Жамият | 10:47 / 22.01.2017
48286
13 дақиқада ўқилади

Ҳар бир инсоннинг ўз шахсий қиёмати бор...

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Аллоҳ таолога беадад ҳамду саноларимиз ва пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллалоҳу алайҳи васалламга беҳисоб саловоту дурудларимиз бўлсин!

Аллоҳ таоло оламларни яратар экан, бу оламлар неча мингта бўлса, барчаларининг орасида ўзаро низомларни жорий қилгандир. Аллоҳ яратган барча мавжудоту махлуқотлар У тузиб берган низом остида, Унинг қонун-қоидаларига риоя қилган ҳолда ҳаёт кечиради ва ўз ҳаракатида давом этади.

Агар Аллоҳ тузиб берган қонунларга амал қилинмаса, ҳар бир мавжудот ва махлуқот ўз хоҳиши билан иш кўрадиган бўлса, ана шунда қиёмат бошланади, ҳаммаёқ остин-устун бўлади, фалокатлар, фожиалар ва инсоннинг кўзи кўриб, қулоғи эшитмаган воқеа-ҳодисалар содир бўлади.

Худди шундай, ер шарини олиб қарайдиган бўлсак ёки чексиз осмонда сузиб юрган, минглаб, балки миллионлаб сайёралар, юлдузлар ва ҳоказо – барчаси Аллоҳ таоло белгилаб қўйган низом орқали ҳаракатланади. Ушбу низомдан озгина четга чиқиладиган бўлса, катта-катта фалокатлар бўлади. Буни хозирги кунда шу соҳанинг мутахассис олимлари ҳам ўзларининг ҳисоб-китоблари асосида, ускуналари билан кўриб, текшириб, шунга иймон келтиришмоқда ва эътироф этишмоқда.

Улар коинот ҳақидаги турли тахминларни, «Фалон метиорит фалон вақтда келиб, тўппа-тўғри ерга урилар экан», деганга ўхшаш гапларни тез-тез айтишни бошладилар. Лекин Аллоҳ таоло ўзи белгилаган кун келади, Қиёмат соатлари яқинлашади, ана шунда барча сайёралар, юлдузлар, қуёш, ой, ер шари – ҳаммаси бир-бири билан уришади, парча-парча бўлиб осмонда худди патга ўхшаб, худди чангга ўхшаб учиб юрадиган нарсага айланади.

Аллоҳ таолонинг ўзи бутун оламлардаги оҳисталикни, тинчлик ва осудаликни сақлашлиги учун уларни ўз фалакларида юрадиган қилиб яратиб қўйган. Бу ҳақида Аллоҳ таоло қуйидагича марҳамат қилади:

وَهُوَ الَّذِي خَلَقَ اللَّيْلَ وَالنَّهَارَ وَالشَّمْسَ وَالْقَمَرَ كُلٌّ فِي فَلَكٍ يَسْبَحُونَ

«У кеча ва кундузни, қуёшу ойни яратган зотдир. Ҳаммаси фалакда сузмоқдалар» (Анбиё сураси, 33-оят).

Кўзимизга кўриниб турган энг катта махлуқотлардан бири қуёш ва ойдир. Кеча ва кундузни ҳамда баҳор, ёз, куз, қиш фаслларининг қандай ажойиб тарзда, аниқлик билан алмашиб туриши инсоннинг ақлини лол қолдиради. Ой билан қуёш ҳам худди шундай ўз йўлида сузиб юрадики, агар қуёш ҳозирги белгиланган чизиғидан ерга озгина яқинлашса, ер юзида ҳаёт қолмайди, ҳамма нарса куйиб кетади. Озгина узоқлашса эса, худди Антарктидадек ҳаммаёқ музлаб, қотиб қолади. Қуёш ўзи учун белгиланган чизиқдан заррача узоқлашмайди ва заррача яқинлашмайди, Аллоҳ белгилаб қўйган, шу низомдан ташқарига чиқолмайди. Ой ҳам худди шундай. Агар ой ҳам белгиланган чизиғидан озгина чиқиб кетадиган бўлса, турли мева-чевалар ва бошқа нарсаларга ранг ҳам, лаззат ҳам, маза ҳам кирмайди ҳамда океанлардаги сув сатҳи кўтарилиб ёки тушиб кетади ва ернинг ўз ўқи атрофида айланишига катта таъсир этади. Қарабсизки, дунё остун устун бўлади.

