19:00 / 10.05.2017
31603

Андижонда инсулин ишлаб чиқарувчи корхона барпо этилмоқда

Президент Шавкат Мирзиёевнинг «Республика фармацевтика саноатини жадаллик билан ривожлантириш учун қулай шароитлар яратиш бўйича чоралар тўғрисида»ги қарорида тиббиёт воситалари ишлаб чиқарувчилар учун жуда кенг имкониятлар берилди. Ана шу имкониятлардан фойдаланган ҳолда Андижон вилоятидаги “ZAMIN BIO HEALTH” жамияти тиббиёт воситаларини ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ҳамда инвестиция киритиш борасида кенг кўламли ишларни амалга оширмоқда.

Андижон вилоятининг Андижон туманида жойлашган Хартум қишлоғи томон йўлга чиқдим. Бобур массиви деб аталувчи жойда қурилиш ва йиғиш ишлари авжида. Мени “ZAMIN BIO HEALTH” жамияти раҳбарларидан бири, фармацевтика соҳасида 30 йиллик тажрибага эга Собиржон Низомов кутиб олди. 

Лойиҳага тўхталсам: “ZAMIN BIO HEALTH” жамияти томонидан амалга оширилаётган лойиҳа бўйича қандли диабет касаллиги билан оғриган беморлар учун 6 хил турдаги инсулин дори воситалари ишлаб чиқаришга мўлжалланган фармацевтик корхона бунёд этилади. Ушбу корхона Марказий Осиёда ягона ҳисобланиб, бир йилда 10 миллион флакон инсулин дори воситалари ишлаб чиқариш қувватига эга. Ушбу кўрсаткич Ўзбекистон ҳудудида мазкур дорига бўлган талабни тўла таъминлаган ҳолда, йилига 5 миллион флакон эскпорт қилиш имкониятини беради. 

Собиржон ака билан суҳбат давомида лойиҳани амалга ошириш жараёни билан танишдик. Жамият вакиллари мураккаб ва муҳим ишга қўл уришдан аввал дунёнинг фармацевтик соҳаларида етакчи бўлган мутахассислари билан учрашувлар ўтказиб, инсулин ишлаб чиқариш жараёни билан тўлиқ танишиб чиқишганини маълум қилдилар Уларнинг Франция, Россия, Ҳиндистон БАА ва Хитой сингари соҳада катта ютуқларга эришган давлатларда бўлиб, иш ўрганганлари таҳсинга лойиқ. Инсулинни Европа тажрибаси асосида ишлаб чиқаришни режалаштиришган. 

“Республикамизда ишлаб чиқарилган дори воситалари жаҳон стандартларига тўғри келганидагина экспорт салоҳияти ортиши мумкин. Аввало, мамлакатимиздаги беморларга сифатли дори воситалари етказиб бериш асосий мақсадимиздир”, - дейди Собиржон Низомов. “Узоқ изланишлардан сўнг лойиҳани вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмоновга тақдим қилдик. Ҳокимимиз ҳар томонлама ёрдам беришини айтганида роса қувондик. У кишининг яқиндан берган кўмаги билан корхона учун ер майдони ажратилиб, қурилиш ва йиғиш ишлари бошланди. Шуҳратбек Абдураҳмоновнинг ўзи қурилиш ишларини боришига бош-қош бўлиб турибди. Насиб қилса, шу йил Мустақиллик байрами арафасида корхонамизнинг барча линиялари ишга тушади”, деб сўзида давом этди жамият раҳбари. 

Республика Соғлиқни сақлаш вазирлиги, “Ўзфармсаноат” ДАК ва бошқа мутасадди ташкилотлар корхонани ишга туширишга яқиндан ёрдам бермоқдалар.

Корхонанинг қурилиш ишларига 4 миллиард сўм сарфланади. Ускуналарга эса 2 миллион 950 минг АҚШ долларида Ҳитой давлатининг йирик корхоналари билан шартномалар имзоланган. Корхона тўлиқ куч билан ишга тушгач, давлатимиз томонидан чет элдан йилига 5 миллион АҚШ доллар миқдорида келтирилаётган дори воситасига муҳтожлик сезилмайди.

Насиб қилса, яқин ойлар ичида корхонанинг очилиш маросимидан мақола тайёрлашни мақсад қилдик.     

Kun.uz мухбири Элмурод Эрматов, Андижон

Top