18:11 / 22.01.2017
73913

Kun.uz’га мактуб: “Ҳаммамиз Шавкат Мирзиёев бўлайлик!”

Нашримизга жамиятнинг турли қатламларидан, турли соҳаларда фаолият юритаётган фуқаролардан айрим муаммолар бўйича фикрлар изҳор этилган мактублар келмоқда. Мактубларда ўзлари истиқомат қилиб турган ҳудуддаги муаммолар ва камчиликларга тўхталиб ўтилган бўлиб, Kun.uz ушбу мактубларнинг айримлари билан ўз ўқувчиларини таништиришда давом этади.

“Қишлоқдаги ўта ёмон шароитни сизларга ёритиш учун илтимоснома йўлламоқчиман. Сизларнинг ҳам қилаётган савобли ишларингиз Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёев виртуал қабулхонасидан қолишмайди, десак муболаға бўлмайди. Андижонда ҳал қилинган ва қилинаётган муаммолар ана шундан далолат бериб турибди. Бизнинг Самарқанд вилояти, Пахтачи тумани, "Оқсарой” маҳалласида табиий газ умуман йўқ! Тўғри давлат газ баллонлари билан таъминлаган (шунда ҳам барчани эмас), бироқ рўзғорда овқат пиширишдан ташқари, уйни, ҳаммомни иситиш, деган энг асосий шароитлар ҳам бўлиши керак, назаримда. Оилада кексалар, янги туғилган чақалоқли оналар, беморлар бор - бу ҳол уч-тўрт йилдан буён давом этиб келмоқда. 

Аслида уч-тўрт йилдан олдинги йилларда ҳам газ ва чироқ таъминоти меъёрий, давомий бўлмаган! Шароити борлар шаҳарда қишлаб келади, шароити йўқлар эса 70-80 фоизни ташкил қилади! Умуман, бу нима деган гап? Тўғри, одамларда қарздорлик бор, аммо қарзи йўқларнинг нима айби бор? Буларни тўғирлаб, тартибга олса бўлади-ку! 

Одамларимиз андишали, лекин жонидан ўтганда қарғаб юборадиган кексаларимиз ҳам йўқ эмас. Бунинг охири яхшиликка бормайди, одамларимиз аламзада бўлиб қолади, давлатимиз ва сиёсатимизга нисбатан нотўғри тушунча шаклланади, ўсиб келаётган ёшларимиз ҳам шундай тушунчада катта бўлади, ёшларнинг асосий вақти ўқиш, спорт билан шуғулланиш ўрнига ўтин топиш, уни чопиб ёқишга тайёрлаш, печка қуриш билан ўтиб кетади - қарабсизки жамиятимизнинг бир бўлаги мана шу шу руҳда шаклланади! Менимча, бундай бўлмаслигини таъминлашга ўзини ва халқини ҳурмат қиладиган, Ўзбекистон фуқаросиман, деган ҳар бир инсон масъулдир. Нима учун Ўзбекистонда Шавкат Мирзиёев битта бўлиши керак?! Ҳаммамиз Шавкат Мирзиёев бўлайлик! Ахир ҳаммамиз унинг акаси ё укаси, опаси ё синглисимиз-ку! Аллоҳ Одам Атони яратаётганда БИЗнинг тупроғимиз шу ВАТАНдан тўғри келган-ку, ҳаммамизнинг тупроғимиз бир ердан-ку!..

Сизлардан илтимосимиз, шуни интернетда ёритиб, Андижондаги «сув» муаммосини ҳал қилишга ёрдамлашганингиз каби бизга ҳам ёрдам қўлини чўзишингизни сўраб қоламиз!”.

Таҳририятдан: Шу ўринда муҳим бир савол ўртага чиқади: вилоятлардаги муаммо ва камчиликлар қачонки Шавкат Мирзиёев бориб ўргансагина бартараф этиладими? Унда ваколатли мансабдор шахслар нима билан банд? Аҳоли турмуш шароитини яхшилаш, жамият ҳаётини янада фаровон этиш борасида Ўзбекистон мустақил бўлганидан буён долзарб ислоҳотлар амалга ошириляпти. 

Гап кимнидир ёки қайсидир раҳбарнинг камчиликларини топиш, уни айблаш ёки шарманда қилиш ҳақида бормаяпти. Гап инсонлар қадри, уларнинг ҳақ-ҳуқуқлари ҳақида кетяпти. Мана шу инсонлар орасида турли тоифа одамлар бор: бири бемор, бири ногирон, яна бири кекса ёшли, бошқаси боқувчисиз... 

Биз Шаҳрисабз туманидаги чироқ таъминоти масаласи бўйича иккинчи таҳлилий мақолани эълон қилганимизда, унда юқоридаги муаммоларга аҳолининг ўзи сабабчи, деган фикрни илгари сурган эдик. Аммо мақола эълон қилингач, таҳририятимизга жуда кўп қўнғироқлар бўлди. Қўнғироқ қилганларнинг аксарияти коммунал тўловлардан ҳеч қандай қарздорлиги йўқлиги, керак бўлса, олдиндан тўлаб қўйишаётгани, аммо шунга яраша чироқ, газ, ичимлик суви йўқлигини айтиб, ўз фикрларини билдиришди. Аслини олиб қарайдиган бўлсак, чироқ таъминоти, табиий газ, тоза ичимлик суви, иссиқлик таъминоти, хуллас, аҳоли турмуш шароитига ўта зарур бўладиган бу каби воситаларни одамларга бериш давлатнинг энг бирламчи мажбурияти ҳисобланади.

Оддий бир мисол: электр таъминоти бўйича бир хонадон узлуксиз, қарздорлик ҳолатисиз тўловларни тўлаб келади, аммо маҳалладаги қарздорлар ёки электр таъминотидан ноқонуний фойдаланувчилар ҳисобига маҳалла ёки кўчада чироқ ўчса, у ҳам жабр тортади. Шу адолатданми? Адолатга нисбатан йўқолган ишонч сабаб, ўша киши ҳам лоқайдликка, боқибеғамликка берилиб, Ватанга дахлдорлик ҳиссини йўқотмайдими? Бунинг учун нима қилиш керак, деган саволга айтиб ўтмоқчимизки, мутасадди ташкилотлар ходимлари хонадонма хонадон юриб, аҳоли билан тушунтириш ишлари олиб бориб, қарзи йўқларнинг уйида чироқ, газ, ичимлик суви, хуллас, барча шароитларни таъминлаб, уни аҳолига намуна сифатида кўрсатиши керак. Жамият ичида хасадни эмас, ҳавасни уйғотиш лозим. Ёки буни ҳам Шавкат Мирзиёев келиб ўргатсинми?!!

Top