21:16 / 23.05.2017
59998

Россия вазири: Шавкат Мирзиёев мени ҳайратга солди

Фото: ЎзА

Шавкат Мирзиёев 23 май куни мамлакатимизга амалий ташриф билан келган Россия Федерацияси ички ишлар вазири Владимир Колокольцевни қабул қилди. 

"Ўзбекистон Республикаси билан Россия Федерацияси ўртасидаги ҳамкорлик кенг кўлам касб этган. Мамлакатларимизнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралари ўртасида ҳам яқин алоқалар йўлга қўйилган. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил апрель ойида Россия Федерациясига давлат ташрифи барча даражадаги ҳамкорликни янги босқичга кўтарди. Ички ишлар вазирликлари ўртасидаги алоқалар ҳам янада мустаҳкамланмоқда", дейилган ЎзА хабарида

Россия Федерацияси ички ишлар вазири Владимир Колокольцев ташрифи доирасида ўтказилган учрашувлар ҳақида агентлик мухбирига интервью берган 

– Ўзбекистон Республикаси Президенти билан учрашув жуда мазмунли бўлди. Шавкат Мирзиёевнинг ҳуқуқ-тартибот тизими ва соҳа ходимлари фаолиятини чуқур билиши мени ҳайратга солди. 

Ўзбекистонда жамоат тартибини сақлаш, тинчлик-осойишталикни мустаҳкамлашга қаратилаётган эътибор, соҳа ходимларига яратилган шароитлар билан танишдик. Тизимда амалга оширилаётган ислоҳотлар бизда катта таассурот қолдирди. Россия ҳуқуқ-тартибот органлари фаолиятига татбиқ этиш мумкин бўлган жиҳатларни белгилаб олдик. 

Учрашувда ички ишлар органлари фаолиятининг асосий мезони жамоатчилик фикри бўлиши зарурлиги таъкидланди. Бу жуда тўғри фикр. Тизим ходимлари фақат ҳисобот ёки статистика маълумотларига асосланиб хотиржамликка берилиши мумкин эмас. Уларнинг иши натижасини одамлар сезмагунча ҳуқуқ-тартибот органлари фаолиятини самарали, деб бўлмайди. 

Бугун имзоланган Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги билан Россия Федерацияси Ички ишлар вазирлиги ўртасида 2017-2018 йилларга мўлжалланган ҳамкорликка оид ҳужжатни амалий мазмун билан тўлдириб борамиз. 

Top