Буларнинг барчасини Аллоҳ таоло бизларга ибрат бўлишлик учун яратган бўлиб, У яна марҳамат қилади:

وَالشَّمْسُ تَجْرِي لِمُسْتَقَرٍّ لَهَا ذَلِكَ تَقْدِيرُ الْعَزِيزِ الْعَلِيمِ(38)وَالْقَمَرَ قَدَّرْنَاهُ مَنَازِلَ حَتَّى عَادَ كَالْعُرْجُونِ الْقَدِيمِ(39)لَا الشَّمْسُ يَنْبَغِي لَهَا أَنْ تُدْرِكَ الْقَمَرَ وَلَا اللَّيْلُ سَابِقُ النَّهَارِ وَكُلٌّ فِي فَلَكٍ يَسْبَحُونَ(40)

«Қуёш ўз истиқрори учун жараён этар. Бу Азизу, ўта билгувчи Зотнинг тақдир қилганидир. Ойни эса, токи эски (хурмо) шингили (ҳолига) қайтгунга қадар манзилларини ўлчаб қўйганмиз. На қуёшнинг ойга етиб олмоғи дуруст бўлар ва на кеча кундуздан ўзиб кетар. Ҳар бири фалакда сузиб юрар» (Ёсин сураси, 38-40-оятлар).

Қуёш ва ой ўз белгиланган чизиғидан бир лаҳза тезлашиб ҳам, секинлашиб ҳам кетмайди. Буларнинг ҳаммаси инсонлар учун ибратдир. Қуёш ва ой ҳам ўз манзили орқали сузиб юрганлиги сабабли, бизнинг ҳаётимиз тинч, хотиржам ва осойишта ҳолатда давом этиб бормоқда. Буларнинг ҳаммаси бизлар учун мусаххар қилинган махлуқотлардир.

Бундан хулоса шуки, мадомики барча махлуқотлар Аллоҳ таолонинг низомига амал қилган ҳолатда ҳаракатланадиган бўлса, бизнинг ҳаётимиз, хузур-ҳаловатимиз ва саломатлигимиз таъминланади. Аммо у махлуқоту мавжудотлар ёки биз инсонлар Аллоҳнинг айтганидан ташқарига чиқиб, озгина адашадиган бўлсак, мана шу ҳар биримиз учун қиёматдир! Ўйламайлик, у катта қиёмат келгунича қиёмат бўлмайди деб. Ҳар бир инсоннинг ўз шахсий қиёмати бор бўлиб, кимки ўлса, бу унинг қиёмати қоим бўлганидир.

Ўлим дегани эса, фақатгина жасаддан руҳнинг ажралиши билан бўлмайди. Жасаддаги қалбда иймон бўлмаса у ўлик бўлади, у хароба қалб бўлади, вайрон бўлган хароба уйга ўхшаб қолади. Шунинг учун азизлар, инсоннинг тириклиги иймон эътиқод биландир.

Иймон эътиқоднинг мадори нима? Унинг мадори – иймоннинг тақозосига кўра амал қилишлик ва иймоннинг қайтарганидан қайтишлик билан бўлади. Агар борди-ю, биз айтиб ўтган миллионлаб юлдузлар, сайёралар, қуёш, ой ва ер шари ўз низомида бир текис сузиб турса-ю, лекин инсонлар Аллоҳнинг буйруқларидан четга чиқиб, у ёқдан бу ёққа ўзини ташлаб, унинг учун белгилаб қўйилган қонун-қоида ва низомларга риоя қилмасдан, пала-партиш ҳаёт кечирадиган бўлса, бу инсонларнинг қилаётган қилиқларининг касофати юлдузларга ҳам, ою қуёшга ҳам таъсир қила олади. Инсонларнинг гуноҳу маъсияти, осийлиги ва исёни кўпайиб кетганлиги сабабидан, Аллоҳ таоло инсонларни жазолаш учун мана шундай катта махлуқотларни ҳам ўз низомидан чиқартириб юбориб, улар инсонларга катта-катта офатлар ва зарарларни келтиришлигига сабабчи бўладилар. Асли сабаб эса ўзимиз бўламиз.

