14:03 / 17.12.2016
24119

АҚШ янги маъмуриятидаги миллионер ва миллиардерлар

Фото: Reuters

АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трамп мамлакат тарихидаги энг бадавлат маъмуриятни шакллантирди. Унга бир неча миллиардерлар ҳам кирган.

"Анадолу" агентлигининг аниқлашича, президент жамоасининг умумий бойлиги деярли 20 миллиард долларга тенг. Трампнинг шахсан ўзи эса 4,5 миллиард долларга эгалик қилади. 

Forbes маълумотларига кўра, АҚШ янги маъмуриятидаги энг бадавлат инсон деб – савдо вазирининг бўлажак ўринбосари Тодд Рикеттс ҳисобланади. Chicago Cubs бейсбол клубига эгалик қилувчи бу шахснинг оиласи 5,3 миллиард долларга эга. 

Ундан сўнг оиласи 5,1 миллиард долларга эга бўлган Бетси Девос бормоқда. У таълим вазири этиб тайинланиши мумкин. 

Трамп томонидан савдо вазири лавозимига номзоди кўрсатилган Уилбур Росс эса 2,9 миллиард долларга эга.

АҚШ бўлажак маъмуриятидаги миллиардерлар рўйхатининг энг охирида Линда МакМэхон қайд этилди. У 1,16 миллиард долларга эгалик қилади. 

Трамп томонидан ташқи сиёсатга жавобгар шахс сифатида таништирилган Exxon Mobile ижрочи директори Рекс Тиллерсон 300 миллион долларга эга бўлса, Миллий иқтисодий кенгаш раҳбари лавозимига номзоди кўрсатилган Goldman Sachs президенти ва бошқарувчи директори Гари Конда 266 миллион доллар бор. 

Шунингдек, рўйхатдан Стивен Мнучин (бўлажак молия вазири – 46 млн доллар), Эндрю Паздер (меҳнат вазири – 43 млн), Бен Карсон (уй-жой қурилиши ва шаҳар ривожланиши вазири – 26 млн), Элейн Чао (транспорт вазири - 22,8 млн), Том Прайс (соғлиқни сақлаш вазири - 13,6 млн), Стивен Бэннон (стратегик масалалар бўйича бош маслаҳатчи – 10 млн), Жефф Сэшнс (адлия вазири – 7,5 млн) ва Рик Перри (бўлажак энергетика вазири – уч миллион доллар) ҳам жой олди.

Фото: Aa.com.tr
Top