17:31 / 23.01.2017
19533

Тожикистонда коррупцияга қарши янги курашувчи пайдо бўлди

23 январда Тожикистон президенти Имомали Раҳмон мамлакат ҳукуматида навбатдаги кадрлар алмашинувини амалга оширди. У ҳукуматнинг икки аъзосини вазифасидан озод қилган ва коррупцияга қарши кураш маъмуриятига янги раҳбарни тасдиқлади. 

Шундай қилиб, Давлат молиявий назорати ва коррупцияга қарши кураш агентлигига Сулаймон Султонзода раҳбарлик қилади. У бунгача Тожикистон бош прокуратурасида кадрлар бўлими бошлиғи бўлиб ишлаган. Унга янги вазифасида Тоҳир Нурзода ўринбосарлик қилади, деб хабар қилмоқда Тожикистон президенти матбуот хизмати. 

Бундан ташқари, Раҳмоннинг фармонига кўра, Инвестициялар ва давлат мулкини бошқариш давлат қўмитаси раҳбари Қодир Қосим ҳам вазифасидан озод этилган. Унинг ўрнини бунгача президент аппарати раҳбари ўринбосари бўлиб келган Файзиддин Қаҳҳорзода эгаллаган. 

Транспорт вазири Шерали Ганджалзода вазир ўринбосари этиб тайинланган. Вазирлик раҳбарлиги Тоғли Бадахшон мухтор вилояти Рушан тумани раҳбари Худоёр Завқибекка ишониб топширилган. 

Тожикистон молия ва иқтисодиёт институти ректори бўлиб ишлаган Ашурбой Солиҳзода Тожикистон президентининг иқтисодий масалалар бўйича маслаҳатчиси лавозимига тайинланган. Бу лавозимда ишлаган Фаррух Ҳамрализода эса Ҳисоб палатаси раҳбарлигига тайинланган. У Дилмурод Давлатзоданинг ўрнини эгаллайди. 

Top