Иқтисодиёт | 11:20 / 01.02.2017
5596
2 дақиқада ўқилади

Баффет Трамп ғалабасидан сўнг 12 млрд долларлик Америка акцияларини харид қилди

АҚШ президентлиги учун сайловлар бўлиб ўтган 2016 йил 8 ноябридан 2017 йил 27 январга қадар миллиардер Уоррен Баффетнинг Berkshire Hathaway инвестиция компанияси 12 млрд долларлик акцияларни харид қилди. Бу ҳақда тадбиркорнинг ўзи Bloomberg агентлигига берган интервьюсида маълум қилди. 2016 йилнинг биринчи 9 ойида компания 2,5 млрд долларлик қимматли қоғозларни харид қилган ва 20 млрдлик акцияларни сотган. 2015 йилда Berkshire тахминан 10 млрд долларлик қоғозларни харид қилганди. 

Баффет интервьюда унинг компанияси нима учун акцияларни харид қилганини изоҳламаган, аммо бу асосан унинг қарори бўлганини қайд этган. Таъкидлаш жоизки, акциялар бозоридаги пойга Трамп сайловда ғалаба қозонганидан сўнг бошланди. Чунки, инвесторлар унинг ваъдалари иқтисодий ўсишни таъминлайди, деб кутаётган эди. Бироқ, бу ижобий кайфият 7 мусулмон мамлакат фуқароларига кириш тақиқлангани тўғрисидаги фармон ошкор бўлгач, кескин ўзгарди. 

Баффет АҚШ иқтисодиёти йилига 4 фоизга ўсиши мумкинлигига ишонқирамаяпти.  Дональд Трамп эса, президент сифатида шуни мўлжалламоқда. Баффет сайловларда Ҳиллари Клинтонни қўллаб-қувватлаган бўлса-да, кейинчалик, сайловдаа ким ғолиб чиқишидан қатъиназар АҚШ иқтисодиётининг узоқ истиқболига ишонишини айтган эди. Баффет, шунингдек, Berkshire авиакомпаниялар акцияларини харид қилганми-йўқми?, деган саволни ҳам жавобсиз қолдирди. 2016 йил 30 сентябрь ҳолатига кўра, компания American Airlines, Delta Air Lines ва United Continental Holdings акцияларига эга эди. 

Баффет ноябрь ойида Southwest Airlines авиакомпаниясининг акцияларини харид қилиш хусусида сўз юритганди. Бир неча йиллар мобайнида соҳани танқид қилиб келган Баффетнинг бу қарори аксар кузатувчиларни лол қолдирди. 30 январь куни авиакомпаниялар акциялари Трамп фармонидан сўнгги хавотирлар сабабли яна тушиб кетди. Berkshire инвестиция компаниясининг декабрь ойидаги пакетларига доир маълумотлар февраль ойи охирида эълон қилинади. 2016 йил 30 сентябрида бу рақам 102,5 млрд долларни ташкил этган эди. 

Мавзуга оид