Жаҳон | 22:21 / 01.02.2024
21506
3 дақиқада ўқилади

АҚШ прокуратураси икки нафар ўзбекистонликни фуқаролик олиш билан боғлиқ фирибгарликда айблади 

Уларга кўп йиллик қамоқ жазоси хавф солмоқда. 

Фото: Unsplash

АҚШ Флорида штати Марказий округи прокуратураси асли ўзбекистонлик, АҚШ фуқароси Абдувосит Разиқов (44 ёшда) ва Ўзбекистон фуқароси Дилрабо Обидовани (35 ёшда) иммиграция билан боғлиқ фирибгарлик ва АҚШ ҳукуматини алдашда айблади.  

Улар, жумладан, федерал идораларга ёлғон маълумот бериш, ноқонуний равишда иммиграция имтиёзларини олиш, АҚШ паспорти олиш учун ариза тўлдиришда ёлғон маълумотлар бериш ва АҚШ паспортини ноқонуний равишда олиш мақсадида кўп йиллар давомида жиноий тил бириктириб келганликда айбланган. 

Уларнинг ҳар иккаласига фитна учун 5 йилгача қамоқ жазоси, паспортни қалбакилаштиргани учун 10 йилгача қамоқ жазоси берилиши мумкин. Шунингдек, Обидовага ёлғон маълумот бергани учун 5 йилгача, АҚШ фуқаролигини ноқонуний олишга урингани учун 10 йилгача алоҳида қамоқ жазоси хавф солмоқда. 

Айблов хулосасига кўра, асли Ўзбекистон фуқароси бўлган Разиқов АҚШ фуқароси билан сохта никоҳ расмийлаштириш орқали иммигрант мақомини, сўнгра АҚШ фуқаролигини олган. Ўз навбатида Обидова ҳам иммиграция имтиёзларини олиш учун АҚШ фуқароси билан сохта никоҳ расмийлаштириш мақсадида Разиқов билан тил бириктирган. Сўнгра, Разиқов ва Обидова яширинча турмуш қуриб, ўз муносабатларини иммиграция идораларидан яширган. Жумладан, Разиқов ва Обидова фарзандларининг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаларида Обидованинг сохта эрини ота сифатида кўрсатишган. Улар сохта никоҳларини яширишга уриниб, АҚШ паспортини олиш учун аризаларда бир қанча ёлғон маълумотларни киритишган. 

Қонуний доимий резидент мақомини олгандан сўнг, Обидова АҚШ фуқаролигини олишга ҳаракат қилган. Айблов хулосасига кўра, Обидова фуқароликка қабул қилиш тўғрисидаги аризада келиб чиқиши, никоҳи ва иммиграция имтиёзлари ва мақомини ноқонуний олишга уринишлари ҳақида кўплаб ёлғон маълумотлар берган. 

Прокуратуранинг эслатишича, бу шунчаки расмий айбловлар бўлиб, судланувчи айби судда исботланмагунча айбсиз ҳисобланади. 

Ушбу иш Федерал Қидирув Бюросининг Терроризмга қарши кураш бўйича қўшма ишчи гуруҳи томонидан бир қанча давлат идоралари билан ҳамкорликда тергов қилингани таъкидланмоқда.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид