13:13 / 16.03.2017
33470

Россия муҳожирлардан ўз иқтисодиётини тиклашда фойдаланмоқда

Европа ва АҚШ чегарасини кучайтириб, муҳожирлар оқимини назорат қилишга уринаётган бир вақтда, Москва собиқ иттифоқдош республикалардан келаётган ишчилар оқимига эшикларини очмоқда. Муҳожирлар билан тўлган қурилиш майдонлари бугунги Россия учун одатий ҳолат. БМТ маълумотларига кўра, Россияда 11 млн муҳожир истиқомат қилади. Уларнинг аксарияти Марказий Осиё мамлакатлари фуқаролари ҳисобланади. Bloomberg агентлиги шу ҳақда фикр юритади.

Европадаги муҳожирлик инқирози кенг қамровли қаршиликни вужудга келтирган бўлса, қочқинлар учун дунёнинг энг жозибадор учинчи давлати ҳисобланувчи Россияда бошқача кайфият ҳукмрон. Гарчи, Россия давлат телеканалларида Европа мамлакатлари кўпмаданиятлилик, Яқин Шарқ ва Африкадан муҳожирларни ҳаддан ортиқ қабул қилаётгани учун танқид қилинса-да, мамлакатнинг ўзида муҳожирлар оқими билан боғлиқ вазиятдан норозиликнинг ҳар қандай кўриниши ҳукумат томонидан «миллатчилик сифатида баҳоланиши мумкин». Россияда Европадан фарқли равишда муҳожирларнинг доимий оқими узоқ вақт давом этган турғунликдан сўнг, иқтисодиёт тикланишида муҳим омиллардан биридир. Ҳукумат эса буни жуда яхши тушунади.

Москвадаги Карнеги маркази иқтисодий сиёсат бўйича дастур директори Андрей Мовчан: «Россия ишчилар танқислигини бошидан кечирмоқда. Биз арзон ишчи кучига муҳтожмиз. Буни эса мамлакат ичкарисида топа олмаймиз», -деган фикрни билдирмоқда. Муҳожирлар кўчаларни тозалашади ҳамда осмонўпар тураржой биноларига хизмат кўрсатади. Улар, шунингдек, ишлаб чиқариш, савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаларида асосий ўринларни эгалламоқда. Ресторан саноатидаги ошхона ишчилари Россияда йиллаб қолишади. Улар топган пулларининг катта қисмини ватанларига юборишади. Мовчаннинг айтишича, «агар Россиядан умумий ишчи кучининг 15 фоизини ташкил этувчи муҳожирлар чиқариб юборилса, уларнинг ўрнини ҳеч ким билан тўлдириб бўлмайди». 

Унинг фикрича, муҳожирлар бажараётган ишларни россияликлар бажаргани учун кўпроқ пул тўланиши ҳам нарх-навонинг қимматлашувига олиб келган ҳамда иқтисодиётнинг тикланишини мураккаблаштирган бўлар эди. Нефть нархининг арзонлашуви баробарида Россия-Украина ўртасидаги зиддият туфайли қўлланилган ғарб санкциялари муҳожирлар оқимини бирмунча пасайтирди. Статистика маълумотларига кўра, Россияга бораётган ўзбеклар сони 21 фоиз, тожиклар 11, қирғизлар сони эса 5 фоизга қисқарган эди. Аммо, ўтган қисқа давр ичида иммиграция кўрсаткичлари яна оша бошлади. Агар 2015 йилда Россияга 161 минг яқин хорижлик кирган бўлса, 2016 йилда бу рақам 196 минггача ошди. Ўтган йили Москвада ишлашга изн берувчи рухсатномаларни сотиш 10 фоизга ошган. Асосий меҳнат муҳожирлари Тожикистон ва Қирғизистон республикаларидан бўлиб, Жаҳон банки маълумотларига кўра, ушбу икки мамлакат иқтисодиёти муҳожирлар юборган пулга боғлиқ бўлган давлатлар рўйхатида биринчи ўринларни эгаллайди. 

Европа ва АҚШдаги иммиграция чекловлари фақатгина иқтисодий зарарлар эмас, балки терроризм қўрқуви билан ҳам боғлиқ. Бундай хавотирлар эса Россияда ҳам йўқ эмас, албатта. Бироқ, ҳозирча, у унчалик акс садо бераётгани йўқ. Ўтган ойда Путиннинг маълум қилишича, собиқ Совет Иттифоқи республикаларининг 5 минг атрофидаги фуқаролари Суриядаги ИШИД сафига кирганини маълум қилди. 2016 йилда хавфсизлик хизматлари Россия ҳудудида террорчилик хуружларини амалга оширишни режалаштираётган камида иккита муҳожирлар гуруҳини қўлга олган эди. 

Умуман олганда, Россияга меҳнат муҳожирлари керак, бироқ, давлат уларга қайсидир маънода тўсиқлар қўймоқда. Хусусан, рус тили имтиҳонидан ўтиш, ҳар ойлик меҳнат рухсатномаси кабилар шулар жумласидан. Ҳукумат маълумотларига кўра, 2015 йилда 1,73 млнга яқин шундай меҳнат рухсатномалари (патент) берилган. Шу билан бирга, давлат муҳожирликка кенг йўл очиб берган бўлса-да, уларнинг ҳуқуқларини етарли даражада ҳимоя қилаётгани йўқ. Аксар муҳожирларнинг меҳнат шароитларини оқилона деб бўлмайди. 

 

Top