Шунинг учун улар – ою қуёш, юлдузлар ва барча бошқа мавжудоту махлуқотлар Аллоҳ таолонинг буйруғидан қилча четга чиқа олмайди. Аллоҳнинг буйруқларига дунёдаги энг исён келтирадиган тажовузкорлар – биз инсонлармиз, энг исёнчи халқ аслида бизмиз. Аллоҳ таолонинг буйруқларига бўйсунмайдиган, Аллоҳ тузиб қўйган низомга амал қилмайдиган биз бўламиз. Ҳар биримиз гўёки ўзимиз, ҳаётимиз учун қонун-қоидани белгилаймиз, кун-тунимизнинг тартибини ўзимиз хоҳлагандек тузамиз. Аллоҳ таоло тузиб берган низомга, қонун-қоидасига, кун тартибига риоя қилмаймиз ва биз учун у гўёки манфаатсиздек туюлиши мумкин. Ўзимизни доно, ҳар нарсани билувчи ақлли, деб ҳис қиламиз. Натижада Аллоҳ таолонинг амрларини унутиб, билганимиздан қолмаймиз. Айнан шунинг сабабидан турли-туман фитна-фасодлар, мудҳиш ҳодисалар юз беради. Бир дунёга назар ташланг – қанчадан-қанча офатлар, кулфатлар, қирғинбарот урушлар, фитналар содир этилмоқда. Албатта, буларнинг барчаси бежиз эмас!

Тағин ҳам, Аллоҳ таоло юқорида кўрсатилган катта-катта махлуқоту мавжудотларни, ою қуёшларни хали ҳам ўз меъёрида айланишини таъминлаб турибди, улар заррача четга чиққанлари йўқ.

Лекин биз инсонлар Аллоҳ таоло белгилаб қўйган деярли барча чегара ҳудудларга тажовуз қиляпмиз. Ўзимизни нима учун яратилганлигимизнинг моҳияти ва ҳикматини кўпчилигимиз билмаганимиз учун ўзимизни ўзимиз ҳалокатга ташлаяпмиз. Аслида, бу дунёда мавжуд бўлган ҳар бир жонзот ва мавжудотнинг ўзига яраша масъулияти, жавобгарлиги ва хизмати бор. Биз бу ўринда кўпгина инсонларни дин йўлида Аллоҳга нисбатан қилаётган исёнлари ва гуноҳи кабиралари тўғрисида гапириб ўтирмоқчи эмасмиз. Чунки у катта гуноҳларни деярли барчамиз яхши биламиз. Шунингдек, ибодатлардаги сусткашлик, ялқовлик ва дангасаликни ҳам гапирмоқчи эмасмиз. Албатта, буларнинг гапиришни ўз ўрни бор. Қуйида эса биз одамлар тарафидан ўйлаб чиқарилган баъзи бир оддийгина қонун-қоидаларга риоя қилинмаганда келиб чиқадиган муаммолар тўғрисида сўз юритмоқчимиз.

Инсонларнинг ўз йўлида сайр қилишлари ва уларнинг хавфсизлигини, тинчлик ва хотиржамлигини таъминлаш мақсадида, бутун дунё халқлари ўзаро йўл қоидаларини ишлаб чиққанлар. Мана шу йўл қоидалари ҳам бутун инсоният тинч-омонлиги, тану жонининг сиҳат-саломатлигини таъминлаб беришлик учун ишлаб чиқилади. Бирор бир одам: «Фалон мамлакатнинг йўл ҳаракати қоидалари халқининг манфаати учун эмас, балки зарари учун ишлаб чиқарилган», деб айта оладими? Албатта, ҳеч қайси мамлакатда бундай йўл қоидаси йўқ. Дунёдаги энг ривожланмаган ва энг қолоқ бўлган мамлакатнинг йўл ҳаракати қоидалари ҳам, ўз халқининг тинч-омонлиги, сиҳат-саломатлигини кўзлагана ҳолда ишлаб чиқарилган бўлади. Бизнинг мамлакатимизда ҳам йўл ҳаракати қоидалари тузилган экан, шу йўлда ҳаракатланувчи ҳар бир шахс, жумладан, мўмин-мусулмонлар шунга риоя қилишлари шарт. Баъзи бирлар: «Қуръони каримда йўл ҳаракати қонун-қоидаларига амал қилинглар деган оят йўқ-ку», деб даъво қилиши мумкин.

