Жамият | 10:00 / 30.03.2017
30221
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Ички ишлар вазири қўл остидаги ходимлар қандай ишлаётгани ҳақида гапирди

Ўзбекистон Республикачи Ички ишлар вазири Абдусалом Азизов Сенатда ички ишлар органларининг жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси соҳасидаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботни тақдим этди.

Унинг сўзларига кўра, республика ички ишлар органларининг ўтган йилдаги фаолияти мамлакатда хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлашга, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга, жиноятчиликка қарши курашиш самарадорлигини оширишга, жамоат тартиби сақланишини таъминлашга, фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга, жамоатчилик билан алоқаларни янада мустаҳкамлашга, фаолиятнинг шу соҳаларида аниқ натижаларга эришишга қаратилди. 

“Ички ишлар органлари фаолиятини ташкил этишга замон талабларига жавоб берадиган янги ёндашувларни татбиқ этиш, жиноятчиликка қарши курашишга жамоатчиликнинг кенг қатламларини жалб қилиш, профилактика инспекторларининг бевосита аҳоли орасида иш олиб боришини ташкил этишга доир чора-тадбирларни амалга ошириш натижасида жорий йилнинг ўтган даври мобайнида республиканинг 5 253 та маҳалласида бирорта ҳам жиноят содир этилмади”, - дея таъкидлаб ўтди у.

Жиноятнинг асосий кўрсаткичлари, шу жумладан, аввал судланганлар, жиноятчи гуруҳлар ва вояга етмаганлар томонидан содир этиладиган ўта оғир жиноятлар, ҳуқуқбузарликлар сони анча камайишига эришилди. Азизовнинг сўзларига кўра, шахсга қарши жиноятларни очиш ва тергов қилишда, гиёҳванд моддалар ноқонуний айланишига, одам савдосига, терроризмга, диний экстремизмга ва уюшган жиноятчиликка, шунингдек, иқтисодиёт соҳасидаги жиноятларга қарши курашишда муайян ижобий натижаларга эришилди. 

Шу билан бирга, вазирнинг таъкидлашича, жорий йилнинг 9 февралида ИИВ органлари ходимлари билан бўлиб ўтган йиғилишда давлатимиз раҳбари томонидан билдирилган фикр-мулоҳазалардан ички ишлар органлари, вазирлик раҳбарияти тегишли хулосалар чиқариб олди. Ички ишлар органлари фаолиятидаги мавжуд муаммолар ва камчиликларни ҳал қилиш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга доир ишларни тубдан яхшилаш, мамлакатда ҳуқуқий тартиботни таъминлаш бўйича кенг кўламли ишлар ташкил этилди. 

“Хусусан, профилактика инспекторлари фаолиятини баҳолашнинг рейтинг тизимига асосланган мезонлари ишлаб чиқилди, ички ишлар органлари барча бўғинлари раҳбарлари томонидан аҳоли олдида мунтазам ҳисоб бериш амалиёти жорий этилди. Ички ишлар органларининг фаолиятини тубдан ислоҳ қилиш, ички ишлар органлари хизматини бевосита аҳоли пунктларида ташкил этиш орқали жиноятчиликка қарши курашиш самарадорлигини ошириш юзасидан таклифлар тайёрланди. Жойларда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, профилактика инспекторларини улар фаолиятига хос бўлмаган юмушлардан озод қилиш, уларнинг жамоатчилик билан алоқаларини кучайтириш бўйича мунтазам ишларни ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда”, - дея таъкидлаб ўтди у.

Жиноят содир этганлиги учун қидирувда бўлган шахсларни аниқлаш ва қўлга олиш, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа органлар ва судлар билан ҳамкорликда жиноятларни фош қилиш борасидаги ишларни яхшилаш мақсадида идоралараро ишчи гуруҳлар тузилди. Жиноятларни содир этиш сабаблари, шарт-шароитлари ва омилларини ўрганиш бўйича ишлар ташкил этилди. Содир этилган ҳар бир жиноят ҳолатларини муҳокама қилиш учун йиғилишлар мунтазам ўтказиб келинмоқда. Мазкур йиғилишларда ички ишлар органлари раҳбарлари, профилактика инспекторлари ва маҳалла фаоллари иштирок этмоқда. 

Абдусалом Азизов давлат раҳбари ташаббуси билан ўтказиб келинаётган жиноятчиликнинг олдини олиш ва профилактика кунлари ўзига хос самара бераётганлигини алоҳида қайд этди.

Кенг жамоатчилик, ҳокимликлар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари вакиллари иштирокида ҳар пайшанба куни ташкил этиладиган жиноятларнинг олдини олишга доир комплекс тадбирлар, хусусан, ёшлар ва вояга етмаганлар ўртасидаги маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, уларни қонунга итоаткорлик руҳида тарбиялаш, таълим муассасалари ўқувчи ва талабаларининг машғулотларда қатнашиш давоматини муҳокама қилиш, бу борада тартиб ўрнатиш юзасидан таълим муассасалари маъмурияти ва ота-оналар жавобгарлигини ошириш бўйича ташкилий-тушунтириш тадбирлари ўзининг ижобий натижаларини бермоқда. 

Мавзуга оид