22:23 / 19.12.2016
15999

Актёр Мэтт Дэймон иштирокидаги янги фильм Хитойда муваффақият қозонмоқда

Хитойлик режиссёр Чжан Имоунинг бош ролни актёр Мэтт Дэймон ўйнаган, "Буюк девор" деб номланган фильми Хитойдаги прокатининг биринчи уикендидаёқ (жума-якшанба) 462,5 млн юан (67 млн доллар) йиғди. Бу ҳақда Bloomberg ахборот агентлиги хабар бермоқда.  

Ахборот агентлигининг таъкидлашича, фильмнинг муваффақияти Голливуднинг сердаромад актёрининг маҳаллий режиссёр ва мавзу билан қоришмаси кинога сотиладиган чипталарнинг ўсишига имкон берувчи усул эканлигидан дарак беради.

Катта кўламли фильмнинг бюджети 150 млн долларни ташкил қилган. "Буюк девор" фильми прокатга чиққанининг биринчи куни – 16 декабрдаёқ 123 млн юан йиғиб, блокбастер мақомини олди. Хитойда камида 100 млн юан йиққан фильм хит ҳисобланади. Ҳозирда Хитой АҚШдан кейин энг йирик кино бозори ҳисобланади.

Bloomberg’нинг ёзишича, томошабинлар ва танқидчиларнинг фильмга муносабатлари турлича бўлган. Фильм учун ижобий тавсифлар жуда муҳим, чунки у яқин ҳафталарда бошқа давлатларда намойиш қилина бошланади.

2016 йилда "Варкрафт" фильми Хитойда 212 млн доллар йиғиб, хитга айланганди, бироқ АҚШда бор-йўғи 47,2 млн доллар йиғиб, муваффақиятсизликка учраган.

 

Top