20:24 / 21.03.2017
26087

Porsche ҳар бир сотилган машинасидан қанча фойда олишини биласизми?

Фото:motor.ru

Porsche компанияси ҳар бир сотилган машинасидан ўртача 16387 евро ишлаб топади. Бу рақамни Bloomberg ахборот агентлиги келтирган. Агентлик автомобиль маркасининг 2016 йилда олган операцион даромадини (3,9 млрд доллар) сотган машиналари миқдорига (238 минг дона) бўлиб шу рақамни олган.

Bloomberg’нинг ҳисоб-китобларига кўра, Daimler ва BMW компаниялари ҳар бир сотилган машинасидан ўртача 4650 евро, Ferrari эса 83 700 евро олади. 
Бироқ Ferrari ҳолатида бир машинадан олинадиган даромадга турли аксессуарлар ва двигателлар сотишдан ҳамда фирмага тегишли кўнгилочар боғлардан олинадиган даромадлар катта таъсир кўрсатади. Бу даромадлар компания бизнесининг 30 фоизга яқинини ташкил қилади. Ferrari йилига ўртача 8 минг дона машина сотади.

Яна Porsche’га қайтсак. Компания охирги 3 йил ичида ишлаб чиқарадиган автомобиллар йиллик ҳажмини 47 фоизга оширган. Бунда Macan ихчам кроссовери улушига сотилган умумий автомобилларнинг 40 фоизи тўғри келган.  

Компаниянинг 2016 йилдаги даромади 2015 йилга нисбатан 14 фоизга, машиналар сотишдан олган ўртача даромади эса 9 фоизга ошган.  

Top