1944 йилда Нормандия қирғоқларига туширилган иттифоқчилар армияси немисларга қарши жангда ғалаба қозонади. Асир тушганлар орасида осиё миллатига мансуб аскарлар ҳам бор эди. Америкаликлар улардан бирини япон деб ўйлайди ва суратга олади. Бироқ асир япон эмас, корейс эди. Кейинчалик сурат эълон қилинганда корейснинг ўзаро душман бўлган Япония, СССР ва Германия армиялари сафида хизмат қилгани ва Францияга бориб қолгани ошкор бўлади.

Иккинчи жаҳон уруши Eр юзи бўйлаб кўплаб инсонлар ҳаётига таъсир кўрсатган. Миллионлаб инсонлар ҳалок бўлган, бошқалари ногиронга айланган. Ота-оналар фарзандларидан айрилган, болалар етим қолган.

Бу урушда ғаройиб саргузаштларга дуч келган инсонлар ҳам талайгина. Улардан бири корейс миллатига мансуб Ян Кёнжон ҳисобланади. Бу инсон урушга Узоқ Шарқда қўшилади ва уни Европа ғарбида тугатади.

Ян Кёнжоннинг машҳур бўлишига 1944 йилда олинган бир фотосурат сабаб бўлади. Ўша фотосуратда Ян ўзини асир олган америкалик аскарлар билан бирга тасвирланганди.

Суратнинг орқа томонига «япон асири америкалик зобитга исм-шарифини айтмоқда», деб ёзилган, бироқ «япон»нинг исм-шарифи кўрсатилмаган эди. Шу сабабли суратда ҳеч ким корейс миллатига мансуб аскар тасвирланганини билмас, барча уни Германия армиясида хизмат қилган япон деб ўйлайди.

Кейинчалик суратда япон эмас, корейс миллатига мансуб шахс тасвирлангани очиқланади. Бироз ўтиб унинг исм-шарифига ойдинлик киритилади. Шу тариқа Ян Кёнжон ҳақида бутун дунё хабар топади.

Ян Кёнжон ҳақидаги илк маълумотлар

1994 йилда америкалик тарихчи Стивен Э. Амброз ўзининг «Д» куни. 1944 йил 6 июн» китобида Нормандияда асирга олинган тўрт кореялик ҳарбий асирни эслаб ўтади.

Китобда ёзилишича, тўрт корейснинг барчаси Иккинчи жаҳон урушидан аввал Халхин-Голда японлар билан ўтган тўқнашувда совет аскарларига асирга тушади. Уруш бошлангач ГУЛагда сақланаётган корейслар немисларга қарши жангга юборилади.

1943 йилда Харков учун бўлган жангларда корейслар немислар томонидан асирга олинади ва иттифоқчиларга қарши жанг учун Францияга юборилади. Шу тариқа улар Нормандияда пайдо бўлишади.

«Юта» (Нормандиядаги иттифоқчи кучлар келиб тушган қирғоқ шундай аталмоқда) қирғоғида АҚШ қуролли кучларининг 101-ҳаво-десант дивизияси 506-парашют пиёда полки лейтенанти Роберт Брюер немис ҳарбийлари формасида бўлган тўрт нафар осиёликни қўлга олди. Маълум бўлишича, уларнинг барчаси корейслар экан. Корейслар қандай қилиб Ҳитлер армияси сафида пайдо бўлиб қолди? Афтидан, улар 1938 йилда Япония армиясига чақирилган (Корея ўша пайтда Япония мустамлакаси эди). 1939 йилда улар чегара ҳудуддаги жангларда советларга асирга тушиб, қизил армия сафида хизмат қилган. 1941 йил декабр ойида Москва яқинида немис ҳарбийлари томонидан асирга олинган ва бироз ўтиб немис аскарлари сифатида Францияга юборилган. (Лейтенант Брюер корейсларнинг кейинги тақдиридан бехабар қолган. Агар Кореяга кетган бўлишса, улар 1950 йилда Корея яриморолида бошланган фуқаролар урушида Жанубий ёки Шимолий Корея армиясига хизматга чақирилган бўлишлари ва америкаликлар томонидан ёки уларга қарши урушган бўлишлари мумкин. 20-асрда одамлар мана шундай ғалати тақдирларга дуч келдилар)»