17:23 / 30.03.2017
122888

Нураётган уй ва кутилаётган умид (фото)

«Кун.uz» таҳририятига Самарқанд шаҳридан қўнғироқ бўлиб, чорасиз қолган аёл ўзи яшаб турган уйи билан боғлиқ муаммолар ҳақида гапириб берди. Унинг сўзларига кўра, яшаб турган уйи бугунги баҳорнинг ёғин-сочинли кунларида нураб тушиш арафасида. Унинг давлат органларига бу борадаги мурожаатлари жавобсиз қолиб кетаётгани, нима қилишини билмаётганлигини айтиб ўтди.

Биз ҳолатни ўрганиш учун мурожаатчининг уйига бордик ва вазият билан танишдик.

Мурожаат қилган шахс — Хўжамқулова Наргиза Самарқанд шаҳридаги "Оқсарой" маҳалласида, қайнонаси ва вояга етмаган икки нафар фарзанди билан яшар экан.

Уй умумий ҳовли (общий двор)да жойлашган бўлиб, улардан ташқари яна икки хўжалик истиқомат қилади. Н.Хўжамқуловга 2000 йилда ушбу хонадонга келин бўлиб тушган, 7 йил муқаддам турмуш ўртоғи кутилмаганда вафот этган. Оилада онасига кўмаклашиши мумкин бўлган бошқа ўғил фарзанд йўқ. Катта қизи 7-синфда, ўғли 4-синфда ўқишади.

Вазиятни Самарқанд шаҳар фавқулодда вазиятлар бўлими ходимлари ҳам ўрганиб, бу ҳақида маълумотнома беришган.

Н.Хўжамқулованинг бош вазирнинг виртуал қабулхонасига бу борадаги мурожаати ҳам натижасиз тугаган. Келиб ўрганган мутасаддилар оиланинг ўртача ойлик даромади меъёрдан юқори бўлгани учун моддий ёрдам берилмайди, деган мазмунда.

Аёл боқувчиси вафот этганидан буён ўтган 7 йил ичида бир мартагина маҳалладан нафақа пули олгани, шунга ҳам 5 йилча бўлганини айтиб ўтди.

Н.Хўжамқуловадан бу борада сўраганимизда, ҳозирги кунда ҳеч қаерда ишламаётгани, кундалик ёлланиб, фаррошлик каби ишлар билан шуғулланаётганини айтди. Унда ойлик ўртача даромадни қаердан ҳисоблашаяпти, деган саволимизга "қайнонамнинг пенсиясига қараб бўлса керак", деб жавоб берди. 

Майли, гап унда эмас. Зеро, ўз мурожаатларида Н.Хўжамқулова оиласига моддий ёрдам сўраб мурожаат қилмаган. Маҳалла берадиган моддий ёрдам билан бу муаммони ҳал қилиб бўлмаслиги кундек равшан. Гап — уйнинг авария ҳолатига келиб қолганида, хонадон эгаси ҳокимиятданми, саховатпеша инсонларданми, каттароқ ёрдамга муштоқ.

Бу борада шаҳар ҳокимлигига, хотин-қизлар қўмитасига дардимни айтиб мурожаат қилдим, бориб учрашдим, бироқ тайинли жавоб ололганим йўқ. Униси у эшикка, буниси бу эшикка йўналтираверишди, деди Н.Хўжамқулова.
 
Хуллас, уй билан боғлиқ вазият билан танишсангиз. Юқорида айтиб ўтганимиздек, хонадон умумий ҳовлида жойлашган ва анча абгор ҳолатга келган.

Даҳлиздан ўтиб, ичкари уйга қадам боссангиз, кўча томондаги девор емирилиб, нураб бораётганига гувоҳ бўласиз. Чунки, уй қурилганидан сўнг йиллар давомида кўчанинг сатҳи кўтарилиб кетган, қор-ёмғир сувлари уй деворига сингиб кетмоқда.

Даҳлизнинг қўшни билан туташ қисми чўкиб, ёрилиб бормоқда. Ҳаттоки, шифтдан ҳам 2-3 см пастга тушгани яққол кўриниб турибди. Ёриқлар кенглиги 5 см.га етади.

Н.Хўжамқулова фарзандлари билан ётадиган хона девори чўкиб, қўшни болалар боғчасининг оқова сувлари уйгача кириб келмоқда. Бу хонанинг ҳам деворлари ёрилиб бормоқда. "Девор кундан кунга чўкиб бормоқда, чунки қарсиллаган овоз чиқаради", деди Н.Хўжамқулова.

Уйнинг орқасида - кўчада оқова сувлар учун ҳандақ қазилган бўлиб, ювинди канализацияси ва новлардан ёмғир сувлари ўша ерга йиғилиши учун мўлжалланган экан. Бироқ, қўни-қўшнилар у ерга чиқиндиларни ҳам ташлаб, ноўрин фойдаланишаётгани маълум бўлди. "Ёзнинг иссиқ кунларида чидаб бўлмайдиган ҳид таратади", деди Н.Хўжамқулова.

Ушбуларни ёритишдан муродимиз - муаммога раҳбарларнинг, халқнинг эътиборини қаратиш. Н.Хўжамқулова кам таминланган оилалар учун янги қурилаётган намунали уй учун ариза топширгани, тегишли тарзда навбатга қўйилганини ҳам айтиб ўтди. Президентимиз ташаббуси билан қурилаётган ўшандай янги, ихчам уйлар мана шундай ҳақиқатдан ҳам муҳтож оилаларга биринчи навбатда берилиши керак эмасми? Бугун-эртага нураб тушаман, деб турган бу абгор уйда қария она, вояга етмаган гўдаклар истиқомат қилаётгани дилни оғритади, албатта.

Хайрия қилиш ниятида бўлганлар учун

Ҳисоб рақами: 8600-0609-8264-9288 (Халқ Банки)

Ходжамқулова Наргиза

Картанинг амал қилиш муддати 03/20

Шуҳрат Шокиржонов.

Top