Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Трамп Эрон билан янги келишувга умид қилмоқда
AFP агентлиги маълумотига кўра, Америка делегацияси яқин орада Эрон билан музокаралар ўтказиш учун Покистонга жўнайди. Учрашувда Эрон иштирок этадими-йўқми, бу борада ҳозирча аниқлик йўқ. Дональд Трамп эса Эрон билан тузиладиган янги келишув “эскисидан анча яхшироқ” бўлишини айтди.
Фото: AP
Америка делегацияси Эрон билан режалаштирилган музокаралар навбати учун тез орада Покистонга жўнайди. Бу ҳақда 20 апрель, душанба куни — АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши урушида эълон қилинган икки ҳафталик сулҳ тугашига икки кун қолганида AFP агентлиги Вашингтондаги хабардор манбаларга таяниб хабар берди.
Ўз навбатида, АҚШ президенти Дональд Трамп New York Post газетасига вице-президент Жей Ди Вэнс бошчилигидаги америкалик музокарачилар аллақачон йўлга чиққанини айтган. Шунингдек, у Truth Social’даги янги постида Эрон билан тузиладиган янги битим 2015 йилда Теҳрон билан эришилган халқаро келишувдан “анча яхшироқ” бўлишига ишонч билдирган.
Шу билан бирга, AFP қайд этишича, Исломободдаги музокараларда Эрон иштирок этадими-йўқми, бу масалада ноаниқлик сақланиб қолмоқда. “Музокараларнинг иккинчи босқичи бўйича режаларимиз йўқ, аммо бу масала ҳали узил-кесил ҳал этилмаган”, — деди Эрон ТИВ вакили Исмоил Бақоий. У АҚШни “дипломатияга жиддий ёндашмаётганликда” айблаб, “АҚШ томонидан сулҳ режими очиқча бузилганини” таъкидлади. Бақоий бунда АҚШнинг Эрон юк кемасига ҳужуми ва Эрон портлари қамали давом этаётганини мисол қилди.
Дональд Трампнинг сўзларига кўра, сулҳни узайтириш “деярли мумкин эмас”. АҚШ президенти 20 апрель куни Эронга агар сулҳ муддати янги келишувсиз тугаса, яна бир бор оммавий ҳужумлар билан таҳдид қилди. Унинг айтишича, Оқ уй Теҳронга “адолатли ва оқилона битим” таклиф қилмоқда. “Улар бу таклифни қабул қилишига умид қиламан, акс ҳолда АҚШ Эрондаги ҳар бир электр станцияси ва ҳар бир кўприкни ишдан чиқаради”, — дея қўшимча қилган Трамп.
Эрон эса аввалроқ АҚШ мамлакат портларини Ҳўрмуз бўғозида қамал қилишда давом этаётган бир пайтда Покистондаги музокараларда қатнашишни режалаштирмаётганини билдирган эди. Покистондаги учрашувдан кейин томонлар воситачилар орқали мулоқотни давом эттирган, аммо Эрон томони фикрича, АҚШнинг “ҳаддан ташқари талаблари ва ортиқча даъволари” туфайли мулоқот боши берк кўчага кириб қолган.
Вашингтон ва Теҳрон ўртасидаги музокараларнинг биринчи босқичи 11–12 апрель кунлари Исломободда бўлиб ўтган ва у ҳеч қандай натижасиз якунланган.