Жамият | 22:17 / 25.04.2017
37228
13 дақиқада ўқилади

Сайёра Рашидова: “Отам ҳақида хотира ёзишга журъатим етмайди”

Тошкентнинг Абдулла Қодирий кўчасидаги кўп қаватли оддий бино: Ўзбекистон Фанлар академиясининг Полимерлар кимёси ва физикаси институти. Қабулхонадаги ёзувни ўқийман: «Директор, академик Сайёра Рашидова».

Саволларни ёдимда такрорларканман, туйқус эшик очилиб, хаёлларим бўлинди. Ўгириламан, бироқ биринчи бўлиб салом беришга кеч қолдим. Опанинг хуш муомаласи ва самимияти ҳаяжонни босади. Опа камтар, содда, зиёли. Беихтиёр Шароф Рашидовнинг сурати кўз ўнгимда гавдаланади: «Отасининг қизи».

Шу боис олдиндан тайёрланган саволлар эсимдан чиқди. Аслида самимият қудрати олдида ҳар қандай ўйлаб топилган нарса ожиздир.

Сайёра опа, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 27 мартдаги «Атоқли давлат арбоби ва ёзувчи Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллигини нишонлаш тўғрисида»ги қарорини ўқиб, кўнглингиздан қандай ўйлар кечди?

– Фақат шукроналик, қувонч. Чунки халқимизга мансуб гўзал фазилат бор: бирон киши ота-онангизни мақтаса, унга раҳмат айтса, кўнглингиз тоғдай кўтарилади. Ҳаёт янада мазмунли, рангин ва чароғон кўринади. Давлатимиз раҳбари, бутун халқимиз отамга шундай юксак эъзоз ва эҳтиром кўрсатаётгани – биз учун чексиз бахт.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ушбу қарорини нафақат оиламиз, балки отамни яқиндан билган инсонлар, бутун халқимиз катта хурсандчилик билан қарши олди, десам янглишмайман. Отамнинг руҳи шод бўлаётганига аминман.

Давлатимиз раҳбари таклифи билан Олий Мажлис Сенатининг қарорига мувофиқ Жиззах туманига Шароф Рашидов номи берилди. Бу заминга ота-онамнинг, менинг киндик қоним томган. Мазкур туманда отам хотирасига бағишлаб ёдгорлик мажмуаси барпо этилиб, у кишининг ҳайкали ўрнатилиши, Жиззах шаҳрида мемориал уй-музей ташкил этилиши қалбимизни қувончга тўлдирди.

Биринчи Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан Шароф Рашидов номи тўла-тўкис оқланганига ҳам, мана, чорак аср бўлди. Ўша тарихий кунларни тез-тез эслаб турсангиз керак.

– Албатта, у кунларни унутиб бўларканми? Ислом Каримов республикамизга раҳбар бўлган биринчи кунларданоқ халқимизга қилинган туҳмат ва ноҳақликларга қарши курашди, жасорат билан ҳақиқатни тиклади: «пахта иши» билан айбланиб, ноҳақ қамалган юзлаб инсонлар озодликка чиқди, халқимиз номи покланди. Бу халқимизнинг эртанги кунга ишончини мустаҳкамлади.

1992 йил кузида Ислом Каримов раҳнамолигида халқимиз Шароф Рашидов таваллудининг 75 йиллигини катта байрам қилди. Ўша тантанада нутқ сўзлаган Биринчи Президентимизнинг мана бу гаплари бугун ҳам қулоғимда жаранг сочиб турибди: «Истиқлол кунимизга етганлар бор, етмаганлар бор. Кўпгина аждодларимиз каби Шароф Рашидов ҳам мустақиллик кунига етиб келолмади. Биз бугун тўлиқ ишонч билан айта оламизки, Шароф Рашидов мустақиллик пойдеворига муносиб ғишт қўя олган арбоблардан эди».

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2016 йил 18 ноябрда Жиззах вилояти сайловчилари билан учрашувида «Шароф Рашидов номини ўзбек халқининг тарихидан, ҳаётидан айри тасаввур қилиб бўлмайди. Шароф Рашидов ўз халқига ва Ватанига фидойи фарзанд эди», деб таъкидлагани, отам таваллудининг бир асрлик тўйини нишонлашни таклиф этгани бу эзгу ишларнинг муносиб давоми бўлди.

