Жамият | 19:31 / 01.05.2017
52719
3 дақиқада ўқилади

Болам ўқишга ўз кучи билан кирди!

Фото: УзА

Ие, кимнинг кучи билан кириши керак эди?

Ёз ҳам келиб қолди. Яқинда битирувчилар олий ўқув юртлари эшикларини қоқа бошлайдилар. Айниқса, ота-оналар учун энг ҳаяжонли дамлар бўлган тест синовлари яқинлашмоқда. Лекин тест синовларига ҳамма ҳам билимни асосий ва ягона қурол сифатида танлаб кириб бораяптими? Ёшларнинг, табиийки бутун миллатнинг келажагини белгилаб берувчи бу синов порахўрлик, қинғирлик, таъмагирликдан холи, деб айта оламизми?!

Дастлаб, 1993 йилда тест синовлари жорий қилинганида эски тартибдаги имтиҳонларга, яъниким таниш-билишчилигу узатишларга кўникиб қолганлар чув тушиб, ҳаққоний синовдан ўтган ўқишга қабул қилиндилар. Бу жараён кейинги йилларда ҳам давом этди. Аммо кўп ўтмай яна “йўлини қилишди”. Бошқанинг ўрнига киришлар, ёнидагига маълум ҳақ эвазига ечиб беришлар, шпаргалкалардан фойдаланишлар урчиди. Кейин телефон эраси бошланди. Уяли алоқанинг бу борада ҳам беминнат хизмат қилиши мумкинлиги тезда англаб етилди ва бор ҳаракат телефон олиб киришга қаратилди.

Ажойиб! Назорат кучайтирилгани сари гўё билим олишга эътибор кучаймай, қинғирликнинг янги усулларини топишга кўпроқ ҳаракат қилинаётгандай.

Янаям қизиғи йиғинларда, катта давраларда ва ҳатто телевизорга чиқиб “Менинг болам фалон институтга ўз кучи билан кирди!”, дея мақтаниш урф бўлди. Ўз кучи билан кирмай от кучи билан кириши керакмиди? Умуман энди талаба бўлган болангиз от кучи нималигини биладими ўзи?!

Тест синови олдидан турли-туман ҳожатбарорлар пайдо бўлади. Ҳар йили, ҳар ойда нечта ўртакашу, неча нафар “домулло” қўлга тушгани жар солинсада, улар сони ҳам аксинча ошиб бораётгандек. Чунки ҳар доим шундай бўлган: нимагаки талаб бор экан, албатта, таклиф ҳам пайдо бўлади.

Талабни эса ўзимиз, ўша тизимни ҳам ёмонлаб, ҳам эгри йўл топиб пул тиқиштиришга уринаётган сизу-биз яратяпмиз. Чунки бир нарсадан хавфсираймиз, биз қилмасак бошқалар шу усулни қўллайди ва бизнинг боламиз қолиб кетади. Жамият мана шу иллатга қарши жиддий курашмас экан мамлакат тараққиёти жиддий хавф остида қолади.

Аброр Зоҳидов 

Мавзуга оид