16:01 / 05.01.2017
81653

"Шартим шуки, ногирон қизимга уйланасан..."

Аллоҳ таолога тақво қилиш ундан қўрқишдир. Аллоҳ таолодан қўрқиш эса, гуноҳ ишларни тарк этиш ва савоб ишларни кўп қилиш ила содир бўлади.
Ислом динини бир томонлама талқин қилувчиларда тақводорлик тўғрисида нотўғри тушунча шаклланган. Аксарилар тақвони тарки дунё қилиш, қоронғи хонага кириб зикру-ибодат билан машғул бўлиш, деб тушунадилар.
 
Аслида, «тақво» сўзи «сақланмоқ», «эҳтиёт бўлмоқ» маъноларини англатади. У «виқоя» сўзидан олинган бўлиб, бир нарсани унга озор ва зарар берадиган нарсадан сақлашни англатади. Бинобарин, тақво ўзини қўрқинчли нарсадан сақлашдан иборат. Гоҳида «тақво» хавф маъносида ёки аксинча ҳам ишлатилади.

Ҳазрати Умар (розияллоҳу анҳу) дан: «Тақво нима?» деб сўралганда, «Араблар сертикон майдондан ялангоёқ бўлиб, тикондан сақланиб ўтиб кетишни тақво деб атайдилар», деганлар. 

Ҳаётда гуноҳ ишлар ҳам худди тиконларга ўхшайди. Ким улардан эҳтиёт бўлмаса, озор чекади, улардан сақланиб юрган киши эса тақво қилган бўлади. Оқибатда тақво инсон қалбидаги ҳолатга айланади. Бу ҳолат қалбни ҳассос қилиб, ҳар доим Аллоҳ таолонинг сезгиси билан яшайдиган қилиб қўяди.

Шу ўринда бир қиссани келтириб ўтамиз:

Ҳижрий биринчи асрда Аллоҳ таолодан қўрқадиган, тақводор, камсуқум, ҳалол бир йигит яшар эди. У илму-маърифатга ниҳоятда чанқоқ эди. Лекин қўли қисқа, камбағал эди. Фақирлигидан кўпинча ҳатто тўйиб ҳам овқатлана олмасди. 

Кунлардан бир куни у азбаройи очликнинг зўридан уйидан кўчага чиқишга мажбур бўлди. Чунки, уйида ейишга ҳеч нарса қолмаганди. У катта йўл бўйлаб боши оққан томонга қараб кетар экан, бир вақт мевали дарахтлар билан тўла бўлган катта боғ олдидан чиқиб қолди. Боғ гир айланасига девор билан ўралган эди. Деворнинг бир жойидан олма дарахтининг серҳосил шохлари ташқарига осилиб турар ва унинг тагида бир-нечта сарҳил ва йирик олмалар ер билан битта бўлиб тўкилиб ётарди. Кўз олдида «Мени емайсанми?!», дегандек мафтункор товланиб турган бундай чиройли ва йирик олмаларни кўриб, йигитнинг оғзидан суви қочиб кетди. Ўзига ўзи: «Барибир тўкилиб ётиптику, мен емасам буларнинг ҳузурини чорвалар кўради, ёки умуман ҳеч ким емасдан шу ерда қолиб, чириб кетади. Ундан кўра биттасини еб, очлигимни кеткизсам, нима қилибди?!», - деган ўйни хаёлидан ўтказди-ю, олмалардан бирини қўлига олиб, еб қўйди. Битта олма билан ошқозонининг алангасини сўндиргач, Аллоҳга ҳамд айтиб, уйига қайтиб кетди. Ва яна ўзининг кундалик юмушларига, китобларига, мутолаасига шўнғиб кетди. Лекин негадир унинг кўнгли алланечук ғаш бўлиб қолганди. «Олмани боғ эгасининг розилигини олмасдан ейишни қандай қилиб, ўзингга эп кўрасан? Агар у норози бўлсачи, унда нима қиласан?», деган ўй-фикрлар унинг ҳаловатини ўғирлаганди. Шу тариқа нафси уни тинмай маломат қилиб, виждон азобида қийнала бошлади. «Қандай қилиб бировнинг мулки бўлган нарсани сўрамасдан еб қўйдим-а, еганимдан сўнг лоақал розилик ҳам сўраб қўймадим?», дея ғам-ғуссага ботди. Эртаси куни йигит боғ эгасини қидириб борди. Уни топгач, «Амаки, кеча қорним қаттиқ очиб кетганлигидан боғингизнинг олмасидан сўрамасдан еб қўйибман, ҳозир олдингизга ўша олмани еганимга изн беришингизни сўраб келдим», деди. Шунда боғ эгаси унга тикилиб турдида: «Йўқ, сўрамасдан еган олманг учун ҳеч қачон рози бўлмайман, қиёмат куни шу нарса учун сен билан даъволашаман», деди. Йигит ҳарчанд ялиниб ёлбориб, розилик тиласа ҳам боғ эгаси ўз сўзида қаттиқ туриб олди. Йигит унга: «Нима қилсам ўша олма учун рози бўласиз, айтинг», дея зор йиғлаб ўтинч қилди. Аммо боғ эгаси уни шу ҳолатда ортидан ялинтириб, уйига кириб кетаркан, унинг ёлборишларига заррача ҳам парво қилмади. Йигит эшик ортида унинг аср намозига чиқишини илҳақ бўлиб кутиб турди. Орадан анча вақт ўтиб аср намозига азон ҳам айтилди. Боғ эгаси уйидан чиқса, бояги йигит ҳали ҳам эшик олдида кўзидан ёш оқизиб турарди. Йигит боғ эгасини кўриши билан: «Амаки мен мана шу боғингизда умримнинг қолган қисмини ҳақ олмасдан боғбонлик билан ўтказишга розиман, ёки сиз нима десангиз ўшани қиламан, фақат еган олмамдан рози бўлиб, мени кечирсангиз бас», - деди.

