"Қизил телефон", қайноқ линия, Москва-Вашингтон...
Турли мамлакатлар етакчилари ўртасидаги масофали мулоқот - одатий ҳол. Бироқ, ОАВга кўра, Барак Обама сайловлар арафасида Россия президентига АҚШдаги овоз бериш жараёнларига аралашишга йўл қўйилмаслиги ҳақида айтиш учун Москва билан махсус "қизил телефон" орқали боғланган.
Манбага кўра, бу ўша "қизил телефон" эмас, шунчаки ёпиқ алоқа канали бўлган.
Шундай бўлса-да, бу қандай телефон?
Энг аввало, дунё етакчиларининг бу каби музокаралари қандай ташкил этилишини англаб етиш лозим.
Музокаралар
Масалан, АҚШнинг янги сайланган президенти Дональд Трамп Германия федерал канцлери Ангела Меркелга қўнғироқ қилмоқчи. Бу қандай амалга ошади? Куннинг исталган пайтида мобил телефон орқалими? Эҳтимол, смс'нинг ўзи етар?
Албатта, ҳаммаси у қадар осон эмас. Амал қилиниши керак бўлган маълум бир регламент бор, президент маъмурияти ходимлари ва бошқа амалдорлар томонидан муайян тайёргарлик кўрилиши керак.
Агар икки мамлакатнинг муносабатлари барқарор бўлса, томонлардан бирининг оператив маркази бошқаси билан боғланиб, "президентимиз сизнинг раҳбарингиз билан суҳбатлашишга тайёр" дейилса, бас.
Алоқалар у қадар яқин бўлмаса, мамлакатлардан бирининг элчиси ўз раҳбари номидан расмий сўров юбориши керак бўлади. Томонлар телефон қўнғироғининг сабаблари, бўлғуси суҳбат мавзусини муҳокама қилишади, шундан сўнг унга президентнинг (канцлернинг ёки вазирнинг) жадвалидан бўш вақт излашади.
2014 йилда Yahoo News мухбири Оливье Нокс Барак Обама, кенжа Жорж Буш ва Билл Клинтоннинг ёрдамчиларидан АҚШ президентларини хориж раҳбари билан суҳбатга қандай тайёрлашлари ҳақида батафсил сўраб билишга ҳаракат қилди.
Бу иш билан суҳбатдоши ҳақида тўлиқ маълумотни тайёрловчи Миллий хавфсизлик кенгаши (NSC) шуғулланади. Унда барча маълумотлар бўлади - суҳбатдошнинг феъли, шахсий ҳаёти, яқинларининг саломатлиги ва ҳ.к.
Масалан, бирор бир мамлакат президенти турмуш ўртоғининг тоби қочиб қолса, NSC унга албатта хушмуомала бўлишни ва рафиқасининг саломатлиги ҳақида сўрашни эслатиб қўяди.
Президент ёрдамчиларидан бири эски ва қадрдон телефон аппарати нимаси билан яхши эканлигига изоҳ берди. "Бундай суҳбат вақтини кўчиришга ҳожат қолмайди. Телефонни ёқиш ва хавфсизлантириш нисбатан осон. Бундай телефон деярли ҳаммада бор", - дея изоҳ берди у.
Шуниси диққатга сазоворки, Уотергейт можаросидан кейин бундай суҳбатлар ёзилмайди. Бироқ бирйўла бир неча NSC ходими суҳбатни эшитиб, уни матн кўринишида чоп этишади.
Раҳбарнинг сўзларини эшитувчи яна бир муҳим шахс - таржимон. Аммо шуни ёдда тутиш лозимки, бундай даражадаги суҳбатларга киришдан аввал у кўп синовлардан ўтган бўлади.
Буларнинг бари яхши, албатта, аммо зарур иш чиқиб, бошқа мамлакат раҳбари билан зудлик билан боғланиш керак бўлса-чи?
"Қизил телефон"
Мана шу ерда "қизил телефон" жонга оро киради. Аслини олганда бу телефон қизил эмас ва у ҳатто телефон эмас.
Бу - АҚШ ва СССР етакчилари томонидан 1963 йилда ядровий урушга айланиб кетишига оз қолган Кариб инқирозидан кейин яратилган қайноқ алоқа линияси.