Юқорида келтирилган оят-карималаримиз шунга далолат қилмайдими?! Аллоҳ таоло ҳар бир мавжудотни, осмон жисмларини ўзининг йўлида юришлигини таъминлаб қўйган экан, нима учун биз бандалар ўзимизни йўлимизда юрмаймиз? Нима учун қуёш, ой ва юлдузлар Аллоҳнинг қонун-қоидасига риоя қилади-ку, биз ўзимизнинг хавфсизлигимиз учун ишлаб чиқарилган қонун-қоидага риоя қилмаймиз? Айтишларингиз мумкин: «Буни Аллоҳ таоло ишлаб чиқмаган, қонунчилар ўтириб олиб йўл ҳаракати хавсизлиги қонун-қоидаларини ишлаб чиққан, бу банданинг қонун қоидаси-ку!», деб. Шариатнинг ҳукми шуки, усул ул-фиқҳда келтирилади – банда бирор бир нарсани бошқа бандаларнинг манфаати учун ишлаб чиқар экан, Шариатнинг аҳкомига хилоф бўлмаса, бу ҳам шаръий далил бўла олади. Инсоннинг манфаати учун ишлаб чиқилган ҳар бир нарса, Шариатнинг ўзагига, Шариатнинг аслига хилоф бўлмаган тақдирда, у шаръий ҳужжат ўрнида қабул қилинади. Йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидалари эса, азизу мукаррам бўлган инсонларни тану жонининг соғлиғи, тинчлик ва омонликда бўлиши учун ишлаб чиқилгандир. Ушбу қоидаларни бузилиши оқибатида турли хил фожиалар, фалокатлар юз беради, минглаб одамлар ҳаётдан кўз юмади.

Шунингдек, самолётлар учадиган ҳаво йўлларини олсак, ҳар бир ҳаво кемаси учун белгилаб қўйилган ўз йўли бор. Бундай қарасангиз, осмон чексиздек кўринади. Аммо шу чексиз осмонда битта самолёт ўзига белгилаб қўйилган йўлдан юқорига ёки пастга, ўнгга ёки чапга чиқиб кетса, арзимас вақтнинг ичида бир фалокат юз бериши мумкин. Нима учун шундай катта осмонда кичкинагина самолётлар сиғмасдан, бир-бири билан уришиб кетиши ҳолатлари кўп учрайди, нима учун бу фожиаларда юзлаб одамлар ўлади? Чунки улар учун белгилаб қўйилган баландлик ва пастлик, ўз учиш чегаралари бор бўлиб, агарда уларга риоя этмасалар фалокат юз беради. Шунинг учун самолётни бошқариб кетаётган учувчи, доимий равишда ердан кузатиб турувчи назоратчилар билан боғланиб, уларнинг буйруқларини бажариб, тўғри учаётганини таъминлаб туради. Энди ўйлаб кўринг – сизни шахсий самолётингиз бўлса ва осмоннинг эгаси йўқ, ўзим хоҳлагандек учаман, деб ўзингизча уча оласизми? Албатта йўқ, чунки сиз тез орада бир фожиага учраб, ўзингизни ва бошқаларни ҳалокатга йўлиқтирасиз.

Худди шунингдек, Аллоҳ белгилаб қўйган қонун-қоидаларга риоя қилмаётган маълум бир инсонлар, ҳозирча, зоҳиран турли фожиаларга ва ҳалокатларга дучор бўлмагандек кўринсалар-да, лекин аслида, ботинан, руҳан ва маънан тузатиб бўлмас дардга гирифтор бўлган, алал-оқибат дунё ва охиратдаги энг катта фалокатларга ва балоларга учрайдилар.

Исҳоқжон БЕГМАТОВ,
Тошкент Ислом Институти ўқитувчиси,
«Тўхтабой» жоме масжиди имом-хатиби,
«Олтин Қалам» ХI Миллий мукофоти соҳиби

Мавзуга оид