Шу вақт боғ эгаси бироз ўйга толдида кейин: «Болам мен сени кечираман, фақат битта шарт билан», деди. Ниҳоят йигитнинг юзлари ёришиб, кўзларида қувонч порлади. 

– Истаган  шартингизни айтаверинг, амаки, - деди у.

– Шартим шуки,.. қизимга уйланасан!!! 

Кутилмаган бу шартдан йигитнинг ҳуши бошидан учаёзди. Ақли шошиб, бу қандай шарт бўлди экан, дея ўйлаб олишга ҳам улгурмасидан боғ эгаси сўзларини давом эттирди: 

– Фақат шуни айтиб қўяй, қизимнинг кўзи кўр, қулоғи кар, тили соқов, яна оёқ қўли ҳам ишламайдиган ногирон, фақат уйда ўтиради. Мен анчадан бери, уни омонат топширишим мумкин бўлган ва қизимни мазкур сифатларининг барчаси билан қабул қиладиган куёв қидираётган эдим, агар шу шартимга кўнсанг, еган олмангга рози бўламан.

Бундан йигит яна бир марта руҳий зарбага учради. «Бундай ногирон аёл билан қандай қилиб умрбод яшайман, ахир жуда ёш бўлсам? Бу аёл бундай оғир дардлари билан қандай қилиб менинг юмушларимни бажара олади? Уйни қандай идора қилади?», каби бир-биридан қийин саволлар гирдобида қолди. 

Лекин йигит тақводор бўлгани учун бу дунё ҳаёти эмас, балки кўпроқ охиратдаги ҳаёти ҳақида ғам чекарди. Шунинг учун ҳам «Агар шу шартга кўниб, ўша ногирон қизга уйлансам ва сабр қилсам, бунинг учун кўп ажрга эга бўламан иншоаллоҳ, энг муҳими олма муаммосидан халос бўламан-ку», дея ўзига таскин ва тасалли берди. Кейин ҳалиги кишига юзланиб: «Амаки, шартингизга розиман, қизингизни қабул қилдим!», - деди.

– Жуда соз болам, - деди боғ эгаси – келаётган пайшанба куни бизникига келасиз, кичик бир оилавий зиёфат уюштирамиз. Айтганча, тўйнинг сарф-харажатлари менинг бўйнимда, маҳр ҳам, - қўшиб қўйди у. 

