Жаҳон | 09:26 / 30.01.2017
14985
2 дақиқада ўқилади

Тожикистондаги қор кўчкилари оқибатлари

Тожикистонда Душанбе-Хўжанд автомобиль трассасининг 51 км дан 71 км гача қисми 28 январдаги 40 та қор кўчкиси юз бериши сабабли тўсиб қолинди, 100 дан ортиқ машина йўлда қолиб кетган.   

Одамларни эвакуация қилиш учун Тожикистон Фавқулодда вазиятлар қўмитаси раҳбари ўринбосари, полковник Салимзода бошчилигида ишчи гуруҳ тузилган.

28 ва 29 январларга ўтар кечаси ўтказилган ишлар натиижасида 500 киши, 30 та юк машинаси ва 60 та енгил машина эвакуация қилинган.  

Бир киши бедарак йўқолган. Таъкидланишича, қидирув-қутқарув ишлари давом эттирилмоқда.

Йўлларни тозалаш ва воқеа оқибатларини бартараф этиш учун йўлнинг икки четидан 6 та техника бирлиги ажратилган.

Кўчкилар содир бўлган жойларда аҳоли хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ДАН ходимлари ва IRS компанияси йўл хизмати ходимлари қўйилган.  

Душанбе-Хоруғ-Мурғоб автомобиль йўлидаги вазият жиддий бўлиб қолмоқда. Фавқулодда вазиятларни бартараф этиш бўйича штаб тузилган ва кун бўйи фаолият кўрсатмоқда. Шу муносабат сабабли Фавқулодда вазиятлар ва фуқаролик мудофааси қўмитаси аҳолидан узоқ сафарларга, қор кўчки хавфи бор жойларга боришдан воз кечишни ҳамда огоҳ ва эътиборли бўлишни қаътиятлик билан сўрамоқда.

Қўмитанинг маълум қилишича, охирги кунларда об-ҳаво илиқлашиши ва ёғингарчилик сабабли Ҳиссор тизмаси тоғларида, Тоғли Бадаҳшон автоном вилоятида, Душанбе-Хоруғ, Душанбе-Хўжанд, Душанбе-Жирғатол, Хоруғ-Мурғоб, Хоруғ-Ишкошим автомобиль йўлларида қор кўчкилари юз бериши хавфи сақланиб қолмоқда.

Мавзуга оид