23:40 / 28.03.2017
4780

Сенат Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасидаги топшириш тўғрисидаги битимни ратификация қилди

Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг тўққизинчи ялпи мажлиси очилди. Мажлисда Вазирлар Маҳкамасининг таклиф этилган аъзолари, вазирликлар ва идоралар раҳбарлари, бошқа ташкилотлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар. Бу ҳақда Сенат Ахборот хизмати хабар бермоқда.

Мажлисни Олий Мажлис Сенатининг Раиси Н. Йўлдошев олиб борди.

Сенаторлар “Ўзбекистон Республикаси билан Россия Федерацияси ўртасида ҳарбий-техникавий ҳамкорликни ривожлантириш тўғрисидаги Шартномани (Москва, 2016 йил 29 ноябрь) ратификация қилиш ҳақида”ги, “Ўзбекистон Республикаси ва Афғонистон Ислом Республикаси ўртасидаги топшириш тўғрисидаги битимни (Тошкент, 2016 йил 17 октябрь) ратификация қилиш ҳақида”ги ҳамда “Марказий Осиё минтақавий иқтисодий ҳамкорлик институтини таъсис этиш тўғрисидаги Битимни (Исломобод,  2016 йил 26  октябрь) ратификация қилиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунларини кўриб чиқдилар ва маъқулладилар.

Шундан сўнг сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг) 2016 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботини эшитдилар.

Олий Мажлис Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг ҳисоботида қайд этилганидек, Омбудсманнинг 2016 йилдаги фаолиятининг асосий йўналишлари инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларига давлат органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва мансабдор шахслар риоя этаётганлигини назорат қилиш самарадорлигини оширишга қаратилди. Жумладан,  инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларини янада такомиллаштиришга ва уни халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқлаштиришга, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини оширишга, шунингдек фуқаролик жамияти институтлари, халқаро ва хорижий ташкилотлар билан ҳамкорликни ривожлантиришга асосий эътибор қаратилди.

Ҳисобот даврида Омбудсман томонидан “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги, “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги қонун лойиҳаларига ҳамда бир қатор бошқа қонун ҳужжатларига таклифлар киритилди. Омбудсман вакиллари Ўзбекистонда тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича Омбудсман институтини ташкил этишга доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш бўйича Олий Мажлис Қонунчилик палатасида ташкил этилган ишчи гуруҳлар фаолиятида иштирок этдилар. 

Ўтган йили Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг, чет давлатлар фуқароларининг, фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг, жамоат ташкилотлари ва бошқа юридик шахсларнинг қарийб уч мингта мурожаати Омбудсман томонидан парламент назорати субъекти сифатида кўриб чиқилди ҳамда ҳал этилди.

Муҳокама давомида сенаторлар томонидан 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурида белгиланган вазифаларни ҳал этиш бўйича Омбудсман ишларининг самарадорлигини оширишга қаратилган таклифлар ва тавсиялар берилди.

Top