14:16 / 06.05.2017
66360

Тирик одам “бедарак кетган” бўлиши мумкинми: чироқчилик Иккинчи жаҳон уруши қатнашчисининг ўкинчи

Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва фахрийларига бўлган муносабат Ўзбекистон мустақилликка эришгач Биринчи Президентимиз Ислом Каримов томонидан кескин ўзгарди. Албатта, ижобий томонга. Ҳар йили “Хотира ва қадрлаш куни” муносабати билан улар учун янги қарорлар, фармонлар имзоланди, имкониятлар тақдим этилди. Айтиш мумкинки, бу хайрли ишлар Президент Шавкат Мирзиёев томонидан ҳам давом эттирилмоқда.

Аммо таҳририятимизга келиб тушган мурожаатлардан бири бир томондан жуда қайғули ва жуда ҳайратланарли. Унда тилга олинишича, Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманидан бўлган фуқаро 1941 йилда урушга кетади. Уруш тугагач, яна армия хизматида бўлади. Бу орада унинг оила аъзоларига унинг бедарак кетгани ҳақида мактуб келиб тушади. Вақт ҳамма нарсага даво. Бора-бора қариндошлар бу шум хабарга кўникиб қолишади. Кунлардан бир кун у уйга қайтиб келади ва шундан буён то бугунга қадар унинг исми барча ерда – Тошкент ва Қаршидаги Хотира майдонларидаги китобларда ҳам, ҳокимият ва бошқа ташкилотлар рўйхатида ҳам “бедарак йўқолган”лигича қолиб кетди. Қуйида бобонинг набираси томонидан таҳририятимизга йўлланган мактубни ҳавола этамиз.

“Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманидаги “Бешчашма” МПТ, Мирзатўп қишлоғида яшовчи Хидир бува Эшалиев 1926 йил туғилган. 1944 йил ҳарбий хизматга чақирилган. Ўша йилнинг 12 апрелидан собиқ иттифоқ армиясининг 125-зенит полки таркибида 1945 йилнинг 9 майига қадар немис-фашистларига қарши курашган. Ғалаба қўлга киритилгандан сўнг 1949 йилнинг 4 декабригача Қизил байроқли Болтиқ флоти таркибидаги 90648-сонли ҳарбий қисмда ўқчи вазифасида хизмат қилган. 

Лекин ўша даврнинг талотўпларида нимадир бўлиб, бедарак йўқолганлар рўйхатига кириб қолган. 1949 йил ҳарбий хизматдан қайтиб келиб, Чироқчи тумани ҳарбий бўлимидан рўйхатдан ўтган бўлса-да, бедарак йўқолганлар рўйхатида тураверган. Қаршидаги ва Тошкентдаги Хотира майдонида ҳамда Қашқадарё хотира китобида ҳам бедараклар рўйхатида турибди... 

Уни байрамларда, тантаналарда ҳеч ким йўқламайди. Чунки 1944 йил бедарак кетган деган хат келган. “Катталар”нинг кўзининг олдида 68 йилдан бери яшаб-ишлаб юрган бўлса ҳам бедарак. Чунки 44-йил шундай хат келган. Бобо ҳозир 91 ёшда. Буни қарангки, бедарак кетган деган одам қайтиб келса, яна 68 йил яшаса, уйланса, болали-чақали, невара-чеварали бўлса...ким ўзи у одам, деб сўрайдиган одам бўлмаса... 

Хидир бобонинг невараси Илҳом Эшалиев”.

Биз бобонинг набираси билан учрашдик. Унинг айтишича, Хидир бобо ўта камсуқум, юқоридаги ишларга шу пайтгача аҳамият бермай юрган, бир инсон сифатида ҳаёт кечирган инсонлардан бири. Аммо бобо кунлардан бир кун тўлқинланиб кетади, кўзига ёш олиб йиғлайди. “Ёшлигимнинг энг чиройли дамлари қон кечиб, жангларда ўтди. Бошимдан жуда кўп қийинчиликларни ўтказдим. Лекин ким ёки нима учун??? Мени ҳамон бедарак кетган деб юришибди. Биров ҳолимдан хабар олмайди. Менга мол-давлат керакмас, шу давлатим мени эсласин дейман”, ўкинади.

Бобонинг набираси Илҳом Эшалиев таҳририятимизга мурожаат қилиш билан бирга Президент виртуал қабулхонасига ҳам мурожаат қилади. Буни қарангки, бобони йўқлаб келишади. Унга совға улашишади (фотосуратлардаги қути). Аммо Илҳом Эшалиевнинг айтишича, гап совғада, аниқроғи, моддий манфаатда эмас. Ҳужжатларда ҳаммаси рисоладек бўлиши зарур. Унинг Чироқчи туман ҳокимияти ва бошқа мутасадди ташкилотларига қилган мурожаатлари самарасиз қолган. “2011 йил Президент девонига қилинган мурожаатдан сўнг уч-тўрт кун “югуриб” қолишганди. Лекин ҳеч нарса қилиб беришмади, ўшанда кўзбўямачилик бўлганди”, дейди бобонинг набираси Илҳом Эшалиев.

Назаримизда, бу масала марказида улкан мантиқсизлик ётибди. Бобонинг паспорти, ҳарбий гувоҳномаси, урушда олган медали бор, аммо у ҳамон “бедарак”. Хидир бобонинг қариндошлари томонидан Россия Федерациясига юборилган мурожаатга кўра, Россия ҳарбий қўмондонлиги Хидир Эшалиевни ҳақиқатда ҳам ўша йиллари урушда қатнашганини, ундан кейин яна ҳарбий хизматда бўлганини тасдиқлаган ва бу ҳақда зарур маълумотнома тақдим этган. Хуллас гаплар ана шунақа...

Ўзбек халқи кекса авлодни доим ардоқда, эътиборда тутиб келган, ҳурматини жойига қўйган. Халқ хизматида бўлган, олис ўтмиш йўлини босиб ўтган бундай кишиларни ҳеч ким дилини оғритишга ботинмаган, аксинча дуосини олишга интилган. Хидир бобо Эшалиевнинг бу муаммоси ҳал этилса, ҳам савоб бўларди, ҳам бир кишининг қадри тикланарди, ҳам ҳақиқат қарор топарди.

Сарвар Анвар ўғли
Кун.uz мухбири

Top