Жаҳон | 09:39 / 05.01.2017
6793
2 дақиқада ўқилади

БМТ: Дамашқнинг 5,5 млн лик аҳолиси сув таъминотисиз қолмоқда

Фото: ТАСС

Сурия пойтахти Дамашқ ва унинг атрофидаги жойлардаги 5,5 млн лик аҳоли шаҳарнинг сувга эҳтиёжининг 70 фоизини таъминловчи чашмалар жойлашган Вади-Барад водийсидаги жанговар ҳаракатлар туфайли 22 декабрдан бери марказий сув таъминотидан узилиб қолди. Бу ҳақда журналистларга БМТ бош котибининг расмий вакили ўринбосари Фархон Ҳақ маълум қилди. 

Ҳақнинг айтишича, шу сабабли ичимлик сувига нархлар 6-10 мартага ошиб кетган, унинг танқислиги эса юқумли касалликларнинг тарқалиши билан хавф солмоқда.

БМТ маълумотларига кўра, Дамашқда аҳолининг минимал эҳтиёжларини таъминлаш режаси амалга оширилиши эълон қилинди. Юк машиналарида мактаблар, шифохоналар ва новвойхоналарга, бир қатор туманларга сув солинган цистерналар етказилмоқда. 

БМТ томондан Дамашқда 120 та сув қудуғи тикланди, бу эса шаҳарнинг сувга эҳтиёжининг учдан бир қисмини таъминлайди. Бу қудуқлар бутун Дамашқдаги ягона сув манбаси бўлиб қолмоқда. БМТ Сурия ҳукуматига сув тозалигини текширувчи ускуналар, насос ишларини таъминловчи генератор ва уларга ёқилғи тақдим қилган.

Дамашқни сув билан таъминловчи асосий манба Вади-Барад водийсидаги Айн-ал-Фижи чашмаси ҳисобланади. Декабрда жангарилар магистрал сув қувурини портлатгандан кейин сув таъминоти издан чиққан.

Мавзуга оид