ вакиллари ҳозир бўлишган.

Мажлисни Марказий Сайлов комиссияси раиси Мирзо-Улуғбек Абдусаломов очиб берган. У Шавкат Мирзиёевга президент гувоҳномасини ва Марказий сайлов комиссиясининг шаҳодатномасини топширган ҳамда уни қасамёд қабул қилиш учун минбарга таклиф қилган.

Президент Конституция ва Қуръонга қўл қўйган ҳолда қасамёд қилган: «Ўзбекистон халқига садоқат билан хизмат қилишга, республиканинг Конституцияси ва қонунларига қатъий риоя этишга, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларига кафолат беришга, Ўзбекистон Республикаси Президенти зиммасига юклатилган вазифаларни виждонан бажаришга тантанали қасамёд қиламан».

«Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида»ги қонун 39-моддасига мувофиқ, Президент Олий Мажлис йиғилишида қасамёд қилган пайтдан бошлаб ўз лавозимига киришади.

Президент қасамёддан сўнг маъруза сўзлаган ва ўз нутқида сайловда иштирок этган бошқа сиёсий партиялар етакчиларига — Сарвар Отамуратовга, Хатамжон Кетмоновга ва Наримон Умаровга миннатдорчилик билдирган.

Мавзуга оид