Эзгуликнинг жавоби фақат эзгуликдир. Чунки ҳар қандай фарзанд учун ота-онаси чироғини ёқиш – муқаддас бурч. Шароф Рашидов руҳини наинки авлодлари, балки бутун халқимиз шод этаётгани бизни ғоят қувонтиради.

– Бугун 35-40 ёшга кирган инсонлар ҳам Шароф Рашидовни кўрмаган. Сизнинг хотираларингиз барчага қизиқ. Хотиралар ёзганмисиз?

– Йўқ, ёзмаганман.

– Нима учун?

– Журъатим етмаган. Чунки мен хотира ёзсам, уни кўпчилик мутлақ ҳақиқат сифатида қабул қилади. Лекин уларда отамнинг барча фазилатларини тўла тасвирлай олмасам, ўзимни ҳеч қачон кечиролмайман. Чунки бу дунёда барча нарса нисбий, Шароф Рашидовга бағишланган хотира унинг феноменига мос бўлиши керак.

Кейин бундай хотиралар билан, қайсидир маънода, худди мақтангандай бўлиб қоламан-да. Тўғри, ҳамиша отам билан фахрланганмиз, бироқ у киши билан мақтанишдан ҳамиша йироқ бўлганмиз. Чунки отамнинг ўзи бизга шундай тарбия берган.

– Шароф Рашидовнинг қизи бўлиш сизга нимани англатади?

– Аввало, масъулиятни, одамларга фойда келтиришнинг шахсий манфаатлардан устунлигини. Бунга яна меҳнаткашлик, ўқимишлилик, профессионаллик, камтарлик, ҳалоллик, покизалик, сўз ва иш бир бўлишига интилишларни ҳам жамлаш мумкин. Чунки бу ҳаётда ҳар бир инсон топган ва бой берган барча нарса, аввало, оиласида олган тарбияси маҳсулидир. Мен ва ука-сингилларим доимо ота-онамга муносиб бўлишга ҳаракат қилиб яшадик. Бугун ҳам шундай.

Ҳозир ҳам отамнинг нигоҳларини жуда-жуда яқиндан ҳис қилиб тураман. Нимаики ўйламай ё бажармай, «бунга отам қандай муносабатда бўларди?», деган савол, албатта, онгимнинг бир четида қойим туради. Айнан мана шу хислат менга доим эзгуликка интилиб яшашда катта қувват бағишлайди.

– Шароф ота ҳаётда қандай инсон эди? Отангиз портретига қандай чизгилар берган бўлардингиз?

– Отам, том маънода, ўзбек бўлган: халқимизга мансуб барча фазилат унда мужассам эди. Бу доим юзида балқиб турарди – жуда файзли, фариштали инсон эди. Бирор марта бақириб гапиргани ё сўкинганини билмайман. Қийинчиликлар гирдобида катта бўлгани учун ҳаёт ва инсон қадрини жуда теран англарди.

1942 йили Иккинчи жаҳон урушида оғир ярадор бўлиб, юртга қайтган. Бир йилдан сўнг мен дунёга келганман.

Отам – оиламиз учун ҳамиша идеал инсон бўлган. Чунки кўз ўнгимизда ҳар томонлама юксалиб борди: газета муҳаррирлигидан республикамизнинг биринчи раҳбари даражасига кўтарилди, унинг онги, дунёқараши, маънавияти ҳам шунга мос юксалди. Қайси лавозимда ишламасин, ўзгармади – ўша-ўша самимийлигича қолди.

– Отангизнинг ўзига хос тарбия усуллари қандай бўлган?

– Оиламизда ёзилмаган, лекин қандайдир қатъий тизим бор эди. Отам бизнинг таълим-тарбиямиз ҳақида онамдан сўраб-суриштирарди. Дўстларимиз кимлиги, фанларни қандай ўзлаштиришимиз, нима китоблар ўқиётганимиз, уйга ким келиб-кетаётганигача қизиқарди. Сўнг ҳар биримиз билан кўнглимизга мос гаплашарди. Албатта, талабчан эди, бироқ жазолашга шошилмасди. Дейлик, фарзандларига бир нарсани қатъий буюрмас, балки таклиф сифатида айтарди. Фикрлашга ундарди. Биз уни бажонидил қўллаб-қувватлардик. Отам биздан хурсанд бўлиши, ғурурланиши учун барчасига тайёр эдик.

Онам Хурсандой ая жуда зиёли, ўқимишли, камтар, меҳрибон, оиласига садоқатли аёл эди. Гарчи олий маълумотли бўлса-да, у давлат ишидан кўра, оилани танлаган. Чунки оиламиз кичкина эмасди, фарзандлардан ташқари бошқа қариндошларимиз ҳам биз билан яшарди.

Кечки овқатдан сўнг отам онам билан анча гаплашиб ўтирарди. Бирга сайр қиларди. Бу суҳбатлар асосан оила, фарзанд-неваралар тарбияси, адабиёт, ҳаёт мазмуни ҳақида бўлган. Онам етим ўсгани учун отамга қаттиқ суянарди. Иккиси бир умр бир-бирини қўллаб-қувватлаб яшади. Агар мендан «Шароф Рашидов қандай қилиб бундай юксакликка эришган?», деб сўрашса, «аввало, оиласида барча нарса жойида бўлган, унинг ўзига муносиб оқила, доно ва гўзал рафиқаси бўлган», деб жавоб берардим.

– Отангиз Ўзбекистоннинг биринчи раҳбари бўлганда, сиз 16 ёшда эдингиз. Табиийки, бу вақт оралиғида Жиззах, Самарқанд ва Тошкент шаҳарларида кўчиб яшагансизлар, мактаблар, дўстлар ўзгариб турган.

– Бу борада оиламизда тушунмовчилик бўлмаган. Чунки онам бизни ҳамиша отамизга чексиз ҳурмат руҳида улғайтирган. Биласизми, отам Олий Кенгаш раиси, республика раҳбари бўлган пайтида ҳам мактабдаги ота-оналар мажлисига борарди. Ҳамиша шунга вақт топарди, ҳафсала қиларди.

– Қандай оилавий анъаналарингиз бўлган?

– Аввало, китобхонлик: каттагина оилавий кутубхонамиздан ташқари ҳар биримизнинг алоҳида шахсий кутубхонамиз бўлган. Отамнинг ижодхонасида ҳам, ётоқхонасида ҳам доим китоб бўларди. Янги чиққан бадиий асарларни талашиб ўқирдик, баҳслашардик, муҳокама қилардик.

Яна бир анъана: отам қайси лавозимда ишламасин, онам кечга яқин барчамизга энг оҳорли кийимларимизни кийдириб, отамни кутиб олишга тайёрларди. Ишдан чарчаб келган отамнинг кайфиятини кўтариш, уни хурсанд қилиш учун барчамиз ҳаракат қилардик. Отам уйга келиши билан байрам бўлиб кетарди.

Қароргоҳдаги мўъжаз кинотеатр ҳам эсимда қолган: янги кинофильмларни оилавий томоша қилардик. Сўнг отам ҳар биримиздан таассуротимизни, фикримизни сўрарди.

– Тарихимиздан маълум: давлат раҳбарлари келин олиш ё қизини турмушга узатишни давлат иши билан баравар қўйган. Шароф Рашидовнинг бу борада қандай қарашлари, қоидалари бўлган?

– Отам замонавий, шу билан бирга қадрият ва анъаналаримизга содиқ инсон эди. Қизларини турмушга узатишда, биринчи навбатда, ўз фикримизни инобатга олган. Асосан ўқимишли, зиёли оилалар билан қуда бўлган. Масалан, мен Ўзбекистонда фалсафа мактабига асос солган академик Иброҳим Мўминов оиласига келин бўлганман. Турмуш ўртоғим билан танишиб, оила қурганмиз. Ёки синглим Светлана ўз синфдошига турмушга чиққан. Дарвоқе, унинг ўғли – энг кичик жиянимнинг исми ҳам Шароф.

