09:33 / 05.02.2017
3597

Перудаги тошқинлар оқибатида ҳалок бўлганлар сони 23 нафарга етди

Фото: AP

Перуда юз берган кучли тошқинлар оқибатида ҳалок бўлганлар сони 23 нафарга етди. Бу ҳақда 4 февралда Перу мудофаа вазирлиги маълум қилди.  

Вазирлик маълумотларига кўра, яна 37 киши жароҳат олган. Аввалроқ 11 киши ҳалок бўлгани маълум қилинган.    

Табиий офат оқибатида мулкига зарар етган одамлар сони 6 мингдан кўпроқни ташкил қилмоқда. Офат оқибатида жабр кўрганлар умумий сони эса 72 мингни ташкил қилмоқда. 15 мингта иншоотга шикаст етган, улардан мингтаси, 14 та кўприк ва 46 км йўл вайрон бўлган.

Ҳозирда Перу ҳукумати табиий офат оқибатларини бартараф этиш ва аҳолига ёрдам кўрсатишга 1,5 мингдан кўпроқ ҳарбийни жалб қилган, яна 1,8 минг аскар эҳтиёж туғилиши билан қутқарув ишларига қўшилишга шай турибди.

Перудаги тошқинлар кучли ёмғирлар туфайли юзага келди. Январь охирида ҳукумат Арекипа, Уанкавелика, Ика ва пойтахт Лимада фавқулодда вазият тартибини эълон қилишга қарор қилганди. 

Top