Ўзбекистон | 18:20 / 15.05.2017
80247
3 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Пекинда давлат раҳбарлари йиғилишида нималарни гапирди?

Фото: ЎзА

15 май куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев «Бир макон — бир йўл» халқаро форуми доирасида ўтказилган давра суҳбати учрашувда нутқ сўзлади. Президент ўз нутқида «Бир макон — бир йўл» концепциясини аниқ дастур ва лойиҳалар билан тўлдириш муҳимлигига урғу қаратди. Давлат раҳбари сўзлари президент матбуот хизмати томонидан келтирилган.

«Минтақада транспорт, савдо, инвестициялар, энергетика ва юқори технологиялар соҳасидаги йирик лойиҳалар амалга оширилиши учун ҳудуд бойликлари, ишлаб чиқариш ва инсон ресурслари қўл келади», — дейди Ўзбекистон президенти.

Унинг сўзларига кўра, яна бир муҳим масала Марказий Осиёни Россия ҳамда Хитой орқали Европа ҳамда Жанубий, Жанубий-Шарқий Осиё мамлакатлари билан боғловчи транспорт-логистика маршрутларини тузиш бўйича ҳамкорлик дастурини ишлаб чиқиш ҳисобланади.

«Бизнингча, «Бир макон, бир йўл» транспорт йўлаги тармоғини «Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон-Афғонистон» темир йўл магистрали билан бирлаштириш ва Ҳинд океанидаги Покистон ҳамда Эрон портларига чиқиш мумкин бўлади», — дея қайд этган давлат раҳбари.

Президент транспорт-коммуникациялар йўлагини ривожлантириш билан бир қаторда юқори технологиялар соҳасидаги ҳамкорлик лойиҳаларини амалга ошириш бўйича иш олиб бориш кераклигини таъкидлаган.

«Бизнинг умумий мақсадимиз «Ипак йўли иқтисодий минтақаси» линияси бўйича бирлашган саноат технопарклари, илмий-инновацион кластерлар ва эркин иқтисодий ҳудудлар ташкил этиш бўлиши керак деб ҳисоблайман. Биз шу мақсадда бундай лойиҳаларни амалга оширишнинг самарали механизмларини ишлаб чиқишда биргаликда ҳаракат қилишни таклиф этамиз», — дея қайд этган президент.

Ўзбекистон раҳбари фикрига кўра, «Ипак йўли иқтисодий минтақаси» ташаббусининг самарали ҳолда ҳаётга татбиқ этилишига эришиш учун «ҳар қандай йўл билан бизнес ҳамжамиятлари ўртасида тўғридан-тўғри мулоқотни рағбатлантириш» талаб этилади.

Унинг қўшимча қилишича, «Ипак йўли иқтисодий минтақаси» ташаббуси нафақат иқтисодий ҳамкорликни кенгайтиришга, балки «ўзаро маданий-гуманитар алоқаларни мустаҳкамлашга, туризм соҳасидаги улкан имкониятлардан фаол фойдаланишга» қаратилиши керак.

«Қайта тикланаётган Буюк Ипак йўли бўйлаб минг йиллик бой маданий тарихга эга Самарқанд, Бухоро ва Хива каби шаҳарлар жойлашган», — деган Ўзбекистон президенти.

Шавкат Мирзиёев ХХР раиси Си Жинпингнинг ташаббуси билан ташкил қилинган халқаро форум аҳамияти  ҳақида фикр билдирган.

«Ишонаманки, сайёранинг 60 фоиз аҳолиси яшайдиган ҳудудни қамраган бу улкан лойиҳанинг амалга оширилиши мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорликни, халқларимиз фаровонлиги таъминланишига ёрдам беради», — деган Шавкат Мирзиёев.

Мавзуга оид