Ўзбекистон | 16:39 / 15.12.2016
94778
4 дақиқада ўқилади

Абдулла Ариповнинг ҳаракат дастури

Ўзбекистон Олий Мажлиси палаталарининг қўшма мажлисида Президент Шавкат Мирзиёев Бош вазирликка таклиф қилган Абдулла Арипов депутатлар ва сенаторларга ҳукуматнинг яқин муддат ҳамда истиқболдаги ҳаракат дастурини тақдим этди. Қуйида ушбу дастурнинг 10 йўналиши келтирилган:

Биринчи устувор йўналиш: Макроиқтисодий барқарорликни мустаҳкамлаш ва иқтисодий ўсишнинг юқори суратларини сақлаб қолиш бўйича ишларни изчил давом эттириш.

Иккинчи устувор йўналиш: Иқтисодиётимизнинг жаҳон бозоридаги рақобатбардошлигини янада оширишни, унинг етакчи тармоқларини фаол модернизациялашни ва диверсификациялашни давом эттириш.

Учинчи устувор йўналиш: Иқтисодиёт тармоқларини ва республика ҳудудларининг экспорт салоҳиятини кенгайтириш.

Тўртинчи устувор йўналиш: Давлатнинг иқтисодиётдаги иштирокини қисқартириш, хусусий мулк, кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш ва ишончли ҳимоя қилиш. Бу борада хусусийлаштириш жараёнларни чуқурлаштириш, корхоналарнинг устав капиталидаги давлат улуши ва активларини хусусий инвесторларга, биринчи навбатда хорижий инвесторларга сотиш ишларини изчил давом эттириш

Бешинчи устувор йўналиш: Аҳолининг моддий фаравонлиги, ҳаёт сифати ва даражасини юксалтириш, бунинг учун аввало аҳолининг меҳнат билан бандлигини ошириш.

Вазир 2017 йил учун тузилган аҳоли бандлигини таъминлаш дастурига кўра,  390 минг киши доимий иш жойи билан, 200 минг кишини қишлоқ хўжалиги ва қурилишда вақтинчалик ҳамда мавсумий иш билан, 309 минг кишини шахсий ёрдамчи ва деҳқон хўжаликлари, ҳунармандчилик ва оилавий тадбиркорлик орқали иш билан таъминлаш вазифа қилинган.

Олтинчи устувор йўналиш: Замонавий йўл-транспорт ва муҳандислик инфратузилмасини шакллантириш стратегиясини амалга оширишни давом эттириш.

Бу йўналиш доирасида, шаҳар ва туманларда сув таъминоти, санитария бўйича ишлар давом эттирилади, автомобил йўллари қуриш ва таъмирлаш, хўжаликлараро йўлларни капитал таъмирланади, темир йўл транспорти инфратузилмаси ривожлантирилади. Шунингдек, ҳаво транспортини ривожлантириш мақсадида Тошкент аэропортининг халқаро терминали барпо этилиши бошланади.

Еттинчи устувор йўналиш: Аҳолига транспорт хизматини кўрсатиш юзасидан тегишли ишларни амалга ошириш. Аввало, 74та автовокзал ва автобекат реконструкция қилинади, 3000та янги автобус, 5700та микроавтобус сотиб олиниб, 300дан ортиқ янги йўналиш очилади. Тошкент метросида қурилиш ишлари олиб борилади. Қишлоқ аҳолиси талабларидан келиб чиқиб, 15 мингта уй қурилади. Шаҳар аҳолиси учун 2017-20 йилларда 995та кўп квартирали қаватли уйлар қурилиб, 50 мингга яқин оила янги уй билан таъминланади.

Саккизинчи устувор йўналиш: Ижтимоий соҳа, хусусан, илм-фан, таълим, соғлиқни сақлаш, спорт ва маданият соҳаларини изчил ривожлантиришни давом эттириш.

Тўққизинчи устувор йўналиш: Ёшлар сиёсати ва ёш авлодни тарбиялаш вазифаси ҳукумат эътиборида бўлади. Оммавий маданият кўринишида кириб келаётган таҳдидларга қарши мафкуравий иммунитетни кучайтириш чоралари.

Ўнинчи устувор йўналиш: Аҳоли билан мулоқотни самарали йўлга қўйиш.  “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” доирасидаги ишлар келгуси беш йиллик фаолиятда ҳам энг устувор вазифа бўлиб қолади.

Мавзуга оид