Жаҳон | 12:12 / 28.09.2024
2613
2 дақиқада ўқилади

Москвада 72 ёшли америкалик ёлланма фаолият учун судланмоқда

Мичиганлик шахс ёлланма фаолиятда айбланиб, 15 йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин. АҚШ элчихонаси нима бўлаётганидан хабардор, бироқ шахсий дахлсизлик билан боғлиқ сабабларга кўра изоҳ беришдан бош тортмоқда.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Москва шаҳар суди 27 сентябр, жума куни Украина томонидаги қуролли можарода ёлланма аскар сифатида қатнашганликда айбланган 72 ёшли америкалик пенсионернинг иши бўйича эшитувларни бошлади, деб хабар бермоқда Россия ОАВ. Суд прокурорнинг айбланувчини «одил судловдан қочиш ёки жиноят ишини юритишга тўсқинлик қилиш»нинг олдини олиш мақсадида олти ой муддатга, 2025 йил 26 мартга қадар ҳибсда сақлаш тўғрисидаги илтимосини қаноатлантирди.

ОАВ маълумотларига кўра, Американинг Мичиган штатида яшаган Стефан (ёки Стивен) Хаббард судланмоқда. У 2014 йилда Украинага кўчиб ўтган ва кейинчалик уни тарк этган аёл билан яшаган.

Етти йилдан 15 йилгача

Хаббард ҳарбий полиция томонидан судга келтирилди. Навбатдаги йиғилиш 3 октябрга белгиланган. Ёлланмачилик тўғрисидаги моддага кўра, Хаббард 7 йилдан 15 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин. АҚШнинг Москвадаги элчихонаси нима бўлаётганидан хабардор эканини айтди, бироқ шахсий дахлсизлик билан боғлиқ сабабларга кўра изоҳ беришдан бош тортди.

Россия оммавий ахборот воситалари YouTubeʼда 2022 йилнинг май ойидаги видеога таяниб, ўзини Стивен Жеймс Хаббард деб атаган шахс 2014 йилдан бери Украинанинг Харкив областидаги Изюм шаҳрида яшаётганини ва Россия оккупацияси ҳақида гапирганини билдирди. Унинг кўриниши ёмон ҳолатда.

Россия армияси Украинага қарши уруш бошида Изюмни эгаллаб олди, аммо 2022 йил сентябр ойида Украина шаҳарни ўз назоратига қайтарди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид