20:12 / 13.04.2017
28368

Бўстонлиқ туманида содир бўлган ер кўчкиси 1 кишининг умрига зомин бўлди

2017 йил 13 апрель куни Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида табиий офат рўй берди. Бунинг оқибатида бир киши шифохонага олиб борилаётганда ҳаётдан кўз юмди. 

Соат 07:50да тумандаги “Боғистон” МФЙ ҳудудидан ўтувчи 4Р-10 “Чорвоқ сув омбори айланма йўли”нинг 47-километрида ер кўчкиси содир бўлган. Кўчки автомобиль йўлининг ўнг томонидан пастликка кўчган. Кўчкининг ўлчами: эни 10-15 метр; баландлиги (чуқурлиги) 1-1,5 метр; узунлиги 10-14 метрни ташкил этади. Бу ҳақда Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати хабар қилмоқда. 

Кўчки тушиши натижасида йўлдан ўтаётган Дамас русумли автомобиль пастга қулаган. Натижада автомобилда бўлган икки нафар фуқаро жабрланган.

Жабрланган фуқароларнинг бири Бўстонлиқ тумани Тиббиёт бирлашмасига олиб кетилаётганда вафот этган.

Жабрланган фуқаролар Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ тумани “Боғистон” МФЙда истиқомат қилиши маълум бўлди.

Тошкент вилояти ФВВ, ИИБ, Бўстонлиқ тумани хокимияти ва “Ўзавтойўл” хизмати билан ҳамкорликда кўчки тушган автомобиль йўлини тозалаш ишлари олиб борилмоқда.

Top