Жаҳон | 10:20 / 14.05.2017
5823
2 дақиқада ўқилади

АҚШда ҳамширани гаровга олган маҳбус бартараф этилди

Фото: Twitter/@ChrisHushNBC

АҚШнинг Иллинойс штатидаги Женива шаҳридаги шифохонада маҳбус томондан бир неча соат гаровда ушлаб турилган ҳамшира озод этилди. Маҳбус бир неча соат давом этган музокаралар фойда бермагач, тезкор гуруҳ ходимлари томондан ўлдирилди, деб хабар бермоқда ABC7 телеканали.

Кейн округидаги турмада сақланувчи ва Делнор шифохонасида даволанаётган маҳбус унга бириктириб қўйилган полициячининг қуролини қўлга киритишга муваффақ бўлиб, шифохона ҳамшираларидан бирини гаровга олган. Шу туфайли шифохонанинг қабулхонаси ёпиб қўйилган, воқеа жойига тезкор гуруҳ етиб келган. Шифохонадаги беморларни эвакуация қилишга ҳожат йўқ, деб қарор қилинган.

Бартараф этилган 22 ёшли Тауон Солтерс исмли маҳбус машина ўғирлагани учун икки ойлик қамоқ муддатини ўтаётган бўлган. У шифохонага 8 май куни келтирилган ва алоҳида палатада назорат остида даволанган.

Фото: Twitter/@WGNRadioNews

Ҳамшира воқеа оқибатида жиддий жароҳат олмаган ва ҳозирда оиласи билан қолмоқда. Таъкидланишича, шифохона қабулхонаси ва тез ёрдам хизмати тез орада яна меъёрдагидек ишлай бошлайди.

Мавзуга оид