Қонунчилик палатаси депутати Дониёр Ғаниев Kun.uz’да эълон қилинган “Давлат ташкилотлари озар инвесторини “копток” қилмоқда. 3 кунлик иш 3 ойда ҳам битмади” сарлавҳали мақола юзасидан фикр билдирди.
“Aфсуски, қонунчиликдаги камчиликлар, бюрократик тўсиқлар, тендер жараёнларидаги мураккабликлар ҳамда вазирликлар ва маҳаллий ҳокимиятлар ўртасида давлат-хусусий шериклик (ДХШ) доирасида инвесторлар билан ишлаш, лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ишлар мувофиқлаштирилмаганлиги сабабли бугунги кунда кўплаб ДХШ лойиҳалари асоссиз кечиктирилиши ёки амалга оширилмай қолиб кетиши кузатилмоқда”, – дейди депутат.
Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги маълумотларига кўра, 2019-2020 йиллар давомида ДХШ доирасида ишлаб чиқилган 66та лойиҳадан атиги 13тасида (20 фоиз) битим имзоланган.
Ғаниевнинг маълум қилишича, унинг масъуллигида амалдаги қонунчиликдаги камчиликларни бартараф этиш ҳамда ДХШ соҳасини янада ривожлантириш, лойиҳаларга хорижий инвестицияларни жалб этиш ва уларни қўллаб-қувватлаш бўйича давлат раҳбарининг жорий йил май ойида ўтказилган йиғилишида берган топшириқлари асосида “Давлат-хусусий шериклик тўғрисида”ги қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича қонун лойиҳаси иккинчи ўқишга тайёрланмоқда.
“Қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида ривожланган давлатлар амалиётини ўрганишга, имкон қадар қонун лойиҳасини ДХШ соҳасида қабул қилинган халқаро қонунчилик талаб ва меъёрларга мослаштиришга ҳамда хорижий инвесторлар ва экспертларнинг қонун лойиҳаси юзасидан таклиф ва фикрларини қамраб олишга ҳаракат қилинмоқда. Жумладан, Осиё тараққиёт банки экспертлари ва маҳаллий консалтинг компания мутахассислари иштирокида қонун лойиҳасининг муҳокамаси ўтказилиб, уларнинг ҳам таклиф ва мулоҳазалари асосида қонун лойиҳасига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
ДХШ лойиҳаларини амалга ошириш жараёнида амалиётда инвесторлар тўқнаш келаётган муаммолардан келиб чиқиб, қонун лойиҳасида, биринчи навбатда, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан ДХШ лойиҳаларига ер участкаларини ажратишда уларнинг ролини белгилаш, шунингдек, хусусий шерикнинг иштироки ва танлаб олиш мезонлари, тендер жараёнини соддалаштириш ва муддатини қисқартириш, айниқса, хусусий ташаббускор томонидан илгари сурилган ДХШ лойиҳаларида тендер жараёнини енгиллаштиришга доир ўзгартиришлар киритилмоқда. Бундан ташқари, махсус лойиҳа ташкилотини тузиш, кредиторлар манфаатларини ҳимоя қилиш ва иштирокини таъминлаш бўйича таклифлар илгари сурилмоқда.