– Ҳукумат шифохонаси сартароши Мисрхай Яиров бир интервьюсида «Шароф Рашидов тўй-маърака ўтказса, менга ҳам таклифнома юборарди», деган. Шароф ота оддий сартарошга шундай илтифот кўрсатган бўлса, демак, у кибрини енгган инсон бўлган, деб ўйлайман.

– Ҳа, отам одамларнинг мансабига эмас, қалбига қараб муомала қиларди. Шу боис жуда кўп оддий одамлар билан яқин бўлган. Чунки улардаги самимият, оқкўнгилликни қадрлаган. Дейлик, оилавий архивимизда боғбон, ошпаз, қўриқчилар бирга тушган суратларимиз кўп. Уларни ҳамиша ўз оила аъзомиз деб билардик. Бу сурат марказида, албатта, отам бўларди.

– Шароф Рашидов авлодлари қайси касбларни танлади?

– Барчамиз илм-фан йўлидан кетдик. Сингилларим Дилором, Гулнора, Светлана, укам Илҳом фан номзоди бўлди. Бугун Шароф Рашидовнинг беш фарзандидан 9 невараси, 9 эвараси бор. Улар асосан тиббиёт, физика, иқтисод, экология, ҳуқуқшунослик каби йўналишларни танлади. Ораларида фан номзодлари анча, битта фан доктори бор.

Дарвоқе, докторлик диссертациямни ҳимоя қилган куним – 1983 йил октябрининг сўнгги кунларида Москвадан Урганчга қўнғироқ қилдим. Отам Хоразмда сафарда экан. Жуда хурсанд бўлди, бироқ фақат «раҳмат, қизим», дея олди, холос. Эртаси куни отамдан ажралиб қолдик.

– Ёзувчи Шароф Рашидовнинг ижодий лабораторияси борасида қандай хотираларингиз бор?

– Отам ёзувчи сифатида ҳам баракали ижод қилди. Асосан тонг пайти ва меҳнат таътилида ёзарди. Сабот билан ишларди. Қайта-қайта таҳрир қиларди. Уларда самимийлик, инсонга меҳр, муҳаббат ва садоқат мужассам.

Айниқса, «Кашмир қўшиғи» – Шароф Рашидовнинг қалб дафтари. Бир қадар ҳазин, умидбахш ва дилбар бу қўшиқ ҳали ҳам тиллардан тушгани йўқ, дилларга ўрнашган. Бу асар ҳақида атоқли адабиётшунос Ғайбулла ас-Салом пухта тадқиқотлар қилган. Ўйлайманки, бу асар ҳали яна чуқур ўрганилади.

Отам ўзи ижодкор бўлгани учун ёзувчиларни қадрларди, ёш ижодкорларни ҳимоя қиларди, қўллаб-қувватларди. Мумтоз адабиётни яхши биларди. Айниқса, Мирзо Бедилни кўп ўқирди. Унинг «Комде ва Мудан» достони асосида «Икки дил достони»ни ёзган.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг «Атоқли давлат арбоби ва ёзувчи Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллигини нишонлаш тўғрисида»ги қарорига кўра, адибнинг “Сайланма” китоби, Шароф Рашидов ҳаёти ва фаолиятига бағишланган “Халқимизнинг оташқалб фарзанди” номли хотира китоби нашрга тайёрланмоқда, ҳужжатли фильм яратиш, илмий конференция ўтказиш режалаштирилган, хотира тадбирлари ташкил этилмоқда. Буларнинг барчаси бир умр халқимиз, Ватанимиз учун хизмат қилган отамнинг меҳнатларини эл-юртимиз муносиб қадрлаётганининг исботидир.

Назаримда, отамдан катта бир уй мерос қолди. Унда асл ўзбекона фазилатлар – фидойилик, камтарлик, ҳалоллик, покизалик, ширинсуханлик камол топади. Халқимиз омон экан, бу уйнинг чироғи ҳеч қачон ўчмайди. Зеро, эл-юртимиз халқ учун ўз ҳаётини, бутун борлиғини бахшида қилган фарзандларини ҳамиша бошига кўтаради.

ЎзА мухбири Умид Ёқубов суҳбатлашди.

Мавзуга оид