17:36 / 25.12.2016
35367

«Ортга омон қайтишимизга ҳеч қачон ишончимиз комил эмас». Ту-154 бортида Доктор Лиза ҳам бор эди

«Адолатли ёрдам» жамғармасининг ижрочи директори, Доктор Лиза тахаллуси билан машҳур бўлган Елизавета Глинка Ту-154 авиаҳалокати оқибатида ҳалок бўлган. Бу ҳақда «Сноб» нашри унинг турмуш ўртоғи Глеб Глинкага асосланган ҳолда хабар берди.

«Ҳа, у самолётда бўлган», — дея жавоб қайтарган у шу борадаги саволга.

«Адолатли ёрдам» жамғармаси сайтида Доктор Лиза Россия Мудофаа вазирлигининг Ту-154 самолётида Латақиядаги Тишрин университети шифохонасига гуманитар юк олиб кетаётган бўлган.

Аввалига у самолёт Сочига қўнганида аэропортда қолгани ҳақида хабарлар тарқатилганди. Кейинроқ бу маълумот тасдиқланмади.

Президент қошидаги Инсон ҳуқуқлари бўйича бошқарма сайтида Елизавета Глинкага некролог ёзилган. 

Доктор Лиза ўзининг хайрия ишлари, ёрдам ташаббуслари билан танилган эди. У 2010 йили Россияда йил блогери деб тан олинган. 2015 йилдан бошлаб гуманитар миссиялар сафида бир неча бор Сурияда бўлган ва сурияликларга дори-дармон тарқатиш ҳамда тиббий ёрдам кўрсатишда иштирок этган.

Айни вақтда шу йилнинг 8 декабрь кунида Владимир Путин томонидан ҳуқуқ ҳимояси соҳасидаги юксак хизматлари учун давлат мукофоти билан тақдирланган Доктор Лизанинг нутқидан парча тарқалмоқда.

«Ҳеч қачон ортга омон қайтишимизга ишончимиз комил бўлмайди. Мен нима деяётганимни биламан. Уруш — бу Ердаги жаҳаннамдир», деганди Глинка хоним.

Россия Мудофаа вазирлигининг Ту-154 русумли ҳарбий транспорт самолёти Москва вақти билан соат 05:27да радарлардан йўқолди. Дастлаб Москвадан Сурияга учган самолёт Сочида ёқилғи қуйиш учун қўниб ўтган. Самолёт Сочи қирғоқларидан бир неча километр ичкарида қулаган. Самолёт бортида жами 92 киши бўлган ва уларнинг барчаси ҳалок бўлган. Йўловчиларнинг аксарияти Александров номидаги ашула ва рақс ансамбли аъзолари бўлган. Бу ансамбль Ҳалабда концерт бериб ортга қайтиши режалаштирилганди.

Ушбу ҳодиса бўйича жиноят иши очилган, тергов-суриштирув ишлари давом эттирилмоқда.

Сочидан учган самолёт радарлардан йўқолди

Top