Франциянинг янги иммиграция қонуни устида бир неча ой давом этган курашдан сўнг, 25 январ, пайшанба куни республика конституциявий кенгаши илгари депутатлар томонидан маъқулланган мунозарали қонун лойиҳасининг муҳим қисмини бекор қилиб, унинг 86 моддасидан 32 таси етарлича қонуний асосга эга эмас, деган қарорга келди. 

Умуман олганда, конституциявий кенгаш муҳожирларнинг оилаларини Францияга олиб келишини қийинлаштирган ва ижтимоий имтиёзлардан фойдаланиш имкониятларини чеклаган моддаларни цензура қилди. Қонун лойиҳаси, шунингдек, расман «номақбул шахслар» деб тан олинган хорижликларни депортация қилиш асосларини ҳам кучайтиради.

Шу билан бирга, кенгаш президент Эммануэл Макрон ҳукумати томонидан таклиф этилган қонун лойиҳасининг аксарият қоидаларини маъқуллади, аммо матнга ўнг ва ўта ўнг сиёсатчилар, хусусан, аввалроқ иммиграция қонунини «мафкуравий ғалаба» деб атаган Франциянинг «Миллий фронт» сиёсий партияси раҳбари Марин Ле Пен босими остида киритилган бир қатор мунозарали қўшимчаларга рози бўлмади. 

Франция конституциявий кенгашининг қарорига муносабат

Франция ички ишлар вазири Жералд Дарманен конституциявий кенгаш қарорини олқишлади ва ижтимоий тармоқда шундай ёзди: «Конституциявий кенгаш ҳукумат матнини маъқуллади. Ҳеч қачон у ҳуқуқбузарларни чиқариб юбориш учун бунчалик кўп имкониятларни ва чет элликларнинг интеграциялашуви учун жуда кўп талабларни ўз ичига олмаган».

Конституциявий кенгаш қарори ўнг қанот томонидан қаттиқ танқид қилинди. Шундай қилиб, «Республикачилар» партияси раҳбари Эрик Сотти кенгаш қонуний эмас, сиёсий қарор қабул қилганини айтди. Франция юқори палатасидаги республикачилар етакчиси Брюно Ретайога кўра, парламент энди қонунлар қабул қилмаяпти.

Ўнг қанот «Миллий бирлашув» раиси Жордан Барделла фикрича, французлар томонидан энг кўп қўллаб-қувватланган қаттиқ чоралар бекор қилинди ва энди «қонун ўлик». Барделла, шунингдек, иммиграция қонунчилиги бўйича референдум ўтказишга чақириб, фуқаролар иродасини ифодалашнинг бундай усулини «ягона ечим» деб атади.

Сўл лагерда, dpa агентлиги таъкидлашича, бу қарор мамнуният билан қабул қилинди. Хусусан, уни Социалистик партиянинг биринчи котиби Оливе Фор тўлиқ қўллаб-қувватлади. Франциянинг «яшиллар» партияси раҳбари Марин Тонделе ёзишича, конституциявий кенгаш Макрон ва ҳукуматга республика асосларини эслатган. Шу билан бирга, «Бўйин эгмас Франция» ўта сўл партия координатори Манюэл Бомбар, ўз навбатида, иммиграция қонунини бутунлай бекор қилишга чақирди. «Қонун бутунлай кесилган. Унинг қонунийлиги йўқ», - деди у.