Жаҳон | 11:32 / 01.07.2022
13885
3 дақиқада ўқилади

Путин Индонезия президентига у илк бор Россияга келганини айтди. Лекин улар олти йил аввал Сочида учрашишганди

30 июн куни Россия президенти Владимир Путин Москвада Индонезия президенти Жоко Видодо билан учрашди. Музокаралар Кремлда бўлиб ўтди. Бу учрашувда, индонезияликлар раҳбарининг ўзи айтишича, у Путинга Украина президенти Володимир Зеленскийдан қандайдир номани етказган. Аммо ҳатто бу ҳам — музокараларнинг энг қизиқарли тафсилоти эмас.

Индонезия президенти Доко Видодо ва Россия президенти Владимир Путин. Чапда — уларнинг 2016 йилги, ўнгда — 2022 йилги учрашуви.
Коллажда РФ президенти матбуот хизмати ва Вячеслав Прокофьевнинг фотосуратларидан фойдаланилган / AFP / Scanpix / LETA

Уларнинг мулоқотининг Кремл сайтида эълон қилинган  расшифровкасидан билиш мумкинки, Путин ўз чиқиши аввалида Индонезия президенти илк бор Россияда бўлиб турганини айтган:

«Ҳурматли жаноб президент! Сизни Россияда, Москвада кўриб турганимдан жуда хурсандман. Биламанки, бу сизнинг бизнинг мамлакатга қилган илк ташрифингиз», деган Путин.

Кўринишидан Владимир Путин адашган ёки 2016 йил майида улар Сочида учрашишганини шунчаки унутиб қўйган. Ўша учрашув ҳақидаги хабар РФ президенти маъмурияти сайтида сақланиб қолган. Олти йил олдинги суҳбат бошида Путин индонезияликлар раҳбарини «Россияда, Сочида» қабул қилганидан мамнунлигини айтган.

Индонезия президентининг Россияга 2016 йилги ташрифи ОАВда кенг ёритилганди. Хусусан, «Биринчи канал» сюжетида шундай дейилган: «Жоко Видодо Россияга илк бор келиб тургани кўриниб турибди». Телеканалнинг таъкидлашича, Индонезия президентини нон ва туз билан кутиб олишганида, у таржимонни диққат билан тинглаган, аммо кўринишидан «руслар анъаналарини охиригача тушунмаган: у нон бўлагини синдириб олган, тузга ботирган, аммо барибир уни емаган».

Кремлдаги бу сафарги учрашувдан кейин эса Путин хатосини тузатди, у журналистлар қаршисида шундай деди: «Бу жаноб Жоко Видодонинг президент сифатида бизнинг пойтахтимизга, Москвага илк ташрифи».

Мавзуга оид