6 феврал куни жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман суди қарори билан таниқли блогер Аброр Мухтор Алий (Аброр Абдуазимов) маъмурий иш доирасида қамоққа олинган. Kun.uz манбасига кўра, у Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 194- ва 195-моддаларида кўрсатилган ҳуқуқбузарликни содир этишда айбли деб топилган.

Тафсилотлар

Иш ҳужжатларига кўра, Аброр Абдуазимов ва Хусрав Насруллаев 2024 йил 6 феврал куни Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур тумани «Ўрда» МФЙ ҳудудида жойлашган Шайхонтоҳур туман ҳокимлигида бақир-чақир қилиб жанжал кўтаришган. Улар ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида келган ички ишлар ходимларининг қонуний талабларини бажармаган, уларга оммавий равишда бўйсунмасдан, оммани ўзига жалб қилиб, ИИО ходимларига нисбатан сохта уйдирмаларни тарқатган.

6 феврал куни бўлиб ўтган суд мажлисида ҳуқуқбузар тариқасида сўроқ қилинган Аброр Абдуазимов қилмишидан пушаймонлигини ва бу каби ҳолат бошқа такрорланмаслигини баён қилиб, суддан енгиллик беришни сўраб кўрсатувлар берди.

Суд мажлисида ҳуқуқбузар тариқасида сўроқ қилинган Хусрав Насруллаев ҳам пушаймонлигини маълум қилиб, суддан енгиллик сўради.

Суд қарорига кўра, Аброр Мухтор Алий тахаллуси билан танилган блогер Аброр Абдуазимов 194-моддасининг 1-қисми (Ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) ва 195-моддасида (Ички ишлар органлари ходимларининг ўз хизмат бурчларини бажаришларига қаршилик кўрсатиш) назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этганда айбли деб топилиб, 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси ҳамда базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 баравари, яъни 340 000 сўм жарима жазоси тайинланди.

Хусрав Насруллаевга нисбатан ҳам 194-моддасининг 1-қисми ва 195-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этишда айбли деб топилиб, 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси ҳамда базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 баравари, яъни 340 000 сўм жарима жазоси тайинланди.

Улар қамоқда сақлаш билан боғлиқ харажатлардан озод қилинган.

Аброр Абдуазимовнинг қўлга олиниши кўча безориларига алоқадорлиги билан боғлиқ бўлиши мумкин

Аброр Абдуазимовнинг қўлга олиниши «кўча болалари»га қарши бошланган «Долзарб 40 кунлик» тадбири билан боғлиқ бўлиши ҳам мумкин. Аввалроқ у ўз видеоларидан бирида жиноий гуруҳ раҳбари «Саидазиз медгородок» билан яқин экани ҳақида айтганди.

«Ҳа, Саидазиз менинг яқин укам, дедим. Унинг гапига туриб бера олишини кўрганман. У мен учун керакли пайтда туриб берган, мен ҳам унга керакли пайтда туриб бераман», деганди у.