19:47 / 06.02.2017
51602

Таълим соҳасида оламшумул ютуқлар ҳақидаги эртакларни бас қилиб, тизимни инқилобий ислоҳ қилиш керак

Фейсбук фойдаланувчиларига «Мактаб,коллеж, академик лицейларда ўқувчиларнинг давомати нима учун паст деб ўйлайсиз?» саволи билан мурожаат қилинди. Бу мавзу ижтимоий тармоқда кенг муҳокама қилинди. 

Кимдир мактаб ва коллежларда ишлаётган ўқитувчи-педагогларни лаёқатсизлик, билимсизликда айблаган бўлса, айримлар ҳамма айб яхши ишламаётган таълим тизимида экани, бу тизим инқилобий ислоҳотларга муҳтож эканини таъкидлади. Кўпчилик эса коллеж ёки академик лицейга боргандан кўра пулини бериб қўйиб, ўқишга кириш учун репетиторга қатнаш фойдали эканини айтиб ўтган.

Таниқли блогер Санжар Саид мунозарага қўшилди ва пост остида қолдирилган фикрлар ва таклифлар асосида блогпост тайёрлади.

«Нега ҳеч ким қабул пайтидаги ғирромликлар ҳақида баҳс юритмайди? Агар тест тизими адолатли бўлса нега чаласавод болалар талаба бўлишади? Биз ўқитувчиларни айблашдан олдин аввал савол қўяйлик, яъни биз ўқитувчи олдидаги вазифа ва мажбуриятларимизни тўлиқ бажаряпмизми? Уларни вазифаларига кирмайдиган ишларни қилишга мажбурлаётган кимлар ва нега улар ҳақида қизғин баҳс олиб бормаймиз? Ўқитувчи биронта мансабдорнинг чаласавод боласига баҳо қўймаса ҳоли нима кечади? Буни билмаймизми? Нега кўпгина давлатларда ўқишга қатнашиш мажбурий бўлмасада талабалар дарсга ўз ихтиёрлари билан қатнашишади? Нега мактаб, лицейларда болалар ўзлари қизиқишиб ўқишади? Чунки мактабда яхши ўқимаса олийгоҳга кира олмайди, яхши мутахассис бўла олмайди. Мавзу давомат ҳақида ва мени қисқача жавобим ҳам шуки илмга, таълимга талаб йўқ. Ана шу конкрет жавоб. Энди нега талаб йўқ? Уни ўзимиздаги турли «чилик»лардан ахтариш керак», деган мунозарада фаол қатнашган Фарҳод Абдураҳмонов исм-шарифли интернет фойдаланувчиси.

Санжар Саиднинг «Давлат давоматни таъминлаш ва таълим сифатини ошириш учун нима қилиши керак?», деган саволига Фарҳод Абдураҳмонов қуйидагича жавоб қайтарган:
«Фикримизча, аввало ушбу масалани ҳал этишда тизимли ёндашиш керак. Мен бир сўз билан нима демоқчи эканлигимни тушунтирмоқчиман. Агарки муайян бир мақсадга эришишнинг ягона йўли фақат битта ҳақиқат бўлса ва давлат уни таъминласа, унда порахўрлик йўқолади. Мисол учун, ўқишга киришнинг ягона йўли фақат билим даражаси бўлса унда порахўрликка ўрин қолмайди. Агар ўқишга кирувчи талабгор қишлоқданми, шаҳарданми, бойнинг боласими, камбағалнинг боласими, ҳарбий хизматда бўлган ёки бўлмаганми, амалдорни боласими ёки оддий ишчининг фарзандими, отаси прокурорми ёки фаррошми қатъи назар, ўқишга киришда битта мезон боланинг билими бўлса ва бошқа ҳар қандай чиркин ишга йўл қўйилмаса ана шунда институтга кириш шарафига ҳақиқий билим соҳиби эга бўлади. Бу масаланинг битта томони, энди олий тизимни тугатгандан кейин ишга кириш масаласида ҳам порахўрликни барҳам топтириш керак. Бу ерда ҳам юқоридаги тамойил ҳукмрон бўлмоғи даркор, яъни ишга қабул қилишда битта мезон боланинг ҳақиқий муайян соҳа бўйича билими бўлиши керак.Агар мен бир нарсага амин бўлсамки ва шу амин бўлган нарсам ҳақиқатда жамиятда реал ишлаётган бўлса унда мени унга эргашишдан бошқа йўлим қолмайди. Бошқача айтганда, Мен ким бўлишимдан, Ота-Онам ким бўлишидан (амалдорми, бой ёки камбағал), қариндошим ким бўлишидан ва ҳоказолардан қатъи назар давлатимда шундай бир тизим яратилган бўлсаки, унда мен олий маълумотли мутахассис бўлишим учун албатта мактабда яхши ўқишим керак бўлсин ва фақат шундагина ўқишга кира олсам, кейин ишга киришим учун фақат яхши мутахассис бўлсам қабул қилинишим мумкин бўлса ва бошқа ҳар қандай йўл берк бўлса, шундагина ҳар бир бола ўқишга ҳаракат қилади, уларнинг Ота-Оналари ҳам бу ишда кўпроқ масъул бўладилар. Бу ҳолат порахўрликка барҳам беради. Энди ҳозирги ҳолатни таҳлил қилиб кўрайлик, биз ҳаммамиз бир-биримизни алдаяпмиз…»

Блогер бундан ортиқ фикр билдиришни жоиз кўрмаган. У мамлакатни ҳар томонлама ривожлантириш учун энг аввало таълимни тўғри ташкил қилиб олиш кераклигини қўшимча қилади.

«Таълим адолатли, замонга мос, берилаётган билимлар ўқувчининг реал ақлий, психофизиологик қобилиятларига мос тушмас экан, ҳаммаси бир пул, ҳаммаси бекор. Таълим соҳасида Ўзбекистоннинг оламшумул ютуқлари ҳақидаги эртакларни бас қилиб, тизимни тубдан, инқилобий ислоҳ қилиш керак!», дея сўзини якунлайди Санжар Саид.

Кун таҳририяти ўз ўқувчиларидан бу долзарб мавзуга эътибор қаратишни сўрайди ва фикр-мулоҳазаларни кутиб қолади. Фикрларни ушбу манзилга ёки сайт почтасига (info@kun.uz) йўллаш мумкин.

Top