Иқтисодиёт | 20:20 / 31.01.2017
8852
3 дақиқада ўқилади

2016 йилда инвестиция дастури доирасида 5,2 млрд долларлик лойиҳалар амалга оширилди

Ўзбекистон Иқтисодиёт вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Инвестиция дастури доирасида 2016 йилнинг январь—декабрь ойларида инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилиши тўғрисида маълумот эълон қилди.

2016 йилда фаол инвестицион сиёсатни амалга ошириш натижасида умумий қиймати 5,2 миллиард доллар бўлган 164 та лойиҳаларни амалга ошириш якунланди ҳамда 5329 та янги иш ўринлари яратилди, жумладан нефть-газ саноатида — 9 та лойиҳа, рангли металлургия тармоғида — 20, электроэнергетика соҳасида — 5, машинасозлик тармоғида — 3, электротехника соҳасида — 16, енгил саноатда — 17, бошқа тармоқларда — 94 та лойиҳалар.

Хусусан, «450 МВт қувватли икки буғ станцияси қуриш орқали Толимаржон ИЭСни кенгайтириш», «Ангрен ИЭСда теплофикацион танлов билан юқори кулли кўмирни ёқиш учун 130-150 МВт қувватли энергоблок қуриш», «Сиқув компрессор станциясини қуриш орқали Шарқий Бердақ ва Шимолий Бердақ конлари қўшимча инфратузилмасини ривожлантириш», «Жиззах вилоятидаги цемент заводини кенгайтириш», «Мис эритиш заводида янги эритув печини қуриш», «Қалмоққир конининг балансдан ташқари рудаларини ишлаб чиқаришга жалб қилиш», АЖ «ДжиЭм Ўзбекистон»да «Енгил автомобилларнинг «Т-250» моделини  ишлаб чиқаришни ташкил этиш», «Ангрен-Поп электрлаштирилган темир йўлини қуриш», «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК ҳаво кемалари паркини янгилаш (2 та янги Boeing-787 Dreamliner самалётларини олиб келиш)» , «Индорама Қўқон текстил» ХК МЧЖда ип йигирув ишлаб чиқаришни ташкил этиш (IV босқичи)» ва «Андижон вилоятидаги «Фантекс» МЧЖда ип йигирув ишлаб чиқаришни ташкил этиш», «Мейлисой» конини қурилиши» ва «Сирдарё вилоятидаги «Гулистон Мед Техника» МЧЖ ҚКда бир марта фойдаланиш учун стерилланган шприцлар ишлаб чиқаришни ташкил этиш», «Жиззах пластмасса» АЖда полиэтилен плёнкаларини ва трубаларни ишлаб чиқаришни ташкил этиш», «Жиззах» ЭИЗида шиша толасидан иссиқлик изоляциясини таъминлайдиган маҳсулотларни ва кенг ассортиментдаги электротехник маҳсулотларни ишлаб чиқаришни ташкил этиш» ва бошқалар.

Шу билан бирга, қабул қилинган дастурларнинг ижросини таъминлаш бўйича вазирлик, идоралар, хўжалик юритувчи субъектлар ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимиятлари томонидан мониторинг олиб бориш тартиби белгиланган тартибда тасдиқланди.

Ҳозирги пайтда ушбу йўлга қўйилган тизим ёрдамида инвестицион лойиҳаларнинг амалга оширилишида ҳар бир тармоқ жадвалининг бажарилиши бўйича тизимли мониторинг ўрнатилган ва бунинг натижасида муаммоли масалалар ва уларнинг ечими бўйича таклифлар киритиб борилмоқда.

Мавзуга оид