Пайшанба куни ҳам келди. Қаҳрамонимиз ўз маҳбубасининг висолига ошиққан ҳамма куёвлар сингари шошилиб, қадамидан ўт чақнаб эмас, балки оёқларини зўр-базўр судраб, кўнгли синиқ, хотири паришон бир аҳволда бўлажак қайнотасининг уйига келди.

Эшикни тақиллатди. Қайнотаси унга пешвоз чиқиб, уйга олиб кирди. Ноз-неъматлардан тановул қилиб, уёқ-буёқдан бироз суҳбатлашишгач, никоҳ маросими бўлиб ўтди, қайнота «Ўғлим, энди завжангиз ҳузурига марҳамат қилинг», дея куёвни гўшанга томон бошлар экан «Аллоҳ таоло сизларнинг жуфтлигингизни муборак айласин, орангизни хайру эзгуликда жам қилсин!», дея дуога қўл очди.

Шундай қилиб, куёв келин ўтирган хонага кирди. Қараса қаршисида ниҳоятда гўзал, бадани сутдек оппоқ, ҳарирдек тим қора сочлари белига қадар тушган, қора қошу-қора кўз, қадди қомати расо, хушбичим, парирўй бир нозанин турарди. У аста қадам ташлаб хожаси олдига яқин келиб, «Ассалому алайкум бегим!», дея салом берди. 

Бизнинг қаҳрамонимиз айни дамда кўз ўнгида содир бўлаётган ажиб ҳолатдан ҳушини йўқотаёзганди. «Тушимми ё ўнгимми, қаршимдаги қиз жаннат ҳурларидан бир ҳурмидир, самодан тушган, ёки мен алаҳсираяпманми?» дерди ўзига-ўзи. «Тўхта-чи, ахир менинг хотиним ногирон эдику?», дея хонадан чиқиб кетмоқчи ҳам бўлди.

Қиз айни дамда унинг кўнглидан ўтаётган нарсаларни пайқаб турарди. Шу боис, у ҳурмат билан эрининг қўлидан ўпар экан шундай деди: «Бегим, менинг ҳаромга, номаҳрамларга қарашдан кўзларим кўр, ҳаромни эшитишдан қулоқларим кар, ҳаромни сўзлашдан тилим гунгдир. Оёқларим ҳаром томонга бир қадам ҳам ташламаган, қўлларим ҳаромни ушламаган... Отам айтган сўзларнинг сири шу». Йигит кутилмаганда кулиб боққан бундай бахтдан димоғи чоғ эди. Қиз сўзларини давом эттирди: «Мен отамнинг ёлғиз қизиман. Отам анчадан бери менга муносиб, солиҳ жуфт қидирарди. У ерга тушган биттагина олмани берухсат еб қўйганингиз учун ризолик сўраб келганингиз ва шунинг учун йиғлаганингизни кўриб, айнан сиз менга муносиб эканлигингизга амин бўлди. «Ўзиники бўлмаган бир дона олмани егани учун шу қадар қўрқадиган киши менинг қизим борасида ҳам Аллоҳдан кўпроқ қўрқиши тайиндир», деб айтдилар отам – «Отамга сиздек куёв, менга эса сиздек умр йўлдош муборак бўлсин!».

Бир йилдан сўнг бу қутлуғ хонадонда фарзанд туғилди. Ўша фарзанд бу уммат тарихида ўтган ноёб, буюк шахслардан бири бўлиб етишади. Биласизми бу боланинг кимлигини? У машҳур фиқҳий мазҳаб соҳиби бўлмиш, Имом Абу Ҳанифадир (раҳматуллоҳи алайҳи).

Аллоҳ таоло айтганидек, «Ким Аллоҳдан қўрқса, У зот унинг учун (барча ғам-кулфатлардан) чиқар йўлни (пайдо) қилур» (Талоқ сураси, 2-ояти).

Раҳматуллоҳ САЙФУДДИНОВ
Юнусобод тумани бош имом-хатиби,
Тошкент Ислом Институти ўқитувчиси,
«Мирза Юсуф» жоме масжиди имом-хатиби

Top