Жамият | 10:00 / 01.01.2026
76008
3 дақиқада ўқилади

“70 ёшда фарзандли бўлишнинг гашти бошқача экан” – 7 қиздан кейин ўғил кўрган ота

Орамизда “Етмишвойлар” ҳали ҳам бор экан. 70 ёшни қоралаган Маъмур ота Ўринбоев 7 қиздан кейин ўғил фарзандли бўлди. Қаҳрамонимиз одамларнинг уйида ўчоқ, тандир ясайди, устачилик билан шуғулланади. “Бир этак қиздан кейин Аллоҳ мени ҳам ўғил фарзанд билан сийлади. Шу ёшда бунинг гашти бошқача бўлар экан. Ёшариб кетгандекман. Ишдан қайтишда ҳар куни ўғилчамга дўкондан “пасперс” сотиб оламан. Ўғлимнинг кулганини кўриб чарчоқларим чиқиб кетади”, дейди у севиниб.

Авваллари 70 ёшида фарзанд кўрибди, дейишса ҳеч ким ажабланмаган. Ҳозирга келиб бу ёшда фарзандли бўлиш ҳақиқатан ҳам “ноёб” ҳолат. Фарғонанинг Қўштепа туманида яшовчи Маъмир ота Ўринбоев 7 қиздан кейин шу йили ўғил фарзанд кўрди.

“1980 йилда уйландим. Фарзанд кута бошладик. Яхши ниятда агар ўғил бўлса исмини Маърифжон қўямиз, дея аҳд қилгандик. Яратган бизга қиз фарзанд берди. 6 нафар қизни вояга етказдим. Барчасини турмушга узатдим, уйли-жойли қилдим. Қизларим кўплигидан нолимаганман.

Турмуш ўртоғимнинг умри қисқа экан. 53 ёшида вафот этди. Бандаси ёлғизликни кўтара олмас экан. Иккинчи марта уйландим. Иккинчи аёлимдан ўғил фарзанд кўрдим. Биринчи аёлимнинг васиятига кўра унинг исмини Маъруфжон деб қўйдик. Уйланганимдан кейин 45 йилда ўғил фарзанд насиб қилди. Ана шу ўғлим учун ҳам Яратгандан тан-у жонимиз соғ бўлишини сўраяпман. Ўғлим йўқ деб ўксиб юрардим. Ниятимга етдим. Худога беадад шукур. Аллоҳ умримизни зиёда қилиб келинлар олайлик, келинларнинг қўлидан чой ичайлик.

Рўзғор учун етказа олмай қоламанми, деган ўй хаёлимдан ўтмайди. Фақат ҳаракат қиламан, яратгандан куч-қувват тилайман. Борига шукур қиламиз, йўғига сабр. Одамларнинг уйида устачилик қиламан. Тандир-ўчоқ ясайман. Пул ишлаб келиб дўкондан чақалоқ учун памперс сотиб оламан. Уй совиб кетмаслиги учун ўтин тайёрлайман. Хуллас, шу ёшимда ҳам тетикман. Фарзандим учун ҳам яшашим керак.

Яқинда қизларим Умрага жўнатишди. Сафарда ҳам Маъруфжонимни жуда соғиндим. 70 ёшда ўғил фарзандли бўлишнинг гашти бошқача экан”, дейди қаҳрамонимиз.

Сарвар Зиёев,
Сардор Мамиров,
Kun.uz

Сарвар Зияев
Муаллиф Сарвар Зияев

Мавзуга оид