Жамият | 19:36 / 03.04.2017
77890
5 дақиқада ўқилади

“Картошка нега қиммат?” саволига жавоб излаб...

Бир қарашда оддийгина савол, тўғрими? Кундалик рўзғор эҳтиёжи учун энг кўп ишлатиладиган сабзавотлардан бири бўлган картошканинг нархи бир ой ичида кескин кўтарилиб кетди. Аҳоли ҳайрон. 

Сарлавҳадаги саволга жавоб излаш учун айнан қишлоқ хўжалиги соҳасидаги мутасадди ташкилотлар, бозорлар ва озиқ-овқат уюшмаларига мурожаат қилиш зарур эканлиги аниқ. Ахир, бу борада халқ таълими ёки молия соҳасидаги мутасаддиларга чиқилмайди-ку?

Ваҳоланки, айнан бу саволга аҳолини қониқтирадиган икки хил оддий жавоб олиш мумкин эди: 

1. Ўтган йили картошка ҳосили яхши бўлмади. Захира керакли миқдорда қилинмади. Айни пайтда қўшни давлатлардан бозорни тўлдириш мақсадида шунча тонна картошка олиб келинмоқда. Юзага келган муаммолардан келиб чиқиб, чоралар кўрилади. 

2. Сизга шуни маълум қиламизки, ўтган йили юртимизда N тоннада картошка етиштирилди. Аҳоли эҳтиёжини қоплаш учун N тоннадаги картошка маҳсулоти чет элдан келтирилади. Шундан келиб чиқиб, жорий йилда вилоятларда картошка етиштириш учун N гектар қўшимча ер майдони ажратилиб, келгуси йилда муаммоларга дуч келинмаслиги учун иш олиб борилмоқда.

Вилоятлар билан боғланганимизда ушбу маҳсулот нархи Хоразмда – 3500 сўмдан 4000 сўмгача, Қаршида 3500- 3800 сўм, Фарғона, Андижон ва Наманганда 3500-4000 сўм эканлигини айтишди. Нархлар деярли бир хил.

Биз муаммога ойдинлик киритиш мақсадида тегишли идораларга мурожаат қилганимизда, мутасаддилар жавоб бериш ўрнига тайсаллашгани ғалати бўлди. Биз айбдорни эмас, саволга жавоб излаётганимизни айтганимизда ҳам бир хил муомала.

Сайт мухбири Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигига картошканинг қимматлашгани бўйича мурожаат қилганида, даставвал идора билан боғланишнинг иложи бўлмади. Уч кун давом этган уринишдан сўнг, вазирлик билан боғланишга муваффақ бўлинди. Шунда ҳам саволга эса тўлиқ жавоб олинмади. 

Исмини айтиб, фамилиясини айтишни хоҳламаган Жамолиддин исмли вазирлик ходими истар-истамай: "2016 йилда Республикада 2 958 300 тоннадан ортиқ картошка етиштирилган. Ҳозирги кунда деҳқон бозорларидаги "Элга хизмат" пештахталарида картошка ва сабзавотлар арзон нархларда сотилмоқда. Апрель ойининг бошларида бозорларга Сурхондарё вилоятида етиштирилган эртаки картошкалар чиқиши кутилмоқда" дея жавоб қайтарди. 

“Элга хизмат” корхонаси ҳамда бошқа ташкилотлар томонидан ташкил этилаётган ярмаркаларда арзон нархларда картошка сотилаётгани яхши, албатта. Бироқ бу билан аҳолининг мавжуд эҳтиёжини бутунлай қоплаш қийин. Куннинг маълум вақтида келтирилиб, сотилади-кетилади. 

Уруғчилик илмий маркази ходимлари эса бошини қотириб ўтирмасдан - “Картошка етиштириш технологияси” номли илмий мақолани тақдим қилдилар. Таажжуб... 

Ўзбек озиқ-овқат захира уюшмаси жавоби қуйидагича бўлди: "Уюшмамиз корхоналари ҳозирги кунда Тошкент шаҳри ва вилоятлар бозорларида 1800-2000 сўмдан картошка ва 1500 сўмдан пиёз савдоси ярмаркаларини ташкил этиб келмоқда. Биргина Тошкент шаҳрининг ўзида 100 тоннадан зиёд картошка ва 30 тонна атрофида пиёз савдоси амалга оширилмоқда. Захирадаги картошка ва пиёз май ойининг охиригача етарли миқдорда мавжуд".

Шунингдек, аҳолини қийнаб келаётган мазкур саволга жавоб олиш мақсадида “Тошбозорсавдо” уюшмасига ҳам мурожаат қилинди. Қарийб ярим соат давом этган мулоқот вақтида картошканинг қимматлашиб кетганига ойдинлик киритишга уриндик. Бироқ уюшмадагилар саволни "айланиб" ўтиб, бошқа мавзуларга четлаша бошлади. Айнан биз берган бор-йўғи биргина саволга эса аниқ ва тўлиқ жавоб олинмади.

Тушунишимизча, соҳа ходимлари шама қилиб: “Бу саволга жавобни деҳқондан сўранг!” дегандек қилдилар, чоғи. 

Биз эса: “2016 йилда Республикамизда етиштирилган 2 958 300 тонна картошка аҳоли эҳтиёжини қопламади, бу йил кўпроқ майдонга экилади” дейдиган манбани топа олмадик. 

Замонавий ахборот технологияларидан хабардор замондошларимиз эса, ўзимизнинг нашрлардан жўяли жавоб топмасалар, муддаони бошқа жойдан излайдилар.

Деҳқончиликдан озгина хабари бор инсон биладики, картошкани юртимизнинг барча ер майдонларида етиштириб бўлмайди. Кучли иссиқ ва тупроғи қаттиқ бўлган ерларни суймайдиган сабзавот бу - картошка деганлари. “Иккинчи нон”дан тоғолди, бироз намлик юқори бўлган, ери юмшоқ бўлган жойларда кўнгилдагидек ҳосил олиш мумкин.

Кузги картошка сентябрь – октябрь ойларида кавлаб олинади. Картошкани уч ойда етилишини ҳисобга оладиган бўлсак, шу йил июнь – июль ойларида кўпроқ майдонга серҳосил навларни экишни ўйлаш керак. Ана шунда оддий саволга жавоб бера олмаган мутасаддилар кейинги йилда бугунгидек муаммога дуч келмасликлари аниқ.

 

Мавзуга оид