Иқтисодиёт | 23:16 / 21.12.2016
12344
2 дақиқада ўқилади

2016 йилда Ўзбекистондан Россияга мева-сабзавотчилик маҳсулоти экспорти 3 маротабага ошди

2016 йилнинг 9 ойида Ўзбекистондан Россияга мева-сабзавотчилик маҳсулоти экспорти жисмоний ҳажмда 3 маротабага, яъни 90 минг тоннагача ошди. Бу ҳақда Россиянинг Ўзбекистондаги элчиси Владимир Тюрденев маълум қилди. 

"Ўзбекистон статистика маълумотларига кўра, 9 ой ичида Ўзбекистондан Россияга мева-сабзавотчилик экспорти жисмоний ҳажмда 3 маротабага, яъни 90 минг тоннагача ошди. Бугунда икки давлат мутахассислари Ўзбекистон мева-сабзавотчилик маҳсулотининг Россияга етказилишини янада ошириш учун "яшил коридор" яратиш имкониятини ишлаб чиқишмоқда", деб айтди элчи.

Россияга Ўзбекистондан пахта ва тўқимачилик маҳсулотларининг етказилиши билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилиш учун Тошкентга июнь ва октябрда россиялик тадбиркорлар келишган.   

Октябрда Ўзбекистонга Россия саноат ва савдо вазири ўринбосари А.Н.Морозов бошчилигидаги автомобиль ва қишлоқ хўжалиги техникаси ишлаб чиқарувчи корхоналар делегацияси келганди. Музокаралар давомида Россия томони билан қишлоқ хўжалиги ва автомобилсозликда саноат кооперациясини тиклаш ва ривожлантириш бўйича таклифлар билдирилган.

Ёзда Тошкентга Россия қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари С.Л.Левин бошчилигида   мева-сабзавот маҳсулотлари сотиб олиш билан шуғулланувчи Россия компаниялари вакиллари делегацияси ташриф буюрган. Делегация Халқаро мева-сабзавотчилик ярмаркаси ишида иштирок этганди.  

 

Мавзуга оид