Жамият | 21:50 / 24.02.2017
10784
2 дақиқада ўқилади

Мурожаат: Олмазор туманидаги йўллар узоқ йиллардан бери аянчли аҳволда

Куни кеча Facebook ​фойдаланувчиларидан бири, ЎзДЖТУ Халқаро журналистика факультетининг кафедра мудири Наргис Қосимова ўз саҳифасида пойтахт йўлидаги муаммоли ҳолат ҳақида пост қолдирди.

Унда ёзилишича, Тошкент шаҳри Олмазор тумани 1/2 ва 1/3 даҳалари ичидаги йўлларнинг аҳволи аянчли ҳолатда экани таъкидланган. 233 мактаб атрофидаги йўллар ва 1/3 даҳадаги иккита боғча ўртасидаги йўллар ҳам умуман талабга жавоб бермайди.

Бундан ташқари, кўп қаватли бинолар орасидан ўтувчи йўллар ҳам анчадан бери таъмирга муҳтожлиги айтиб ўтилган. Мазкур йўллар асосий ҳисобланиб, унда аҳоли нафақат шахсий автомобильида ҳаракатланганда, балки пиёда юрганида ҳам катта муаммолар ва кўнгилсизликларга дуч келаётганини алоҳида қайд этиш лозим.

«Олмазор туманининг Қичқириқ маҳалласидаги йўл худди тоғ тепалигига ўхшайди. Мен бу ерда 2004 йилдан бери яшаб келаман. Бу ҳолат мана 13 йил давомида шу аҳволда. Қишда лой ва чуқурликлар нафақат катталар, балки болалар қатновини хам қийинлаштирмоқда. Йўлнинг носозлигига ким жавоб беради? У туфайли шикастланган автотранспорт бадалини ким тўлайди?» – дейди Наргис Қосимова ўз мурожаатида.

Мазкур муаммо юзасидан тегишли мутасадди органлар қатъий чоралар кўришини сўраб қоламиз. Зеро, йўллар фаровонлиги - ҳаётий фаолликнинг асосий гаровидир.

Мавзуга оид