Ўша воқеалар давомида Никита Хрущевнинг 3 минг сўздан иборат бўлган номасини қабул қилиб, уни қайта шифрлаш учун АҚШга тахминан 12 соат керак бўлган. Табиийки, шошилинч пайтда бундай алоқа иш бермайди.
Шу боис 1963 йилнинг 20 июнида Женевада икки "ёв" томон "Тўғридан-тўғри алоқа линияси яратишга доир келишув меморандуми"ни имзолади.
Меморандумнинг мақсади — икки мамлакат бир-бирини бахтсиз ҳодисалар, ядровий энергия, шунингдек флот ва қўшиннинг режадан ташқари кўчиши билан боғлиқ у ёки бу воқеадан бохабар қилиш.
Бу линиядан мобил телефон каби қўнғироқ қилиб бўлмайди, албатта. Унда фақат хабарлар, графика, схема ёки диаграмма йўллаш мумкин. Дастлаб бунинг учун телетайп ишлатилди, кейинроқ - факс, 2008 йилдан эса - электрон мактубларни йўллаш учун ҳимояланган канал.
Авваллари қайноқ линия жаҳон классик адабиёти ёрдамида мунтазам синовдан ўтказиларди. Масалан, америкаликлар айиқ Россия рамзи эканини яхши англаб, Винни-Пух асари қаҳрамонларидан фойдаланишмайди.
Қачон қўллашган
Москвага йўлланган биринчи хабар матни қуйидагича бўлган: "The quick brown fox jumped over the lazy dog's back 1234567890" (Эпчил жигарранг тулки дангаса итнинг устидан сакраб ўтди).
Мазкур гапда лотин алифбосининг ҳамма ҳарфлари, шунингдек араб рақамлари ва тутуқ белгиси бор. Унинг ёрдамида одатда телетайплар ва босма машиналарни текширишган.
Америкаликлар қайноқ линияга биринчи марта расман 1963 йилнинг ноябрида президент Жон Кеннеди ўлдирилганда мурожаат қилишган.
СССР эса қайноқ линияни биринчи марта расман 1967 йилнинг 5 июнида, Олти кунлик уруш (Исроил ва араб мамлакатлари ўртасида) бошланганда қўллаган ва бунда АҚШнинг қўли бор ёки йўқлигини билмоқчи бўлган. Президент Линдон Жонсон Американинг бунга ҳеч қандай алоқаси йўқлигига ишонтиради.
Бундан ташққари, Москва ва Вашингтон бу линиядан Учинчи ҳинд-покистон уруши вақтида (1971 йилнинг декабрида ) фойдаланган - ўшанда ташаббускор президент Ричард Никсон бўлган.
1979 йилда президент Жимми Картер қайноқ линияни Афғонистонга совет қўшинининг олиб кирилишига эътироз билдириш учун қўллайди.
1986 йилда президент Рональд Рейган ҳам қайноқ линияга мурожаат қилади ва Америка журналисти Николас Данилоффнинг жосусликда айбланиб, ҳибсга олиниши муносабати билан тўғридан-тўғри таҳдид қилганлиги ҳақида маълумотлар бор.
"Қизил телефон" АҚШнинг 2003 йилда Ироққа бостириб киришини муҳокама қилиш учун ҳам қўлланган. Барак Обама маъмурияти эса "хакерлар"гача бирор марта бу каналга мурожаат қилмаган.
Владимир Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песковнинг сўзларига кўра, АҚШ ва Россия президентларининг хакерлик ҳужумига доир суҳбати "оддий ёпиқ канал орқали" амалга ошган. Бундай телефонлар бир қатор дунё пойтахтларида мавжуд. Шундай экан, айнан "қизил телефон" ҳақида маълумот берган NBC бу масалада ноаниқликка йўл қўйган кўринади.
Мавзуга оид
19:24 / 27.10.2024
Москвада хорижлик мигрантлар учун патент нархи қарийб 20 фоизга ошади
12:56 / 25.10.2024
Германиянинг Москвадаги элчиси РФ ТИВга чақирилди
12:12 / 28.09.2024
Москвада 72 ёшли америкалик ёлланма фаолият учун судланмоқда
20:08 / 25.09.2024