Жаҳон | 23:03 / 12.05.2017
5894
4 дақиқада ўқилади

ШҲТга аъзо мамлакатларнинг етакчи экспертлари билан суҳбат

Фото: РИА "Новости"

2017 йил 11-12 май кунлари Тошкентда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Форумининг ўн иккинчи мажлиси бўлиб ўтди. Тадбир давомида ЎзА мухбири Нодира Манзурова ШҲТга аъзо давлатларнинг етакчи илмий-тадқиқот марказлари экспертлари билан суҳбатлашди.

Ли Синь, Шанхай халқаро тадқиқотлар академияси ҳузуридаги Россия ва Марказий Осиё маркази директори (Хитой):

“Хитой, Ўзбекистон, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистонни бирлаштирган ШҲТ яқин вақтда Ҳиндистон ва Покистонни ҳам ўз таркибига олиб, янада йирик халқаро ташкилотга айланади. Ҳиндистон ва Покистоннинг ташкилотга қўшилиши ШҲТ учун таъсир доирасини кенгайтириш, аҳоли сонининг кўпайиши ва иқтисодий қудратнинг юксалишини англатади, халқаро муносабатларда ташкилотнинг ўрни ва ролини ошириш, тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлашда фаол иштирок этишига кўмаклашади. ШҲТнинг кенгайиши, айниқса, “Бир макон, бир йўл” ташаббуси доирасида минтақавий иқтисодий ҳамкорликни рағбатлантиришга туртки бўлади. Ўзбекистон бундан буён ҳам ШҲТ доирасида долзарб масалаларни муҳокама қилишда фаол иштирок этиб, минтақавий ва глобал муаммоларни ҳал этишга муносиб ҳисса қўшади”. 
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёвнинг 11-13 май кунлари Хитойга илк давлат ташрифи ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантиришга хизмат қилади”.

Фарамарз Таманна, Афғонистон Ташқи ишлар вазирлигининг Стратегик тадқиқотлар маркази директори:

“Ўзбекистон Афғонистоннинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётини қайта тиклашга ёрдам бераётган, турли ижтимоий-иқтисодий лойиҳаларни амалга оширишда фаол иштирок этаётган муҳим давлат ва ишончли шерикдир. Афғонистон Ўзбекистон асосий роль ўйнаётган улкан минтақамизнинг бир қисми ҳисобланади. Ўтган йиллар давомида Ўзбекистон халқимизга елкадош бўлди, Афғонистон муаммосини ҳал этиш, терроризм, экстремизм ва наркотрафикка қарши курашиш бўйича муҳим ташаббусларни илгари сурди. Ўзбекистондек ишончли қўшнимиз борлиги билан фахрланамиз”.

Фарида Мўминова, Тожикистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик тадқиқотлар маркази директорининг ўринбосари:

“Тожикистон билан Ўзбекистон яқин қўшнилардир. Халқларимиз маданияти ва анъаналари чамбарчас боғланган. Ҳамкорлигимизни барча жабҳаларда комплекс ривожлантириш жуда муҳим. Тожикистон ва Ўзбекистон иқтисодиёт соҳасидаги муносабатларни янада мустаҳкамлаш учун улкан имкониятларга эга. Мамлакатларимиз транспорт коммуникациялари харажатларининг пастлиги ишлаб чиқариш кооперацияси ва инвестицион ҳамкорликни янада ривожлантириш имкониятини яратади. Буларнинг барчаси мамлакатларимиз олдида турган стратегик вазифаларни ҳал этишда муҳим омил бўлади”.

Ҳолид Тимур Акром, Глобал ва стратегик тадқиқотлар маркази директори (Покистон):

“Покистон тадқиқот марказлари вакиллари ШҲТ Форуми мажлисида илк бор иштирок этгани қувонарлидир. Ўзбекистон Марказий Осиёдаги муҳим давлат ҳисобланади. Мамлакатингизнинг улкан иқтисодий салоҳияти, геостратегик жойлашуви ва инфратузилманинг ривожлангани Покистон учун ҳам муҳим аҳамиятга эга. Ўзбекистонда етиштирилаётган, мазаси ва сифати билан ажралиб турадиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари Покистонда ҳам харидоргир. Бундан ташқари, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган саноат ва қурилиш материалларига ҳам талаб катта. Ушбу маҳсулотларни Покистонга етказиб бериш ҳажмини ошириш тўғрисида битимлар имзолаш муҳим, деб биламан”.

Мавзуга оид